Жамиятдами, оиладами қаерда бўлмайлик бизга ёкмайдиган иш содир бўлса, бош айбдорни қидириш одат бўлиб қолган. Айбдорни топдик ҳам дейлик. Хўш ундан кейин нима бўлади? Ҳа, тўғри топдингиз. Қўлимизга қандай қурол бўлмасин унга отишга ҳаракат қиламиз. Айбдор эса индамай ерга тикилганча айбини қандай тўғрилаш йўлларини қидиради. Хатони качон бошлаганини эслашга ҳаракат қилади...
...Ҳаммаси ўша кундан бошланди. Ўрта мактабни тугатди. Кейин коллежга кирди. Албатта ўзи хоҳламаган коллежга. Ота-онаси шуни хоҳлашди. Шу коллежда отасининг яқин таниши бормиш. У билан бемалол тил топишса бўлармиш. Хуллас уч йил ўтиб кетди. Муаммонинг каттаси энди бошланди. Институтга ҳаракат қилиш керак. Ҳаракат деганда нимани тушундингиз? Тайёргарликни-ю китоб ўқишними? Тополмадингиз! Она билан ота “тайёргарлик” кўришди аслида. Ота-она яхши “тайёргарлик” кўришибди шекилли, талаба бўлиш бахтига муяссар бўлди. Лекин яна ўзи хоҳламаган олийгоҳга. Қайси олийгоҳ дейсизми? Ҳа ўша муаллимлар тайёрлайдиган олийгоҳга! Чунки ўқитувчилик жааа унақа масъулият талаб қилинмайдиган касбмиш. 30-40 та болани амаллаб 45 дақиқа ушлаб турса марра уники! Берилиб дарс ўтиш шартмас. Берилиб, жонини жабборга бериб ўтолмайдиям. Чунки ўқитувчилик касбини азалдан ёктирмайди. Нима бўлсаям олий маълумотлилик ҳужжатини олса бўлди эмиш.
Кўз очиб-юмгунча 4 йил ўтиб кетди. Энди ишлаш керак. Ота-она уйига яқинроқ мактабга ишга жойлаштириб қўйишди. Ана энди у она тили ва адабиёти ўқитувчиси. Унга ёш кадр бўлгани учун 5-6 синфлардан дарс беришди. Яхши бўлди, уларни эплаш осон. Бошланғичдан чиққан. Қўрқоқроқ, ширин гапнинг гадоси бўлишади.Амаллаб дарсини ўтди. Ўқитувчилик унчалик қийин касбмаскан. Вазифа бериб қўясанбўлди. Ёзиииб ўтирадиган вазифа берсанг 45 минут ғиз этиб ўтиб кетади. Кўникиб қолди. Яхшиям дарслик бор экан. 4-та машқни бериб қўйсанг, бир соат утди-кетди. Лекин ҳамма бола ҳам бир хилмаскан. Савол беравериб хит қиворади. Бунақалардан ҳар бир синфда 3-4 та бўларкан. Шунақанги саволлар беришадики, унга жавоб беришинг учун камида бир кун тайёргарлик кўришинг керак. Униям йўлини топди: Маҳмадоналик қилмасдан вазифани бажар дейди. Унгаям кўнмаса, яхши йўли бор – дафтарини бошдан оёқ текшириб чиқиш керак. Хато қилмайдиган бола бормикан. Хатосини қизил ручка билан белгилаб ўзига кўрсатиб қўйиш керак. Шунда жим ўтиради. Қўрқадиган битта нарсаси бор. Тўсатдан бостириб келадиган текширувлар! Уни ҳам йўли топилди. Текширувчи дегани сени дарсингни кузатиб ўтирмаскан. Ҳужжатларингни сўраркан. Ҳаммасини кўрсатсанг бўлди, ишлар беш! Боларнинг баҳоси ҳам беш бўлиб кетди. Ким овоз чиқармасдан жииим ўтириб ёзиб ўтирса, иккита беш деб ваъда берса бўлса экан, синф жим-жит бўлиб қолади.
...Айбдорнинг кимлигини топдингизми? Хўш ким айбдор экан, болаларнинг аксарият қисми мактабдаги дарсларни қизиқмаслигига. Устоз дейсизми? Тўғри, чунки хатони қилган устоз қаршингизда турибди. 90 фоиз одам ўқитувчини айбдор қиляпти. Агар биз жамиятдаги мана шунга ўхшаган иллатларни бир дарахт деб билсак, ўша фанининг моҳиятини англаб етмаётган баъзи бир шарафли касбнинг ичидаги “курмак”лар мана шу дарахтнинг бир мевасидир. Мевани териб ташлаганингиз билан у кейинги йил яна ҳосилини бераверади. Биз бу “дарахт”нингшохини бутаб қўйяпмиз холос. Дарахтнинг илдизи эса ҳеч кимга кўринмай озуқасини олиб гуркираб “мева”сини бериб келяпти.
Робиябону Нуралиева






