Гитлер бу одамнинг боши учун 200 минг марка мукофот тайинлаган эди!

ДУНЁ 01.12.2014, 17:35
Гитлер бу одамнинг боши учун 200 минг марка мукофот тайинлаган эди!

У 1899 йили 10 сентябрь куни ўша даврларда Россия империясига қарашли бўлган Варшава яқинидаги Гора-Кавалерияда, яҳудийлар қишлоғида дунёга келди. Хонадон аҳли – ота-она ва тўрт ўғил, кичкина ёғоч уйчада яшарди. Болакайнинг онаси урушдан олдин вафот этди. Отаси ва акалари эса Майданек лагерида қурбон бўлишди. Кейинчалик бу болакай Волф Мессинг бўлиб танилди.

“Чиптанг қани?”

Болалигида Мессинг ойпарастлик касалига чалинган. Лекин оила аъзолари бола ухлайдиган ўрин ёнида тоғорада сув сақлаб, уни даволашга эришдилар. Тунда ўрнидан турган Волф оёғини сувга ботириб олиб, уйғониб кетарди. Олти ёшидан диний ўқишга борган болакай энг оғир машғулотларни ҳам осон ўзлаштирарди.
Бир куни Волф мактабдан қочиб, вокзалга борди. У ердан биринчи дуч келган поезд вагонига чиқди-да, ўриндиқ остига кириб ухлаб қолди. Бир маҳал чиптачи назоратчисининг бақир-чақир овозидан уйғониб кетди. Унинг важоҳатидан қўрқиб, талмовсираб, ерда ётган қоғоз парчасини узатди. Нигоҳлар тўқнашди. Болакай ўша дамда қоғоз парчасини чипта, деб ўйлашларин жуда-жуда истарди. Қарангки, худди шундай бўлди. Волф Берлинга эсон-омон етиб келди.
У ерда турли жойдан келиб қолган келгиндилардан бирининг уйида хизматчи бўлиб ишга жойлашди. Тўланадиган иш ҳақи жуда камлиги учун бола ярим оч ҳолда ишлашга мажбур бўларди. Бир куни, ҳатто силласи қуриб, кўчада ҳушидан кетиб қолди. Уни ўлди деб ўйлаб, ўликхонага юбордилар. Учинчи куни таниқли психиатр ва невропатолог, профессор Абел болани чуқур летаргия ҳолатидан чиқариб олишга эришди. Шунда биринчи бўлиб, профессор Абел боладаги ноёб қобилиятни сезиб қолди. Кейин Волф билан фикрлашиб ўқиш устида тажрибалар ўтказа бошлади. Шундан сўнг у Мессингни импрессарио Целмейстер билан таништириб қўйди. Шундан сўнг Волф Берлин паноптикумида ишлай бошлади. Унинг қиладиган иши ҳар ҳафта жумадан якшанбагача ўзини каталептик ҳолатга тушириб, шаффоф тобутда ётишдан иборат эди.

Олимни жиғибийрон қилган тажриба

Профессор Абел билан тажрибалар ўтказиш тўхтаб қолгани йўқ. Натижалар эса тобора яхшиланиб борарди. Мессинг ўзига фикран берилган топшириқни дарров илғаб олар, уни бажаришга киришарди. Тажриба ошириш учун Волф Берлиндаги бозорларга ҳам борарди. У-бу сотаётган аёллар билан суҳбат қурарди. Мазкур суҳбатлар аёллар ҳозиргина кўнглидан ўтказган саволларга жавоб беришдан иборат бўларди Хонимларнинг чақчайган кўзлари, анграйиб очилиб қолган оғизлари унинг адашмаётганидан далолат берарди.
Икки йил давомида шу ҳолда машқ қилиб юргач, у профессор Абелдан танадаги оғриқни ҳис қилиш механизмини “ўчириб” қўйишни ўрганди. Шундан сўнг болакай қишни боғда варетеда фақир ролида чиқиш қила бошлади. Томошада унинг кўкрагига ниналар санчишар, бўйнидан эса узун игнани тешиб ўтказишарди.
Ўн олти ёшга кирган Волф илк турнесини Вена шаҳрида бошлади. Турнеда цирк томошалари кўрсатилмай, балки руҳий тажрибалар намойиш этиларди. Унинг томошаларига кирувчилар борган сари кўпайиб борарди. Улардан бирида, ҳатто, буюк Альберт Эйнштейн шахсан иштирок этган.
Бир куни таниқли математик уни меҳмонга таклиф қилди. Олимнинг уйига келган Мессинг уникида машҳур врач ва файласуф Зичмунд Фрейднинг ҳам ўтирганини кўрди. Файласуф унга дарров ишга киришишни таклиф қилиб қолди. Унга берган фикран буйруғи ғоятда кулгили. Волф буйруққа кўра стол устидага пинцет ёрдамида Эйнштейннинг қуюқ мўйловидан уч дона юлиб олиши лозим эди. Топшириқ бажарилди-ю, аммо бу кимнингдир жаҳли чиқишига сабаб бўлди.

Сўнгги чиқиш ва...

1917 йилда Мессинг кейинчалик тўрт йил чўзилиб кетган турнега йўл олди. Бу турне салкам бутун ер шарини қамради. 1921 йилда Варшавага қайтган Волфни Польша армиясига хизматга чақирди. Ҳарбий хизматдан сўнг Мессинг бутун диққат-этиборини яна томошалар кўрсатишга қаратади. Париж, Лондон, Рим, Стокгольм, Рига, Жанубий Америка ва Австралияда ҳам бўлди.
1937 йили Варшава театрларидан бирида концерт бераётиб, агар Гитлер Шарққа юрса, албатта мағлуб бўлади, дея башорат қилди. Шундан сўнг Гитлер унинг боши учун 200 минг марка мукофот тайинлади. Шу боис узоқ яшириниб юришига тўғри келди. Бир куни сал эҳтиётсизлик қилгани учун уни полициячилар қўлга олищди. Волф уларнинг ўз камерасига йиғилишлари учун бутун маҳоратини ишга солди. Ҳамма йиғилгач, қочиб чиқиб, полициячиларнинг ўзларини қамаб қўйди. Уни дўстлари Варшавадан пичан ортилган аравада яширинча олиб чиқиб кетдилар. Шу тариқа қочиб, Россияга келиб қолди.
Кунларнинг бирида кимсан, Сталин медиум билан кабинетида суҳбатлашаётиб, ҳазил тариқасида чиқиб кета олмаслигини айтди. Маҳкама қаттиқ қўриқланар, белги қўйилмаган рухсатнома бўлмаса, чиқиб кетиб бўлмасди. Бундан ташқари Сталин комендант ва котибасига уни чақирмасликларини қаттиқ тайинлаганди. Орадан бир неча дақиқа ўтгач, медиум комендантга топ-тоза қоғозни бериб, кўчага чиқди-ю, кетди...
Машҳур медиум 1974 йили Москвадаги “Октябр” кинотеатрида сўнгги бор чиқиш қилди. 1975 йили эса вафот этди ва Востряковский қабристонида дафн этилди. Бу ерда унга ёдгорлик ҳам қўйилган. Ўз тақдирини олдиндан сезган медиум шундай деганди:
“Телепатик қобилият менга шундай нарсаларни англашга имкон берадики, бундан даҳшатга тушмай иложи йўқ. Ҳавас қиладиган жойи медиумнинг келажакни кўра олиш қобилиятимикан?! Бўлиши мумкин. Шахсан камина ҳеч қачон одамларга ёмон хабарларни айтмасликка интиламан. Юракларига олдиндан ғулғула солишнинг нима кераги бор? Худо берган умрини тинчгина яшайверишсин! Аммо мен уларнинг тақдирлари учун қайғураман. Хуллас, менга ҳавас ҳам қилиб бўлмайди”.

Иззат Аҳмедов

Шарҳлар

Об-ҳаво: Тошкент
Валюта курси
1