АсосийDunyo

БМТ: 2018 йилдаги табиий офатлар 10 мингдан ортиқ одам ҳаётига зомин бўлди

'БМТ: 2018 йилдаги табиий офатлар 10 мингдан ортиқ одам ҳаётига зомин бўлди'ning rasmi

Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Табиий офатлар хавфини камайтириш бошқармасининг 2018 йил якуни бўйича тақдим этган баёнотига кўра, жорий йилда Ер юзида юз берган табиий офатлар оқибатида дунё аҳолисининг 10 минг 300 нафари ҳалок бўлган, 60 миллиондан ортиқ инсонлар турли даражада азият чеккан.

Ўтган йил Индонезияда кузатилган цунами ва зилзила уч ярим минг аҳоли умрига зомин бўлган бўлса, Грециядаги ёнғин офати Европа тарихида 10 йил ичида кузатилган энг даҳшатли ёнғин деб қайд этилган. Ёнғин оқибатида 126 киши ҳалок бўлган. Мазкур йилда Калифорния ўрмонларида юз берган ёнғинлар АҚШ тарихидаги энг йирик офатлардан бири бўлди. Бундан ташқари ушбу йилда Европанинг кўплаб давлатларида турли даражадаги ўрмон ёнғинлари авж олди. Хусусан, ёғин офати кам кузатиладиган мамлакатлардан ҳисобланган Швецияда ҳам иқлимнинг глобал исиши натижасида йирик ўрмон ёнғинлари юз берди.

Мазкур йилда Африка, Австралия, Европа мамлакатлари ҳамда Япония ва Ҳиндистонда кузатилган турли даражадаги сув тошқинлари, тўфонлар ва зилзилалар оқибатида минглаб дунё аҳолиси табиий офатлар қурбонига айланди.

Бундан ташқари 2018 йилда Ер юзида содир бўлган табиий офатлар миллионлаб инсонларни бошпанаси, яқинлари, иш жойидан маҳрум этиб, турмуш ҳаётига жиддий зиён етказди. Жумладан, офатлар Ҳиндистонда 24 миллион, Филиппинда 6 миллиондан ортиқ, Хитойдаги 5 миллион аҳоли турмуш тарзининг мураккаблашувига сабаб бўлди.

    Бошқа янгиликлар