АсосийShou-biznes

СЕРДАР ОРТАЧ АСАЛХЎЖАЕВАЛАРНИ ҚЎРҚИТДИМИ?

“Чув тушди” лойиҳаси ўз ишини давом эттиради. Бу гал хонанда Гули Асалхўжаевани чув туширишга қарор қилдик. Гули Асалхўжаева турк хонандаси Сердар ортачнинг “Varmi” қўшиғига монанд тарзда “Борми?” номли қўшиқ куйлаганди. Шу қўшиқни дас­так қилиб, Гули Асалхўжаевани чув туширишга киришдик.

Аввалига “darakchi.uz” сайтига Сердар Ортач уйлангани ҳақида хабар жойладик. Кейин хабар остига  бир мухлис номидан Сердар Ортачнинг қўшиғини Гули Асалхўжаева ўғирлаб куйлагани ҳақидаги фикрни ҳам киритиб қўйдик.

Орадан икки кун ўтгач, газетамиз бош муҳаррири  Рустам Жабборов яширин рақамлардан Гули Асалхўжаеванинг маъмури ҳамда турмуш ўртоғи Равшан Хўжаевга қўнғироқ қилди ва турк тилида ўзини Сердар Ортачнинг маъмури дея таништирди.

Рустам Жабборов (турк тилида): — Афандим, мен Туркиянинг Истанбул шаҳридан қўнғироқ қиляпман. Сиз туркчани тушунасизми?

Равшан Хўжаев: — Эшитаман. Ҳаракат қиламан...

— Биз Гули хоним билан гаплашмоқчи эдик, уни чақириб бера оласизми?

— Бирор гапингиз бўлса, айтинг, мен етказиб қўяман.

— Сердар Ортач деган хонандани танийсизми? Мен унинг ёрдамчиси Фикрет Ўздемирман. Ҳозир интернетда — darakchi.uz сайтида Сердар бей ҳақидаги бир маълумотни ўқиб қолдим.  Хабарда Гули Асалхўжаева Сердарнинг қўшиғини ўғирлаган деган маълумот ёзилган экан. Шу боис Гули хоним билан гаплашмоқчи эдик.

— (Эсанкираб) Кечроқ қўнғироқ қилинг... Гули билан гаплашиб жавобини айтаман...

— Ҳозироқ гаплашиб олишимиз керак. Биз Гули хонимни танимаймиз. Нега бундай қилди? Нега Сердарнинг қўшиғини ўзидан рухсатсиз куйлади? Ўзбек тилини бироз тушунганлигим боис шу заҳоти мақолага ойдинлик киритишга киришдим. Бир соат ичида жавобини Сердар бейга айтишим керак. Гули хоним бизнинг марказимиздан борадиган вакил билан гаплашиб, жавобини айтсин. Тамом!

Рустам Жабборов “жаҳл билан” гўшакни қўйди. Орадан беш дақиқа ўтмай Гули Асалхўжаеванинг опаси Мавлуда Асалхўжаева “Даракчи” газетаси мухбири Қамариддин Шайховга қўнғироқ қилиб, нима гаплигини суриштирди..

Қамариддин: (“Ҳайрон бўлиб&rdquo — Мавлуда опа, мен “отпуск”да эдим, бугун келдим, ҳеч гапдан хабарим йўқ...

М.Асалхўжаева: — Уф, сиз доим “отпуск”да юраркансиз-да! (зарда билан гўшакни қўяди).

Бироз вақт ўтгач, Моҳичеҳра Эшмирзаева хонанданинг маъмури Равшан Хўжаевга қўнғироқ қилганида...

— Менга қаранг синг­лим, қаерга арз қилса қилсин, биз бора олмаймиз! (Гўшакни қўйиб, телефонини бутунлай ўчириб қўйди.)

Бироздан сўнг Мавлуда Асалхўжаевага қўнғироқ қилдик.

— Мавлуда опа, ҳозир Турк маданият марказидан Сердарнинг вакили таҳририятимизга етиб келди. Синглингизнинг телефони ўчиқ. Сиз келиб, масалани ҳал қилмасангиз бўлмайди.

— (Асабийлашиб) Мен Тошкентда эмасман, қандай етиб бораман? Ким экан у ўзи Сердарнинг вакили? Отини айтинг...

— Билмадим, вакил бош муҳарриримиз билан гап­лашиб, сизни кутаяпти.

— Мен хизматдаман, дедим-ку! Телефонни беринг, ўзим гаплашаман.

— Вакил сиз билан юзма-юз кўришиб, гаплашмоқчи. У ёқдан Сердар Ортачнинг маъмури қўнғироқ қиляпти. Тез келмасангиз, бошимиз балога қоладиганга ўхшайди.

— Мен Туркияда ишлаганман. Сердар Ортач мени яхши танийди. Ҳозир ўзига қўнғироқ қилиб гаплашаман.  Шунча йил ўтиб, ким ва нега “ковлаштириш­япти?”.

— Бизга бу “машмаша” нега керак? Мен муҳарриримдан гап эшитяпман. Хонандани тезроқ топ, деяпти. Қўшиқни синглингиз ўғирлаб куйладими, келиб, ўзи жавоб берсин!

Орадан бир-икки соатлар ўтиб, Мавлуда Асалхўжаева синглиси Гули Асалхўжаева билан таҳририятга кириб келди. Унинг важоҳатидан ҳазилимиз зил бўлмаса эди, деб чўчиб турибмиз. Лойиҳанинг барча иштирокчилари муҳаррир хонасида!

— (Салом-алик қилгач, аланглаб Сердарнинг вакилини қидира бошлади) Қани, қаерда Сердарнинг вакили?

Яна ўша бош муҳарриримиз энди ўз ролида Мавлудага юзланди:

— Кетди! Ўтирадими, сизни кути-и-и-б...  Вақтида келмадингизми, энди ўзингиздан кўринг. Устингиздан арз қилиб, халқаро ташкилотларга  ёзаркан.

— Нега мени кутмади?  Ҳой, вакил мен билан юзма-юз гаплашаркан деб, бошқа тумандан ўпкамни қўлтиқлаб етиб келибман. Нега кетади?

Гули Асалхўжаева: — Опа, Сердарга қўнғироқ қила қолинг...

Бош муҳаррир: — Ие, ҳали қилмадингизми? Боя Сердар билан ўзим гаплашаман, деган экансиз-ку, мухбирларимизга...

— Боя туша олмадим... (Жаҳл билан телефонида рақам тера бошлайди. Бир-икки марта урингач ўчирди. Кейин ўз маъмурига қўнғироқ қилиб, “Тезда Сердарни топ, сенинг ишингни ҳам мен қилайми?” деб бақирди).

Мавлуда Асалхўжаеванинг қаттиқ асабийлашаётганини, ҳар замонда бошини ушлаб қўяётганини кўриб, ҳазилимизга нуқта қўйишга қарор қилдик. Чунки Мавлуда Асалхўжаева асабийлашганидан “Даракчи” ҳазили” деган ёзувни кўтарган Моҳичеҳра хонага секин мўралаганини ҳам сезмади.

Бош муҳаррир: — Мавлуда опа, биз сизни ҳурмат қиламиз, бу шунчаки ҳазил эди...

— Тушунмадим?! (эсанкираб).

— Аслида “қар­моққа” Гулини ту­ширмоқчи эдик. Лекин сиз “илиндингиз”!

— Ие, нима деяпсиз ўзи? Тушунмадим, сизга... Бу... ҳаммаси... Ҳалигимиди, йўғ-ей, ҳазилмиди?.. (Мавлуда Асалхўжаева аввалига ҳаммага бирма-бир ёвқараш  қилиб, сўнг тўсатдан кулиб юборди. Кейин ўрнидан тура солиб Моҳичеҳрани қува кетди): — Ҳали сенми, мени телефонда қўрқитадиган? Қани, бу ёққа кел, қулоғингни бир чўзиб қўяй-чи? (ҳамма кулиб юборди). Ҳазилингиз ҳам бор бўлсин, шунақа ҳам ҳазил қиласизларми-эй? Ўтакам ёрилиб, қон босимим кўтарилиб кетди-ку! Сердар ростдан суриштирган бўлса, энди нима қиламан, деб асабийлашганимдан қон босимим бир юз элликка чиқиб кетди-я! Хайрият-эй ҳазил экан.

— Аслида Гули опани чув туширмоқчи эдик. Шу гал ҳам уларни ҳимоянгизга олдингиз-а, қойил!

— Чиппа-чин ишо­нибман-а? Ўзи ҳамма қўшиқларни сотиб олиб, ке­йин куйлайман, битта шунга рухсат сўрамаганман. Гулига айтақол, деган ўзимман-да.

— Ҳа, унда бизга чув тушганингиз бежизга эмас экан!

Моҳичеҳра ЭШМИРЗАЕВА тайёрлади.

Лойиҳа иштирокчилари: Рустам Жабборов, Дилфуза Собирова,  

Фотомухбир: Тимур

    Бошқа янгиликлар