Байрам табриги
— Агарда ҳаммаси қалбдан гапирилса ҳеч ким мажбур қилмасада, қўллар беихтиёр қарсак чалади. Президентимиз илгари сураётган маданий жабҳадаги ишларга шундай кўтаринки руҳ ва ишончда баҳо бера оламан. Санъат бу алоҳида касб, лекин таксига чиқсам, оддий ҳайдовчи ҳам бугунги кундан миннатдор.
Ҳамманинг оғзида “Яхши ишлар бўлмоқда” дейилиши энг кераклиси. Бу бирдамликнинг ҳамда бириктира олишнинг натижасидир. Айтиш жоиз, кекса ёшдаги санъат вакиллари на дубляжга, на тасвирга олиш ишларида қатнашишаётганди. Анча камнамо бўлиб қолишганди. Шу қаторида мен ҳам. Сабаби нафақадаги актёр рол ўйнаса гонорари ёки нафақа пулидан қирқиб қолинарди. Фидоийлик ҳар қайси артистда бор. Пул учун бўлса, хизмат ҳақисиз рол ижро этган пайтларимиз бўлган. Боиси, кичик гонорарни, деб нафақадан кесиларди. Мана шу қисқа даврда кекса актёрлар, унвони бор актёрлар тўлиқ иш ҳақи оладиган бўлишди. Артистнинг рол учун оладиган гонорари ва нафақаси ҳам сақланиб қолинди. Бу йил ижодимда сермаҳсуллик бор. Масалан, “Мерос 2” сериалида менга тескари характердаги ролни ўйнадим. Шунақасини орзу қилардим. Бунда томошабинлар мени қаҳри қаттиқроқ образда кўришади. Маъқул бўлади, деган умиддаман.
“Армонли йиллар” сериалида қийинчиликларни бошидан ўтказган, ёлғиз яшаган бўлсада, инсонийлик фазилатларини сақлаб қолган қаҳрамонни гавдалантирдим. Мана шу осойишта, кундан-кун чирой очиб бораётган, имкониятлари кенгаётган она заминда ижод қилаётганимдан фахрланаман.
Давлатимизнинг мустақиллик санаси, шукуҳли тантанаси бутун Ўзбекистон аҳлига муборак бўлсин. Тилагим, аввало осмонимиз ҳамиша мусаффо бўлиб, тан соғлиги мустаҳкам ва ёшидан қатъий назар киши кимгадир керакли бўлсин!