Ўзбекистон телевидениеси орқали намойиш этиб келинаётган “Заковат” интеллектуал телеўйини ташкил этилганига 17 йилдан ошди. Кўрсатув бошловчиси Абдурасул Аблуллаев эса, 60 ёшга тўлди.
Ўтган давр мобайнида бу кўрсатув минглаб, миллионлаб телетомошабинлар эътиборини жалб этди, мухлислар қалбига йўл топа олди. Энг муҳими, кўрсатув ташкил этилганидан бери ўнлаб истеъдодли, билимдон ёшларни кашф этди. Бир сўз билан айтганда, “Заковат” ўзбек ёшларининг билим ва тафаккурда ҳеч кимдан кам эмаслигини ва кам бўлмаслигини амалда намойиш эта олди.
“Заковат”нинг бошловчиси ва муаллифи Абдурасул Абдуллаев ҳамон ушбу кўрсатувнинг савиясини кўтариш, томошабинлар аудиторияси ва билимдонлар сафини кенгайтириш устида тинимсиз изланишда.
— “Заковат” қамрови тобора кенгайиб бораётганидан мен ҳам жуда хурсандман, - деган Абдурасул ака суҳбатлардан бирида. – Бугун нафақат пойтахтда, балки вилоятларда, олий ўқув юртларида, коллеж ва лицейларда, меҳнат жамоаларида ҳам билимдон ёшларнинг клублари фаолият кўрсатяпти. Маҳаллий телеканаллар орқали “Заковат” кўринишидаги кўрсатувлар намойиш этилмоқда. Жамоалар сони ҳам мамлакатимизнинг турли ҳудудларидан келаётган йигит-қизлар ҳисобидан кўпайиб бораётир. Айни пайтда “Заковат” юртимиздаги барча жамоалар учун асосий марказ, маҳорат ва тажриба мактаби вазифасини ўтамоқда.
Абдурасул Абдуллаев 33 йилдирки, Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси тизимида фаолият юритиб келади. Даставвал радиода сухандон амалиётчиси лавозимида иш бошлаган Абдурасул Абдуллаев олий тоифали сухандон даражасигача етиб борди.1996 йилда телевидениеда муҳаррир сифатида ўз фаолиятини давом эттирди. У нафақат радио, балки телевидение соҳасида ҳам қанчалик билим ва салоҳиятга эга эканини амалда исботлади. Бир қатор ахборот таҳлилий кўрсатувлар, лавҳалар, репортаж ва интервьюлар тайёрлаб, мамлакатимизнинг турли ҳудудларида яшаётган ҳамюртларимизнинг ҳаёт тарзи, орзу ва интилишлари, қувонч ва ташвишларини ёритишга ҳаракат қилди.
1998 йилда Ўзбекистон телевиденияси таркибида “Ёшлар” телеканали ташкил этилгач, А.Абдуллаев мазкур телеканалнинг бўлим бошлиғи этиб тайинланди. Ёшларга оид давлат сиёсатини тарғиб этишда ўзининг янги-янги таклифлари ва ғоялари билан иштирок этиб келди. Жумладан, “Ҳудуд” номли кўрсатув ташкил қилиб, мамлакатимизнинг элликдан ортиқ туман ва шаҳарлари ҳақида кўрсатувлар, телеочерклар тайёрлади.
Абдурасул Абдуллаевнинг ижодий фаолиятида “Заковат” интеллектуал телеўйинининг ташкил этилиши алоҳида саҳифа очди. А.Абдуллаев ушбу кўрсатув ғояси устида узоқ вақт бош қотирди. У Россия телеканаллари орқали намойиш этиб келинаётган “Что? Где? Когда?” телеўйинининг ўзбекона талқинини яратиш устида узоқ вақт изланди. Мазкур кўрсатув учун мамлакатимизнинг изланувчан, билимли, истеъдодли ёшларини саралаб, бир қанча жамоаларни шакллантирди.
2001 йилнинг Наврўз байрами арафасида “Заковат” интеллектуал телеўйинининг дастлабки сони эфир юзини кўрди. Мазкур кўрсатув эфирга узатилиши билан миллионлаб томошабинларнинг меҳрини қозонди. Кўрсатув узатилгач, ҳар ҳафта телевидениега минглаб хатлар жўнатилди. Ўз мантиқий саволлари билан иштирок этишни истаган томошабинлар сафи тобора ошиб бораверди.
Вақт ўтгани сайин телеўйинда иштирок этишни истовчи ёшлар ҳам кўпайди. Бир йил ичида ўнлаб жамоалар шаклланди. Кейинчалик йил давомида ушбу жамоалар орасида рейтинг тизими жорий этилиб, йил сўнггида битта жамоанинг ғалабасини таъминлайдиган турнирлар ўтказиш йўлга қўйилди. Бундан ташқари ҳудудлардан сараланган жамоалар ўртасида фестиваллар ўтказиш, уларда ғалаба қозонган жамоаларни экран ўйинларига жалб этиш йўлга қўйилди.
Ўтган 17 йилдан ортиқ вақт мобайнида “Заковат” жамоалари иштирокидаги 500 дан ортиқ ўйинлар ёзиб олинди ва эфирга узатилди. Ушбу ўйинларда 5000 дан ортиқ саволлар ўйналди. Мазкур телеўйинлар тезда томошабинлар қалбини забт этди. Билимдонлар орасидан ўнлаб истеъдодли ёшлар томошабинлар меҳрини қозонди.
А.Абдуллаев бу кўрсатувни “Что? Где? Когда” (ЧГК) телеклубининг айнан такрори бўлиб қолишига йўл қўймади. Гарчи “ЧГК” клубининг доимий аъзосига айланиб, ушбу клуб томонидан белгиланган меъёрлар асосий ҳаракат қилинишига қарамай, “Заковат” бугунги кунда миллий кўрсатувлар қаторидан жой олди. Ўз таъбири билан айтганда у “ўзбек ёшлари ҳам худди “ЧГК” клуби аъзолари сингари билимдон, истеъдодли ва интилувчан эканини” амалга кўрсата олди.
Абдурасул Абдуллаев ушбу телекўрсатувларда ўйнаган ва ўйналмаган, телетомошабинлар томонидан йўлланган саволларни жамлаб “Заковат тақдим этади”, “Дақиқа қадри-1”, “Дақиқа қадри-2”, “Дақиқа қадри-3” китобларини ўқувчилар эътиборига ҳавола этди. Минглаб нусхаларда чоп этилган ушбу китоблар қисқа вақтда сотилиб кетди.
Одатда телевидение тарихида икки-уч йилдан ортиқ давом этадиган кўрсатувлар саноқли бўлади. Томошабин ҳар доим янгиликка ўч бўлади. Шу боис кўп кўрсатувлар вақт ўтиши билан томошабиннинг меъдасига тегади. Аммо, “Заковат” 17 йилдирки ҳамон томошабинлар томонидан катта қизиқиш ва иштиёқ билан қарши олинади. Таъкидлаш ўринлики, “Заковат” телеклуби орқали элга танилган ёшлар орасидан бугунги кунда таниқли олимлар, сиёсатчилар, ҳуқуқшунослар, педагоглар, журналистлар, ёзувчи ва таржимонлар етишиб чиқмоқда.
А.Абдуллаев бу кўрсатувни мунтазам равишда ривожлантиришга интилиб келмоқда. Бугун “Заковат”га савол йўлловчи томошаниблар географияси ҳам кенгайиб бораётир. Айни пайтда мамлакатимиздан ташқари, қўшни мамлакатлар, шунингдек Россия. Украина, Беларусь, АҚШ, Жанубий Корея, Буюк Британия, Озарбойжон сингари давлатлардан саволлар юборилмоқда. Эътиборлиси, уларнинг аксарияти ўзбеклар эмас, бошқа миллат вакилларидир. Бу ўзбек билимдонлари иштирокидаги “Заковат” телеўйини бошқа халқ ва миллат вакилларининг эътиборини тортаётганидан далолатдир.
Бугун “Заковат” интеллектуал телеклуби қирқдан ортиқ турли жамоаларни ўзида бирлаштирган. Мазкур жамоалар иштирокида ҳар ҳафта махсус рейтинг ўйинлари ўтказилади. Улар орасидан ёш, навқирон, чиниққан янги жамоалар саралаб олинади.
Абдурасул Абдуллаев биргина “Заковат” телеўйинини ташкил этиш билан чекланиб қолгани йўқ. Ўтган йиллар давомида “Интеллектуал ринг”, “Брейн-ринг”, “Билимдон” сингари кўрсатувлар ҳам ташкил этилиб, унда ёш билимдонларнинг иштироки таъминланди.
2018 йилдан бошлаб, А.Абдуллаев ташаббуси билан янги “Урфон-шоу” дастури ташкил қилинди. Бугунги кунда мамлакатимиз раҳбарининг китобхонликни янада тарғиб этишга қаратилган ташаббуслари катта тўртки бўлди. Мазкур кўрсатув ҳам ёшларимиз орасида ўткир билим ва теран ақл эгаларини танлаб олиш ва рағбатлантиришда катта аҳамият касб этаётир.
Абдурасул Абдуллаевни ёш авлод таълим-тарбиясига, унинг маънавий камолотига қаратилган эзгу хизматлари ҳукуматимиз эътиборидан четда қолаётгани йўқ. У 2009 йилда Ўзбекистон Республикаси Президентининг Фармонига кўра “Меҳнат шуҳрати” ордени билан мукофотланган.
Биз, “Заковат” кўрсатувининг барча мухлислари номидан Абдурасул Абдуллаевни самимий муборакбод этамиз.