1

Бухорода "Энг маҳоратли пазандалар" кўрик-танлови бўлиб ўтди

ЖАМИЯТ 03.01.2019, 00:12
Бухорода "Энг маҳоратли пазандалар" кўрик-танлови бўлиб ўтди

Бухоро шаҳрида вилоят ҳокимлиги томонидан Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси вилоят ҳудудий бошқармаси ва бошқа ташкилотлар ҳамкорлигида ўтказилган «Энг маҳоратли пазандалар» кўрик-танлови ташкил этилди. Бу ҳақда ЎзА хабар бермоқда.

Тадбирда туман ва шаҳарларнинг умумий овқатланиш тизимидаги хусусий корхоналар, озиқ-овқат ва пазандачилик йўналишида мутахассислар тайёрлайдиган олий ўқув юртлари, ўрта махсус, касб-ҳунар таълими муассасалари, хотин-қизларни касбга ўргатиш ўқув марказларининг 34 нафар ошпази томонидан байрам дастурхони учун тайёрланган маҳсулот—таомлари сифати, таъми, тайёрлаш технологиясининг ўзига хослиги баҳоланди.

Ҳакамлар ҳайъати қарорига кўра, танловнинг «Энг маҳоратли ошпаз» йўналишида уч хил навдаги гуручдан «Арчасимон ош» тайёрлаган Вобкент туманидаги «Жаҳонгир Бобурмирзо» хусусий корхонаси бош ошпази Бобур Турдиев ва газ печида яхлит ҳолда қўй танасидан таом тайёрлаш маҳоратини намойиш этган Олот туманидаги «Бозорбобо» хусусий корхонаси ошпази Учқун Жумаев биринчи ўринга муносиб топилди.

Бухоро ўзининг турли миллий ширинлик ва қандолатлари билан ҳам машҳурдир. Савдо ярмаркаси улар билан танишиш учун кенг имконият бўлди. Албатта, тадбирда ўз касбининг усталари ҳам эътироф этилди. Танловнинг «Энг маҳоратли миллий ширинликлар ишлаб чиқарувчи» йўналишида Бухоро шаҳридаги «Жанур и КО» масъулияти чекланган жамияти раҳбари Жамшид Ходжаев ва «Амиршоҳ Файз Барака» масъулияти чекланган жамияти раҳбари Баҳодир Кинжаев ғолиб чиқди.

Ғолиб ва совриндорлар қимматбаҳо совғалар билан тақдирланди.

Вилоят ҳокими Ў.Барноев савдо ярмаркаси фаолияти билан танишди.

Шарҳлар

Об-ҳаво: Тошкент
Валюта курси
1