АсосийJamiyat

МИБ "уддабурон" газ ўғрисини фош қилди

'МИБ "уддабурон" газ ўғрисини фош қилди'ning rasmi

Жорий йилнинг 18 декабрь куни Мажбурий ижро бюроси Фурқат тумани бўлими, туман Ички ишлар бўлими ёнғин хавфсизлиги бўлинмаси, фавқулодда вазиятлар бўлими, таъминот корхонаси ва бошқа масъуллар иштирокида аҳолининг ис газидан заҳарланиши ва вафот этаётганликлари ҳолатларини олдини олиш мақсадида тунги рейдлар ўтказилганида, айрим истеъмолчилар томонидан қонун талаблари бузилиши ҳолатларига йўл қўяётганлиги аниқланди.

Хусусан, ўтказилган назорат тадбирлари давомида Фурқат тумани Чексувалдоқ қишлоғида яшовчи У.Т. яшаш хонадонига ноқонуний равишда табиий газни сўриб олишга мўлжалланган резина шланг орқали пилесос сўрғич ўрнатиб олиб табиий газдан фойдаланаётганлиги, оқибатда унинг ён атрофидаги қўшниларида табиий газ мавжуд эмаслиги маълум бўлди.

Ҳолат юзасидан қоидабузарлик ҳақида далолатнома расмийлаштирилиб, газ сўрғич ашёвий далил тариқасида олинди.

Афсуски, бу каби ҳолатлар шу қишлоқда яшовчи яна 9 та хонадонларда ҳам аниқланган.

Буни “бошқалар ҳаққига хиёнат” деб номлаш мумкинми?
Шунингдек, МИБ Қўқон шаҳар бўлими, ёнғин хавфсизлиги бўлинмаси, ҳамда газ таъминоти корхонаси ҳамкорликда ўтказилган назорат тадбирлари жараёнида Фурқат туманидаги каби табиий газни сўрғичлар орқали тармоқдан тортиб олаётганликлари фош этилган.

Масалан, Қўқон шаҳар Шайхон паён кўчасида жойлашган масжид ёнидаги газ тақсимлаш қутисига “Хитой” давлатида ишлаб чиқарилган “VORTEX 1500” русумли юқори қувватга эга бўлган газ сўрғич жойлаштириб, бошқа кўчаларга кириши кўзда тутилган табиий газни ҳам тармоқдан тортиб олиб ноқонуний ўрнатиб олинган кўчада яшовчи аҳоли учун олиб кетилаётганлиги аниқланган.

Шу каби ҳолатлар шаҳарнинг Муқимий, Парпашабоф, А.Умархон, Бахмалбоф, Тўғонбоши кўчалари ва “Чорсу” тўйхонаси ёнидаги кўп қаватли уйларда ҳам аниқланди.
Ушбу ҳудудларда яшовчи аҳоли билан учрашувлар ташкилланиб профилактик суҳбатлар ўтказилган ва ноқонуний фойдаланилган газ сўрғичлар ашёвий далил тариқасида олиб қўйилган.

Риштон туманида ҳам шунга ўхшаш ҳолатлар аниқланган, бироқ бунда айрим фуқаролар томонидан табиий газни ўғирлашнинг антиқа усулидан фойланаётганликлари фош қилинган.

Хусусан, жорий йилнинг 18 декабрь куни Мажбурий ижро бюроси Риштон тумани бўлими бошқа хизмат кўрсатувчи идоралар вакиллари иштирокида тунги рейдлар ўтказишиб, унда Риштон тумани Оқ ер маҳалласида жойлашган чойхона қишки мавсум муносабати билан қонуний асосларда тармоқдан узилган бўлишига қарамасдан резина шланг орқали девор орасидан яширин йўллар билан тармоққа уланиб табиий газдан “бепул” фойдаланиб келаётганлиги аниқланди.

Худди шу каби ҳолат Зарариқ қишлоғи Турсунзода кўчасида яшовчи фуқаро А.Т.нинг яшаш хонадонида кузатилиб, у ноқонуний равишда ер остига кўмиб қўйилган газ сўрғич орқали тармоқдан тўғридан тўғри газдан фойдаланаётганлиги маълум бўлди.

Қува туманида бошқача ҳолат аниқланган.

Хусусан, туманнинг Қайирма маҳалласида яшовчи фуқаро С.И. “катта сармоя” асосида қурилиш ишлари олиб бораётган бўлсада электр энергияси учун маблағи етарли эмас кўринади. Чунки, у қурилиш ишларини бажаришда фойдаланиладиган барча электр қурилмаларини тўғридан тўғри тармоққа ноқонуний улаб олиб фойдаланаётганлиги фош қилинди.

    Бошқа янгиликлар