Шаҳрисабз шаҳрида Президентимиз Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан 2018 йилнинг 6-10 снетябрь кунлари I Халқаро мақом анжумани ўтказилмоқда.
Шу мақсадда бобокалонимиз Амир Темурнинг маҳобатли ҳайкали ўрнатилган Оқсарой майдони ҳудудида республикамизнинг ҳар бир вилоятининг ўзига хос миллий урф-одат ва анъналари, тарихий обидаларини акс эттирувчи намуналар ўрнатилган. Бу ерда турли саҳна кўринишлари, миллий куй-қўшиқлар, яллаю лапарлар ижро этилаяпти.
Халқаро мақом санъати анжуманида 75 давлатдан 300 дан ортиқ санъаткорлар иштирок этиш истагини билдирган. Маҳаллий электрон ва босма ОАВ вакилларидан ташқари кўплаб чет эл оммавий ахборот воситалари ходимлари мазкур анжуманни ёритиш учун рўйхатдан ўтган.
Айни пайтда I Халқаро мақом анжумани ишини оммавий ахборот воситаларида ёритиш учун махсус ташкил этилган Матбуот маркази маҳаллий ва халқаро журналистлар билан гавжум. Уларнинг анжуман ҳақидаги фикрларига қизиқдик.
– Анжуманни юксак савияда ўтказиш учун пухта тайёргарлик кўрилган, – дейди “Россия 1” телеканали журналисти Роберт Францев. – Оқсарой ҳудудида мамлакат вилоят ва шаҳарларининг диққатга сазовар жойлари, тарихий обидалари, миллий урф-одат ва анъаналаридан намуналар ташкил этилгани анжуманга ўзига хос мазмун бағишлаган. Улар менда катта таасурот қолдирди. Мақом санъати Ўзбекистоннинг миллий бренди сифатида дунёга танилиши, шубҳасиз.