АсосийJamiyat

Туман халқ таълими мудири юк машинасида ўтин каби ташлаб кетилган дарсликлар ҳолати юзасидан узр сўради

'Туман халқ таълими мудири юк машинасида ўтин каби ташлаб кетилган дарсликлар ҳолати юзасидан узр сўради'ning rasmi

Мирзо Улуғбек туманидаги 210-мактаб олдига ўқув дарсликлари юк машинасида худди ўтин ё қум-шағални туширгандек ташлаб кетилган. Бу ҳолат ижтимоий тармоқларда норозиликларга сабаб бўлди.

Ушбу ҳолат юзасидан туман халқ таълими бўлими мудири Саида Музаффарованинг мурожаати «Ўқитувчи» каналида келтирилган:

Тошкент шаҳар Мирзо Улуғбек тумани халқ таълими бўлимига қарашли 210-умумтаълим мактаби, шу жумладан, мактаб кутубхонаси ҳам 2018 йилда капитал таъмирланиши лозим эди. Шу боис кутубхона фондидадаги дарсликларга зарар етказмаслик мақсадида жорий йилнинг июнь ойидан китоблар шу тумандаги Мирзо Улуғбек саноат коллежи ва 248-умумтаълим мактабида махсус хоналарда сақланган.

31 август куни мактаб директори Дилфуза Саидмуродованинг топшириғи бўйича мактабнинг маънавий ва маърифий ишлар бўйича директор ўринбосари Маҳбуба Ҳайитова томонидан Мирзо Улуғбек саноат коллежидан дарсликларни қайтариб олиб келиш учун кўчадан оғзаки келишув асосида ЗИЛ юк машинасида (ҳайдовчи ва юк машинасининг давлат рақамлари тўғрисида маълумот йўқ) ёлланган.

Шу куни соат 16:30 атрофида шу ўқув йилида фойдаланиладиган ва утилизация қилинадиган: дарсликлар коллеждан мактабга олиб келинган ва тўрт нафар ишчи ёрдамида туширила бошланган. Юк автомашинаси ҳайдовчиси вақти тиғизлиги ва шошаётганлиги учун китобларни тезда тушириш кераклигини айтган.

Мактаб директори Дилфуза Саидмуродова ва директор ўринбосари Маҳбуба Ҳайитовалар мактабда таъмирлаш ишларини бажараётган ишчиларни жалб қилиш мақсадида бинога кириб-чиқаётган вақтда ЗИЛ ҳайдовчиси дарсликларнинг туширилмаган бир қисмини тўкиб юборган.

Шу куни соат 21:00 гача дарсликлар махсус ажратилган хонага олиб кириб жойлаштирилган ва уларга зарар етмаган.

Юз берган нохуш ҳолат учун 210-умумтаълим мактаби, Мирзо Улуғбек туман халқ таълими бўлими жамоаси мактаб ўқувчилари ва ота-оналардан узр сўрайди.

    Бошқа янгиликлар