АсосийJamiyat

Икки давлат Адлия вазирликлари ўртасида ҳамкорлик меморандуми имзоланди

'Икки давлат Адлия вазирликлари ўртасида ҳамкорлик меморандуми имзоланди'ning rasmi

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг таклифига биноан 2018 йил 4-5 сентябр кунлари Миср Араб Республикаси Президенти Абдулфаттоҳ Саид Ҳусайн Халил ас-Сиси расмий ташриф билан мамлакатимизга келди.

Миср Араб Республикаси Президенти Абдулфаттоҳ ас-Сисининг Ўзбекистон Республикасига ташрифи доирасида Ўзбекистон Республикаси ва Миср Араб Республикаси Адлия вазирликлари ўртасида ҳамкорлик тўғрисидаги меморандум имзоланди.

Меморандумдан кўзланган мақсад халқаро ҳуқуқнинг умумэътироф этилган тамойил ва меъёрларига мувофиқ ҳуқуқий соҳадаги ҳамкорликни ривожлантириш, шунингдек ўзаро манфаатли ҳамкорлик ва тажриба алмашишни йўлга қўйишдан иборат.

Меморандумда Томонлар вазифа ва функцияларига мувофиқ адлия соҳасида қонунчилик ва ҳуқуқни қўллаш амалиётини такомиллаштириш бўйича тажриба алмашиш, мунтазам равишда юридик адабиётлар ва нашрлар алмашиш, ҳуқуқ соҳаси мутахассисларининг малакасини ошириш, қўшма илмий тадқиқотлар, конференциялар, семинар ва тренинглар ташкил қилиш ва ўтказиш кўзда тутилган.

Ушбу ҳужжат икки томонлама муносабатларни мустаҳкамлаб, ҳар икки мамлакат адлия вазирликлари ўртасида ҳуқуқий соҳадаги самарали ҳамкорликни янада ривожлантириш учун ҳуқуқий асос бўлиб хизмат қилади.

    Бошқа янгиликлар