1

ЮНЕСКО билан ҳамкорликка 25 йил бўлди

ЖАМИЯТ 19.12.2018, 09:45
ЮНЕСКО билан ҳамкорликка 25 йил бўлди

Ўзбекистон электрон оммавий ахборот воситалари миллий ассоциациясида 18 декабрь куни мамлакатимизнинг ЮНЕСКОга аъзо бўлганига 25 йил тўлиши муносабати билан матбуот анжумани ташкил этилди.

Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Таълим, фан ва маданият масалалари бўйича ташкилоти – ЮНЕСКОнинг мамлакатимиздаги ваколатхонаси ҳамда ЮНЕСКО ишлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий комиссияси ҳамкорлигида ташкил этилган анжуманда давлат, жамоат ва халқаро ташкилотлар вакиллари, журналистлар иштирок этди.

Тадбирда мамлакатимизнинг ЮНЕСКО билан самарали ҳамкорлиги, эришилган ютуқлар, истиқболли лойиҳалар ҳақида сўз юритилди.

ЮНЕСКО ўз фаолияти орқали халқлар ўртасида фан, таълим, маданият соҳаларидаги ҳамкорликни ривожлантириш ва шу асосда дунёда тинчлик ва хавфсизликни мустаҳкамлашга ҳисса қўшиш, тили, дини, ирқи ва келиб чиқишидан қатъи назар, жамиятда умуминсоний тамойилларни мустаҳкамлашга алоҳида эътибор қаратиб келади. Жаҳоннинг 190 дан ортиқ давлатини ана шундай эзгу мақсадлар йўлида бирлаштирган ташкилотга бу йил 73 йил тўлди. Ўзбекистон 1993 йилда унинг тенг ҳуқуқли аъзосига айланган.

Ўзбекистон – ЮНЕСКО муносабатлари боғланганига чорак аср бўлди. Ташкилот билан ҳамкорлик халқимизнинг бой маданий-маънавий қадриятларини сақлаш ва тарғиб қилишга қаратилган кўплаб лойиҳа ва дастурларни амалга ошириш имконини берди. Ўтган йилларда Самарқанд, Бухоро, Хива, Шаҳрисабздаги тарихий-меъморий обидалар, Чотқол биосфераси, Бойсун маданий мероси, Наврўз байрами, Шашмақом, Катта ашула, атлас ва адрас ишлаб чиқариш технологиялари, аския санъати, ош тайёрлаш анъанаси Инсоният номоддий маданий мероси рўйхатидан жой олганини алоҳида қайд этиш жоиз. Буни ЮНЕСКОнинг халқимиз миллий меросини келгуси авлодга етказиш борасидаги амалий саъй-ҳаракатлари сифатида баҳолаш мумкин.

Президент Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан мамлакатимиз ташқи сиёсатида хорижий давлатлар ва нуфузли халқаро ташкилотлар, хусусан, ЮНЕСКО билан ҳамкорлик кўлами кенгаймоқда. Давлатимиз раҳбарининг Францияга расмий ташрифи чоғида ЮНЕСКО Бош директори Одри Азуле билан учрашгани бунинг яққол тасдиғидир. Мулоқот самараси ўлароқ, Ўзбекистон билан ЮНЕСКО ўртасидаги 2018-2021 йилларга мўлжалланган қўшма Ҳаракатлар режаси қабул қилинди.

– Халқингизнинг бой меросини асраш, уни асл ҳолича келгуси авлодларга етказиш ЮНЕСКОнинг мамлакатингиздаги фаолиятининг асосий йўналишидир, – деди ташкилотнинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси раҳбари вазифасини бажарувчи Мария дель Пилар Альварез Ласо. – Ташкилотимиз юртингизда бу борада амалга оширилаётган барча интилишларни қўллаб-қувватлайди.

Матбуот анжуманида ЮНЕСКОнинг мамлакатимиздаги истиқболли лойиҳалари юзасидан маълумот берилди.

Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари, Республика Хотин-қизлар қўмитаси раиси Т.Норбоева сўзга чиқди.

Шарҳлар

Об-ҳаво: Тошкент
Валюта курси
1