Куни кеча “Ўзбекистон” нашриёт-матбаа ижодий уйи томонидан таниқли тарихчи-археолог олим, ўзбек халқи этногенези ва этник тарихи бўйича қатор илмий мақолалар, рисола ва китоблар муаллифи бўлмиш академик Аҳмадали Асқаровнинг “Ўзбек халқининг келиб чиқиш тарихи” номли асари рус тилида чоп этилди.
Асар ўзбек халқининг этногенези, этник ва миллат бўлиб шакилланиш тарихига бағишланган бўлиб, унда халқимизнинг яқин 4 минг йиллик тарихи археологик, антропологик, этнографик, лингивистик, тарихий топонимика ва қадимги ёзма манбалар маълумотларининг илмий таҳлили асосида баён этилган.
Шу муносабат билан пойтахтимиздаги “Wyndham Tashkent” меҳмонхонасининг “Маънавият ва маърифат” залида тарих фанлари доктори, профессор, Ўзбекистон Фанлар академияси академиги Аҳмадали Асқаров қаламига мансуб “Ўзбек халқининг келиб чиқиш тарихи” номли асарнинг рус тилида чоп этилган нашри – “История происхождения узбекского народа” китобининг тақдимоти бўлиб ўтди.
Тадбирда тарихчи олимлар, археологлар, жамоатчилик вакиллари иштирок этди.
Хусусан, сўзга чиққан Шарқшунослик институти профессори Мирсодиқ Исҳоқов асарнинг аҳамияти, батафсил маъно-мазмунини баён этди.
– Ушбу асарни ёзишга туртки бўлган сабаблар масаласига келсак, – дейди муаллиф А. Асқаров, – аввало, биз олимларга Истиқлол берган ижодий эркинлик бўлса, ундан кейин она ватан ва халқимга бўлган садоқатим, мавзу бўйича мутахассис сифатида бурчим эди.
“Ўзбекистон” НМИУ директорининг нашриёт ишлари бўйича биринчи ўринбосари Мизроб Бўронов китобни чоп этишдаги мураккабликлар, унинг халқимиз, чунончи ёшларимиз учун ўзликни англашдаги ўзига хос дастуриламал бўлишини таъкидлади.
“Ўзбекистон” нашриёт-матбаа ижодий уйида чоп этилган китобда ўзбек халқининг миллат сифатида шаклланиш жараёни, миллий менталитет тушунчаси ва унинг ўзига хосликлари тадқиқ қилинган, бой моддий, маданият ва ёзма манбаларнинг чуқур илмий таҳлили берилган.
Тақдимотда сўзга чиққанлар асарга юқори баҳо бериб, 660 бетдан иборат ушбу монография ўзбек халқи тарихини янада бойитишда илмий асос бўлиб хизмат қилишини, китоб сўнгги йилларда Ўзбекистон тарихи бўйича яратилган энг яхши асарлар қаторидан ўрин олишини таъкидлади.
Ушбу китобнинг ҳар иккала тилдаги “Ўзбекистон” нашриёт-матбаа ижодий уйи томонидан юксак даражада дизайнлаштириб, чоп этилган. Унинг дизайни китоб мазмуни ва қимматига ҳамоҳанг. Сирасини айтганда, мазкур фундаментал асарнинг юксак илмий ва полиграфик асосда чоп этилиши мустақил Ўзбекистонимиз тарих фани ривожи учун катта ютуқдир.
ЎзМАА “Ўзбекистон” нашриёт-матбаа ижодий уйи
Матбуот хизмати