АсосийJamiyat

"Ўзбекистон ҳаво йўллари" Миллий авиакомпанияси ўрнида иккита мустақил ташкилот ташкил этилади

'"Ўзбекистон ҳаво йўллари" Миллий авиакомпанияси ўрнида иккита мустақил ташкилот ташкил этилади'ning rasmi

Президент Шавкат Мирзиёев “Ўзбекистон Республикасининг фуқаро авиациясини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармонни имзолади. Ҳужжатга асосан, фуқаро авиацияси тизимига халқаро тажриба асосида бозор механизмлари жорий этилади.

Бугун дунёда ўз ҳаво кемалари, аэропорти ёки жилла қурса учиш йўлаги бўлмаган давлат, умрида бир марта самолётга чиқиб, парвоз гаштини ҳис қилмаган одам топилмаса керак.Чунки, жаҳонда ҳаммасини қўшганда 200 мингдан ортиқ одам ва юк ташайдиган ҳаво кемалари бор. Бир вақтнинг ўзида уларнинг 15 минггга яқинибепоён ҳаво мавжларида парвоз қилаётган бўлади. Агар статистик маълумотларни яна давом эттирадиган бўлсак, бир йилда 35-40 миллион авиарейслар амалга оширилиб, унда 4 млрдга яқин одам ўз манзилига етиб олади.

Фуқаролик авиацияси аллақачонлар улкан бир индустрияга айлангани, ундан самарали фойдаланаётган давлатларга эса ушбу соҳа яхшигина даромад манбаи эканлигини кўпчилик яхши билади.Шу боис ҳам, ҳар қайси давлат ўзидаги фуқаролик авицияси хизматини ривожлантириш ва унинг фаолиятини доимий такомиллаштириб боришга интилади. Чунки, бу юқорида айтганимиздек, фақатгина даромад манбаи эмас, балки одамларга қулайлик яратиш, туризмни ривожлантиришбилан ҳам боғлиқ масала.

Ўзбекистон ҳам кўплаб ривожланган давлатлар қатори ўзининг фуқаро авиациясига эга. Шу кунгача бу хизмат “Ўзбекистон ҳаво йўллари” миллий авиокомпанияси зиммасида бщлган. Бугун 25 та замонавий ҳаво кемалари 39 давлатга 63 тайўналишда мунтазам рейсларни амалга ошириб келмоқда. Пойтахтимиз ва вилоятларда 11 та халқаро мақомга эга аэропортлар фаолият кўрсатмоқда. Авиокомпания таркибида 19 та корхона бўлиб, уларда 15 минг нафардан зиёд одам меҳнат қилади.

Бир қарашда иш бир маромда кетаётгандек, лекин, масалага чуқурроқ ёндашадиган бўлсак, улкан монополистга айланиб қолган “Ўзбекистон ҳаво йўллари” Миллий авиокомпаниясининг молиявий аҳволи унчалик ҳам мақтанарли даражада эмас экан. Йўловчиларга хизмат кўрсатиш сифати эса алоҳида муҳокамага лойиқ масала. Аэропртлардаги ҳолатни соҳа мутахассислари ҳам, хорижлик экспертлар ҳам, айниқса, авиайўловчилар ҳам яхши билишади.

Мисол учун, авиакомпания Ўзбекистон ҳудудидаги барча аэропортларни якка ўзи бошқарган ва аэронавигацияни назорат қилган. Соҳадаги бундай бошқарув тизими соғлом рақобат муҳитига салбий таъсир кўрсататган. Оқибатда ўтган йилнинг ўзида мавжуд 11 та аэропортдан 6 таси зарар билан чиққан. Инвесторлар бизнинг ҳаво йўлларига сармоя киритишдан чўчиб турганининг сабаблари ҳам айнан рақобат муҳитининг йўқлигидан бўлса керак.

Фуқаро авиацияси соҳасидаги бошқарувнинг замонавий шакллари ва усулларини жадал жорий этиш, тармоқдаги корхоналарни жаҳон тенденциялари ва стандартларига мувофиқ қайта тузиш, авиаташувлар бозорида рақобатни ривожлантириш ва тармоққа инвестицияларни кенг жалб қилиш учун шарт-шароитлар яратиш мақсадида Давлат раҳбари“Ўзбекистон Республикасининг фуқаро авиациясини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармонни имзолади. Ҳужжатга асосан, “Ўзбекистон ҳаво йўллари” Миллий авиакомпанияси ўрнида иккита мустақил ташкилот - “Ўзбекистон ҳаво йўллари” МАК дирекцияси, “Учиш мажмуаси”, “Ҳаво алоқалари бош агентлиги” ва “Ўзавиатехтаъминот” моддий-техник таъминот мажмуаси”давлат унитар корхоналарининг негизида“Uzbekistan Airways” ва барча аэропортларни бирлаштирган “Uzbekistan Airports” акциядорлик жамиятлариташкил этилади.

Эндиликда 25 та «Боинг» ва «Эйрбас» самолётлари, авикомпания таркибида бўлган янги ташкил этилаётган - «Uzbekistan airways technics», «Кетринг»,«Ўқув-машқ маркази»,«Uzbekistan airways Helicopters» масъулияти чекланган жамиятлари“Uzbekistan Airways” акциядорлик жамияти таркибига кирмоқда.

“Ўзбекистон ҳаво йўллари” МАК таркибиа бўлган 14 та давлат унитар корхоналари эса масъулияти чекланган жамиятларга айлантирилади ва улардан 11 та аэропортнинг устав жамғармасидаги давлат улуши “Uzbekistan Airports” акциядорлик жамиятига ўтказилади.“Ўзаэронавигация” маркази” давлат корхонаси эса бундан буён Вазирлар Маҳкамаси ихтиёрида бўлади.

Фармон билан янгидан фаолият бошлайдиган иккита йирик тузилманинг асосий вазифалари ҳам белгилаб берилмоқда.

“Uzbekistan Airways” Акциядорлик жамияти

• ҳаво кемалари паркидан самарали фойдаланиш, парвозларнинг янги йўналишларини ўзлаштириш ва географиясини кенгайтириш;

• замонавий тизимлар ва технологияларни жорий этиш, шунингдек, авиапаркни модернизациялаш, технологик қайта жиҳозлаш ва янгилаш;

• ҳаво кемалари бортида йўловчиларга, авиация техникасига кўрсатиладиган сервис хизматлар сифатини ошириш;

• йўловчилар, юклар, почта ва багаж ташиш соҳасида қулай тариф сиёсатини олиб бориш;

• инвестицияларни, энг аввало, тўғридан-тўғри хорижий инвестицияларни жалб қилиш;

• парвозларни амалга оширишда юқори даражадаги хавфсизликни таъминлаш ишлари билан шуғулланади.

“Uzbekistan Airports” Акциядорлик жамияти (эса)

• аэропортларни узоқ муддатли ривожлантириш стратегиясини ишлаб чиқади ва амалга оширади;

• аэропортлар инфратузилмасини такомиллаштириш учун инвестициялар жалб қилади;

• аэропортларда авиаташувчилар йўловчиларига юқори даражада хизмат кўрсатилиши учун барча зарур қулай шарт-шароитлар яратади;

• йўловчилар, юклар, почта ва багажга хизмат кўрсатиш жараёнини мақбуллаштиради;

• аэродромларни парвозларга ўз вақтида ва сифатли тайёрлаш,сақлаб туриш ва таъмирлашнинг замонавий усулларини жорий этади;

• ҳаво кемаларини ёқилғи ва бошқа ёқилғи-мойлаш материаллари билан узликсиз таъминлайди;

• логистика соҳасида хизматларни сифатли кўрсатиш учун инфратузилмани такомиллаштириб боради; (ҳамда)

• аэропортларда савдо, овқатланиш, йўловчиларга банк ва бошқа хизматлар кўрсатувчи замонавий объектлар тармоғини кенгайтиради.

Фармонга асосан, “Uzbekistan Airways” АЖга Жаҳон банки гуруҳини ва бошқа халқаро маслаҳатчиларни жалб қилган ҳолда авиакомпаниянинг рентабеллигини таъминловчи активлар мақбул тузилмасини ҳисобга олган ҳолда ўз фаолиятининг барқарор бизнес-модели ишлаб чиқилиши бўйича топшириқ ҳам берилмоқда.

Яна бир муҳим жиҳат. Ўзбекистон Республикасининг фуқаро авиациясини ривожлантириш сиёсатини ишлаб чиқишни мувофиқлаштириш мақсадида Вазирлар Маҳкамасида 7 та штат бирлигидан иборат таркибда авиация тармоғини ислоҳ қилиш масалалари бўйича сектор тузиладиган бўлди.

Фармонга асосан “Ўзбекистон ҳаво йўллари” МАКни қайта ташкил этишга доир комплекс чора-тадбирлар амалга оширишда мувофиқлаштириш ва амалий кўмаклашиш бўйича ишчи комиссияси ҳам тузилмоқда. Комиссия “Ўзбекистон ҳаво йўллари” МАК ва унинг таркибига кирадиган давлат корхоналарини қайта ташкил этиш билан шуғулланади. Шунингдек, унга 2019 йил 15 январгача бўлган муддатда транспорт тармоғини ташкил этиш ва унинг фаолиятини тартибга солишга оид барча комплекс масалалар учун жавоб берадиган Транспорт вазирлиги ташкил этиш бўйича таклиф киритиш вазифаси ҳам топширилмоқда. Бундан ташқари Комиссия 2019 йил 1 июнгача бўлган муддатда қўшимча компанияларнинг, шунингдек иш авиацияси хизматларини кўрсатадиган бюджети паст бўлган авиакомпаниялар (лоукостерлар) ва корхоналарнинг фаолияти учун қўшимча шарт-шароитлар яратиш бўйича чора-тадбирларни ҳамишлаб чиқади.

Таъкидлаш лозим, Ўзбекистон Ҳукумати ва Жаҳон банки гуруҳи ўртасида Авиация транспортини ислоҳ қилиш ва мазкур соҳага инвестицияларни жалб қилишга доир узоқ муддатли дастурларни ишлаб чиқиш ҳамда амалга оширишга кўмаклашиш тўғрисида битим тузилган. Шунга асосан, Вазирлар Маҳкамаси 2019 йил 1 майгача бўлган муддатда 2019–2030 йилларда авиация транспорти соҳасини ислоҳ қилиш ва аэропортларни ривожлантиришга хорижий инвестицияларни кенг жалб қилиш бўйича “Йўл харитаси”ни ишлаб чиқади ва тасдиқлайди.

Фармонга асосан, яна бир ўзгариш бўлади. Парвозлар хавфсизлигини назорат қилиш давлат инспекциясига ҳаво кемалари эксплуатантларига бир марталик парвозларни амалга ошириш ҳамда аэродром атрофидаги парвозлар хавфсизлигига таҳдид солиши мумкин бўлган фаолиятни амалга ошириш учун рухсатномалар беришга оид ваколатлар берилмоқда.Шу билан бирга Инспекцияни Ривожлантириш жамғармаси ҳам тузилмоқда.

Бу ҳали ҳаммаси эмас. Президент Фармонида мамлакат фуқаро авиацияси соҳасида янгидан ташкил этилаётган корхоналар ва ташкилотларнинг молиявий-ҳуқуқий масалаларига дахлдор ҳужжатларни қайта кўриб чиқиб ўзгартиришдан тортиб, сотиб олинадиган самолётларни бож тўловларидан озод қилиш, ҳаттоки авиация бозоримизга кириб келаётган хорижий компаниялар билан ўзаро манфаатли алоқаларни ўрнатишгача бўлган масалалар қамраб олинган. Ва бу чораларнинг яна бир муҳим жиҳати шундаки, эндиликда янгиланган тизимдаги хўжалик жамиятларини бошқаришда хориждаги етакчи авиакомпанияларда катта тажрибага ҳамда корпоратив бошқарув, менежмент ва молия соҳасида тегишли малакага эга бўлган мутахассислариштирок этади.

Хулоса қилиб айтганда, Президент фармони билан Ўзбекистон фуқаро авиациясига тўлиқлигича бозор механизмлари жорий этилади. Бу эса– рақобат, иқтисодий тараққиёт ва сифатли хизмат деганидир.

    Бошқа янгиликлар