Инсон учун, қолаверса, дунёдаги жамики жонзод учун озодликдан кўра қадрлироқ нарса йўқ дунёда. Қафасга солсанг қуш ҳам, йиртқич йўлбарсу бир чимдим жони бўлган ҳашарот ҳам талвасага тушиб, ўзини қафаснинг тўрт деворига ура бошлайди.
Жоннинг жисмдан ташқарида ватани бўлмаганидек, ақли- расо одамнинг туғилиб ўсган, тупроғидан, дов-дарахтларидан, бетакророна табиатдан қувват, ноз-неъматларидан озиқ олган Ватанидан ўзга ватан бўлмайди.
Инсонда Ватан битта бўлади. Ватан бу ҳаётимиздаги ҳамма нарса, умримизнинг мазмуни, ҳаётимизнинг маъни ва маъносидир. Ватан, бу – сархил ифорлари билан дилингни сархуш қилган меҳр сарчашмаси, димоғингга ором берган турфа гуллару боғ-роғлар, оёғингга чирмашиб санчилган тиканлар, ғижир-ғижир тошчалардир. Ватан, бу – ота-боболаримизнинг хоки ётган муқаддас тупроқ. Биз эъзозлайдиган жамики қадрли нарсаларнинг макони.
Бу дунёда нафас олаётган жонзод борки, ўз Ватанини ҳимоя қилади. Ҳатто, қушлар ҳам полапонлари чуғурлашиб ётган инини турли ёвуз ниятли мавжудотлардан асрайди. Ер юзининг қайсидир ҳудудларида яратилган иқтисодий шароитларни деб ўзга юртда яшаш эса, бу – вақтинчалик умргузаронлик қиладиган бегона макондан бошқа нарса эмас.
Инсон улғайгач, меҳнат қилиб ота-онасига нон-насиба олиб келгандек, Ватанини севган ориятли фарзанд унга беминнат хизмат қилади, гўшаларини обод қилади, ёмон кўзлардан асрайди. Яхши ниятли одамлар ота-боболарининг хоки ётган тупроқни оёқости қилинишига мутлақо йўл қўймайди. "Ватанга жон садақа! Бу Ватан меники, шу азиз тупроқдан яралдим, унинг ноз-неъматларидан баҳраманд бўлиб улғайдим, ақлимни таниб, одам бўлдим. У мени ардоқлаб, вояга етказди. Мана шу муқаддас заминда ота-боболарим яшаб ўтган, бугун мен, ота-онам, фарзандларим, мен севган ва мени севган ёри биродарларим, ватандошларим яшайди!" – деган улуғ туйғу Ватанини сидқидилдан севган ҳар бир ақл-ҳушли инсоннинг юрагидан чуқур жой олиши ва уни ўқтин-ўқтин тўлқинлантириб туриши бу қадим дунёда исбот талаб қилмайдиган ҳаёт ҳақиқатидир!
Куни кеча “Ўзбекистон” нашриёт-матбаа ижодий уйи томонидан Ватанимиз мустақиллигини ёвуз кучлардан ҳимоя қилишда фидойилик кўрсатган мард ва довюрак ўғлонларимизнинг жасоратлари ҳақида ҳикоя қилгувчи “Мард ўғлонлар номи барҳаёт” номли хотира китоби чоп этилди.
Айтиш жоизки, Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг бевосита ташаббуслари билан яратилган мазкур хотира китоби халқимизнинг ана шундай ботир, жасур ва фидойи фарзандлари хотирасига ҳурмат ҳамда эҳтиром намунаси сифатида дунёга келди.
Шу аснода Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасининг катта залида фидойилик ва жасорат намуналарини кўрсатган, аммо ўзлари Ватан ҳимояси йўлида қурбон бўлган ҳарбийларнинг пок хотирасига бағишланган ушбу китобнинг тақдимоти ўтказилди. Тақдимот марсимида Ўзбекистон Республикаси Президенти администрацияси, Ўзбекистон Мудофаа вазирлиги, чегара қўшинлари, Ички ишлар вакиллари ҳамда Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзолари, адиб ва шоирлар, шунингдек, мазкур китобда тилгак олинган мард ўғлонларнинг ота-оналари, турмуш ўртоқлари ва фарзандлари, “Ўзбекистон” нашриёт-матбаа ижодий уйи вакиллари иштирок этишди.
Тақдимотни очиб бериш учун сўзга чиққан Ўзбекистон халқ шоири Сирожиддин Саййид Мустақиллик йилларида юртимиз озодлиги, халқимизнинг бугунги эркин ва обод ҳаётини таъминлаш йўлидак ўзининг жонини фидо айлаган мард ва жасур ўғлонларнинг сўнмас хотираси халқимиз қалбида мангу яшашини таъкидлади.
Бинобарин, сўзга чиққан ҳар бир киши юрак тубидаги сўзларни айтиб, том маънодаги, мазкур китобда тилга олинган марҳум ҳарбийларга таъзим бажо айлашди.
Қолаверса, Ватанни ҳимоя қилиш, мардлик ва жасорат бобида намуна бўлган марҳум ўғлонларнинг ота-оналари, турмуш ўртоқлари ва фарзандларига “Мард ўғлонлар номи барҳаёт” хотира китоби ҳамда турли совғалар миннатдорлик ила топширилди.
Халқимизнинг асл фарзандлари фидойиликлари ҳозирги тинч ва осойишта замонда яшаётган юртдошларимиз, айниқса, ўсиб келаётган ёшларимиз учун эл-юртга садоқатли бўлиш борасида намуна бўлиб хизмат қилади, деган умиддамиз.
“Ўзбекистон” нашриёт-матбаа ижодий уйи Матбуот хизмати






