Тез тиббий ёрдам хизматини жадал ривожлантириш, унинг молиявий барқарорлигини таъминлаш, бу йўналишда тезкор, технологик ва самарали фаолият кўрсатишга эришиш мақсадида давлатимиз раҳбари жорий йил 16 октябрда “Ўзбекистон Республикасида тез тиббий ёрдам хизматини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги қарорни имзолади.
Қарорда шошилинч ёрдамга муҳтож ҳар бир кишига юқори сифатли тиббий хизматларни ўз вақтида кўрсатиш тез тиббий ёрдам хизматининг устувор вазифаси этиб белгиланди.
Тез тиббий ёрдам хизматини ривожлантиришга амалий кўмаклашиш ва унинг моддий-техника базасини яхшилаш учун Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳузурида юридик шахс мақомига эга бўлмаган Тез тиббий ёрдамни ривожлантириш жамғармаси фаолияти йўлга қўйилади.
Жамғарма тез тиббий ёрдам хизматининг махсус автотранспортини харид қилиш ва транспорт паркини ўз вақтида янгилаш, шунингдек, уларни замонавий тиббиёт ускуналари билан жиҳозлаш, эҳтиёт қисмлар ва сарфланадиган материалларни харидни амалга оширади.
Тез тиббий ёрдам хизматининг ходимларини ўқитиш, малакасини ошириш, шу жумладан, хорижий давлатларнинг илмий-тадқиқот, таълим ва бошқа муассасаларида амалиёт ўташини ташкил этади.
Шунингдек, тез тиббий ёрдам хизмати фаолиятига замонавий ахборот-коммуникация технологияларини жорий этади.






