Бугун арафа! Муборак кунлардан бири. Бутун дунё аҳли диёнат ва бағрикенгликни кўрсатади. Бизда арафа ўзбекчилик билан яхши маънода қоришиб кетган. Қўшниларнинг ош чиқариши, ширинлик улашиши...
Бу ёқимли ҳисларни келгуси авлодгача етказишни исташимиз табиий. Ўзбекистонда замонавий ёшлар авлоди етишиб чиқмоқда.
Фаол, кўплаб ютуқларга эришаётган минглаб ёшлар бор. Фан-таълим, маданият, спорт соҳасида ҳар куни янги чўққилар, марралар забт этилмоқда. Жумладан, бугун Индонезиянинг Жакарта шаҳрида бўлиб ўтаётган Осиё ўйинларида ёшларимиз ўзларининг маҳоратини намоён этиб, халқимизни хушнуд этмоқда.
Аммо, ҳар бир йигит-қиз ҳам ўзбекона тарбия остида, катталарга ҳурматда, кичикларга иззатда бўляпти дея олмаймиз. Оддийгина айтганда, одоб билан салом бериш, йўл бўшатиш ёки тавозе билан чой қуйишни билмайдиган ёшлар ҳам учраб туради.
Ўзбекистон ёшлари! Бу муқаддас кунлар шукуҳидан унумли фойдаланинг! Дунё ҳою-ҳавасларидан бироз чекининг, ижтимоий тармоқлар 3 кун сизсиз ҳам ишлайверади. Ўрнингиздан туринг ва ота-онангиз, яқинларингиз, қўни-қўшниларингиз, устозларингиз ва дўстларингизни йўқланг. Яхшиликлар қилинг! Савоб иш қилинг! Шунда келгуси йўлингиз мунаввар, қалбингиз осуда бўлади.
Ийди Қурбон ҳайити муборак бўлсин!






