Ўзбекистоннинг бир гуруҳ журналистлари қаторида «Тожикистон ва Ўзбекистон журналистлари ҳамкорлигини мустаҳкамлаш» лойиҳаси доирасида Тожикистонда бўлдим. Тўрт тарафдан тоғлар билан қуршалган Душанбе шаҳри бизни илиқ об-ҳаво билан кутиб олди.Қўшни давлат пойтахти ғарб ва шарқ архитектурасини ўзида уйғунлаштиргани билан мени лол қолдирди. Шаҳар марказидаги бинолар Санкт-Петербург кўчаларини ёдга соларди. Мезбон ҳамроҳларимиздан сўраб билсам, пойтахт қурилишида собиқ Ленинград архитекторлари меҳнат қилган экан. Сўлим, пойтахтга монанд бўлмаган осудалик ҳам Душанбега ўзига хослик бағишлаб туради.

Очиқ китоб шаклидаги кутубхона
Дастлаб Тожикистон Миллий кутубхонасига бордик. Марказий Осиёдаги энг катта кутубхона саналадиган ушбу зиё маскани менда катта таассурот қолдирди. Кутубхонанинг баландлиги 52 метр бўлиб, очиқ китоб шаклида қурилган.
36 бўлимдан иборат кутубхонада 3 миллионга яқин китоблар ҳамда 20 га яқин ўқиш заллари мавжуд. Энг катта зал 500 кишига мўлжалланган. Кутубхонанинг ёшлар билан гавжумлиги эътиборимни тортди.
Тарихий китоблар бўлимида турли даврларга оид қадимий китоблар сақланади. Шу жумладан Қозон шаҳридан олиб келинган Қуръоннинг кичик нусхаси ҳам алоҳида эътибор билан сақланмоқда. Узунлиги 1,8 см, эни 1,2 см бўлган дунёдаги энг кичик Қуръон нусхаси 292 бетдан иборат бўлиб, унинг ҳар бирида 12 қатор матн жойлашган ва охирги бетида 10 та юмалоқ муҳр босилган.
Шунингдек, кутубхонада ўзбек тилидаги китоблар сақланадиган бўлим ҳам мавжуд экан.

Инглизчани “қийворадиган” Неъмат ҳожи бобонинг узумзори
Шундан сўнг Тожикистоннинг Турсунзода туманида жойлашган ТАЛКО алюмин заводига йўл олдик. Мамлакатнинг асосий йўллари ҳақида алоҳида тўхталмасам бўлмас. Турсунзодага олиб борадиган трасса пуллик бўлиб, қурилганига 8-10 йил бўлган бўлсада, ҳануз янгидек теп-текис. Ҳамроҳларимиздан қизиқиб суриштирганимда, “бу йўлларни хорижликлар қурган” дейишди.
Алюмин завод фаолияти билан танишиб, алюминий қандай қуйилишини ўз кўзимиз билан кўргач, бугунги кунда нафақат Тожикистонда балки Ўзбекистонда ҳам машҳур бўлган Турсунзода туманининг узумзор боғлари томон йўл олдик.
Барглари тўкилиб кетган бўлсада, ҳамон узумлари сақланиб қолган ишкомли боғ ёнида бизни Неъмат ҳожи бобо кутиб олдилар. Уларни саволларга кўмиб ташласакда, ҳожи бобо вазминлик билан барча саволларимизга бирма-бир жавоб бера бошладилар:
- Турсунзодада 3 минг гектардан ортиқ ерда узумзор боғ яратилган. Ҳосилнинг 30 фоизи ўзимизнинг туман Душанбе шаҳрини таъминлайди.Қолган 70 фоизини Қирғизистон, Россия, Афғонистон, Покистонга экспорт киламиз. Ўзбекистонга экспорт қилмаймиз, чунки у ерда узум кўп, — дейди ҳожи бобо кулганча. — Олган даромадларимиздан хўжалигимизнинг 65 гектар ерига насос билан сув чиқардик. Қишлоқнинг 5 км йўлини асфальт килдик, кўчаларини 100 фоиз электр токи билан ёритилади. Кам таъминланган оилаларга ёрдам қилинади. Ҳозир биз турган хўжалигимиз 105 гектардан иборат, бир йилда бир гектар ердан 35 тонна ҳосил оламиз, 105 гектардан қанча бўлишини ҳисоблаб олаверасизлар энди... Маҳсулот сақлашга 600 тонналик музлаткичимиз ҳам бор. Асосан 5-6 хил талабга жавоб берадиган, серҳосил узум навларини экамиз.Бундан ташқари кўчат етиштириш билан ҳам шуғулланамиз. Янгибоғ қишлоғи аҳолиси меҳнат мухорижатига бормайди, ҳамма ўзимизда ишлайди.
Асли ота-бобомиз водийнинг Олтиариқ туманидан бўлишган, яхши деҳқон, бадавлат одамлар ҳисобланишгани учун фалакнинг гардиши билан уларни қулоқ қилишган. Улар мол-мулкларини ташлаб, шу ерларга келиб ўрнашиб қолишган.
Аввал бошида бу қишлоқда 4-5 та водийлик оила узумчилик қилардик. Кейинчалик бошқалар ҳам томорқаларида узум эка бошлашди. Ҳозир ҳамма қишлоқдошларимиз билимдон боғбон бўлиб етишишган.
Душанбе қишлоқ хўжалик институти билан ҳамкорликни йўлга қўйганмиз. Улар келиб биздан тажриба ўрганганиб кетишади. Яқинда Суғд вилоятига таклиф этишди, у ерда семинар ўтказиб узумчилик ташкил этиш бўйича маслаҳатлар бериб келдим.
Менинг бир ниятим бор эди, қани энди Ўзбекистон президенти билан учрашсаму, уларга ҳаммаси учун раҳмат айтсам, деб ўйлардим. Худога шукр, ниятим амалга ошди. Икки мамалакат халқи бахтига халқпарвар президентлар раҳбар бўлишдики, буни қадрлашимиз даркор...
Ҳожи бобо билан суҳбатимиз қизиб, анчагача гаплашиб қолдик. У кишининг инглиз тилини ҳам билиши бизни ҳайрон қолдирди. “Хорижлик туристлар келишса, менга таржимонни кераги йўқ дейман”, — дейди ҳожи бобо кулиб. — Ўқишни битиргач, бир йил мактабда ишладим, кейин бу иш мен учун эмаслигини тушиниб, боғдорчиликка қайтдим. Мана, меҳнатимнинг роҳатини кўриб юрибман.
Ҳожи бобонинг тетик, хушчақчақлиги бизга ҳам завқ бағишлади. Уларнинг дуоларини олгач, яна йўлга тушдик.

Аждодларимизга ўз юртида сўнгги маскан бўлган Ҳисор
Тожикистоннинг яна бир тарихий маскани –Ҳисор қалъаси томон отландик. Ҳозирги кунда Ҳисор қўриқхонасига айлантирилган ушбу қалъа 3 минг йиллик тарихга эга бўлиб, яқинда реставрация қилинган. Қайта тикланган қалъа ичидаги хоналарда ҳисорлик ҳунармандлар гиламдўзлик, каштачилик, дўппидўзлик билан шуғулланишар экан.
Буюк аждодларимизнинг қадамлари етган Ҳисор қалъасига саёҳат менда катта таассурот уйғотди. Кўз ўнгимда Моваруннаҳрни бор-йўғи 300 га яқин аскари билан тарк этишга мажбур бўлган мирзо Бобурнинг Ҳисор тоғларидан ошиб Афғонистон томон йўл олаётган карвони ва ғамгин чеҳраси намоён бўлгандек бўлди.
Худди шу пайт гид ушбу қалъа Бухоро амири Саид Олимхон учун ҳам ўз юртидаги охирги манзил бўлганини сўзлаб қолди. “Ҳисор вилоятини ўзига қароргоҳқилган амир, олти ой давомида қизил аскарларга қарши курашади. У Ҳисорда сарой аъёнлари ва маҳаллий амалдорлардан иборат янги ҳукумат ташкил қилади, Бироқ бир қатор жангларда мағлубиятга учрагач, 1921 йилда Саид Олимхон ўз яқинлари ва сарой аъёнлари билан Амударёнинг Чубек кечувидан Афғонистонга ўтиб кетишга мажбур бўлади...”
Хаёлимда тарих қайтарилгандек бўлди.
Афсоналарда Ҳисор Искандар Зулқарнайнинг муҳаббатига ҳам гувоҳ бўлган дейилади.
Тарихий масканларда доим кўнглимга ғамгинлик чўкади. Тарихнинг кўплаб қувончли ва ғамгин дамларига гувоҳ бўлган қалаъни шундай туйғулар билан тарк этдим.

Ёнбошлаган Будда ҳайкали ва Тожикистонга қайтган “Амударё хазинаси”
Шундан сўнг Душанбе шаҳрида жойлашган Тожикистон миллий тарихий музейга йўл олдик. У ерда дунёнинг энг ғаройиб экспонатларидан бири жой олган бўлиб, бу ёнбошлаган Будда ҳайкалидир. Қарийиб 1600 йил илгари лойдан ясалган ушбу ҳайкалнинг оғирлиги 6 тонна, у 1964 йилларда Вахш водийсидаги Ажина тепадан топилган.
Музейда “Амударё хазинаси” деб ном олган хазина намуналари ҳам жой олган. Турли йўллар билан Англияга олиб кетилган ва ҳозирда Британия миллий музейида сақланадиган ушбу хазинанининг 5 донаси кейинчалик Тожикистонга қайтарилган.
Ушбу музейда Буюк Кир томонидан тузилган илк инсон ҳуқуқлари манифести ҳамда тошларга битилган битиклар ҳам сақланар экан.
Дарвоқе, музейнинг бир бўлимида Искандар Зулқарнай сурати туширилган тилла танга ҳам ноёб экспонат сифатида ўз ўрнини топган .
Қадимий экспонатларга бой бўлган музейни тарк этар эканмиз, чироқларга бурканган Душанбе кўнглимизни равшан этди.

Сафед-Дара сайёҳлик комплекси
Тожикстонда туризмни ривожлантириш учун табиатнинг ўзи барча шароитларни яратиб қўйгандек гўё.
Варзоб туманида жойлашган янгиланган сайёҳлик комплекси томон кетиб борарканмиз арчазор тоғлар, суви тиниқ булоқлар, қорга бурканган чўққилар ва табиатнинг шу гўзал манзараси оғушида муқим яшайдиган одамлар гавдаланди. Хушфеъл, хушмуомила тожик халқи бизни ҳар масканда очиқ чеҳра билан кутиб оларди. Тоғ сайёҳлик комплекси замонавий анжомлар билан жиҳозланган бўлиб, атрофда байромана шукуҳ ҳукм сурарди.
Сафед-Дара ҳақида тўлиқроқ маълумот олиш учункомплекс директори Баҳодур Исҳоқовни суҳбатга тортдик.
— Сафед-Дара сайёҳлик комплексининг янги тарихи 4 йил илгари бошлаган. Дам олувчилар учун замонавий анжомалар билан жиҳозланган қишки-ёзги комплек яратишга ҳаракат қиляпмиз. Инфраструктура нафақат комплекс билан боғлиқ, балки бу ерга олиб келадиган йўл ҳам таъмирланмоқда. 2 км узунликда бўлган “канат йўл”ни келгусида 5 км.га етказишни режалаштирганмиз. Бизда қиш узоққа чўзилмагани сабаб хорижий компаниялар билан ҳамкорликда сунъий қор билан таъминлаш кўзда тутилган. Дунёнинг турли бурчакдаридан туристлар ташриф буюришяпти, ёзда ўзбекистонлик туристлар жуда кўп ташриф буюришди, — дейди комплекснинг ёш ва ғайратли директори.
Бу маскан ҳамюртларимиз учун ҳам севимли дам олиш жойига айланишига ишончим комил. Тоғда қорни кўриб қувонганидан бошидан сочаётган ҳиндистонлик ёшларга кўзим тушди.
Сафед-Дарадатожикистонлик сайёҳ Фарҳод Калонов ва оиласи билан ҳам танишдик. Калоновлар оиласи тоғ-чанғи спорти билан шуғулланишдан ташқари дунё бўлаб саёҳатларга ҳам чиқишади. Улар баҳорда Ўзбекистонда ҳам бўлишганини айтишди.
Тарихимиз, урф-одамларимиз, кўнглимиз яқин бўлган тожик халқининг меҳмондўстлиги, очиқкўнгиллигига яна бир бор таҳсин айтиб саёҳатимизни якунладик. Албатта, Тожикистоннинг барча диққатга сазовор жойларига боришга улгурмадик. Лекин бу бир томондан яхши, нега деганда қайта-қайта ташриф буюриш учун сабаб бўлади.
Шундан сўнг «Тожикистон-XXI аср» Мустақил журналистика мактабининг тренингларида иштирок этиб, билим ва тажриба алмашдик. Ушбу тажрибамиз тез кунларда ўз маҳсулини беради деган яхши ниятларила душанбелик дўстларимиз билан хайрлашдик.
Дилфуза Собирова
Фото: Алишер Примқулов, Самир Алиев
Тошкент-Душанбе-Тошкент






