АсосийJamiyat

UzLAB – Ўзбекистонни дунё адабиёти ва санъати билан боғловчи кўприк

'UzLAB – Ўзбекистонни дунё адабиёти ва санъати билан боғловчи кўприк'ning rasmi

25 сентябрь “Ёзувчи/рассом/маданият ходими резиденцияда” дастури иштирокчиларининг навбатдаги учрашуви ўз ишини бошлади. Дастур 10 октябргача юртимизнинг Тошкент, Самарқанд, Бухоро ва водий шаҳарларида бўлиб ўтади.Дастур 2018 йили ўз ишини бошлаган бўлиб, бир йилда тўрт марта ташкил этилади.Ўзбек ва хориж ижодкорлари ҳамкорлигини ривожлантириш мақсадида ташкил этилган ушбу резиденция дастурининг навбатдаги учрашувида дунёнинг турли мамлакатлардан 20 нафар шоир, рассом, ҳайкалтарош, ёзувчилари иштирок этишмоқда.

Дастур ташаббускори, ёзувчи ва таржимон Аъзам Обидовдан дастурнинг мақсад ва вазифалари ҳақида сўрадик.

– “Ёзувчи/рассом/маданият ходими резиденцияда” дастури – UzLAB – Uzbekistanʼs Literature and Art Bridge – Ўзбекистонни дунё адабиёти ва санъати билан боғловчи мустақил митти кўприкдир. У асосан ўн кундан тўрт ҳафтагача муддат ичида Ўзбекистоннинг камида учта шаҳридаги адабий, дўстона, дилкаш давраларда бўлишни истовчи чет эллик ёзувчи, шоир, таржимон, рассом, маданият ходими учун мўлжалланган.

Дастур 2018 йил октябрь ойида лойиҳа-тажриба сифатида очилган ва ҳозиргача унда ўндан зиёд хорижий давлатдан 20 нафардан ортиқ ижодкор иштирок этди. Хорижлик ижодкорларнинг катта қизиқиши туфайли, йилнинг исталган пайтида 2-4 кишилик қўшимча гуруҳларни ҳам қабул қилиш бошланди, яъни, дастур бундан буён йил бўйи давом этаверади.

“UzLAB” мустақил ташаббус сифатида адабий, маданий алмашув, чет эллик муаллифлар билан мулоқот ва ўзаро алоқага очилиш, ўзбекистонлик ёзувчи, шоир, рассом ва маданият соҳаси вакилларига хорижлик ҳамкасблари билан мулоқот ўрнатиши учун шароит яратиш мақсадида ташкил этилган. Келгусида фойдали дастур ва лойиҳалар устида биргаликда ишлаш учун адабий, профессионал муносабатларни йўлга қўйиш, кўргазмалар қилиш, чет тиллари курслари ташкил этиш, адабий таҳрирлар қилиш, китоблар чоп этиш баробарида чет эллик ижодкор туристларни Ўзбекистонга жалб этиш ҳам назарда тутилган. Мазкур дастур келгусида Ўзбекистон ўзининг кенг кўламли Халқаро ижодий дастурларини, Халқаро ёзувчилар ва шеърият фестивалларини, Халқаро ижод уйларини очишига туртки бўлишни мақсад қилади, – дейди Аъзам Обидов.

“Фарҳод ва Ширин” достони Ҳиндистонда чоп этилади

"UzLAB" мушоира ва бадиий ўқиш кечалари, қисқа муддатли чет тили курслари ва суҳбат клублари, ёзувчи, шоир, рассом ва талабалар билан учрашувлар, кутубхона, адабиёт ва уй-музейлари, шунингдек, Ўзбекистоннинг диққатга сазовор, тарихий шаҳарлари ва зиёратгоҳларига саёҳатни ўз ичига олади.

Ўтган дастурлар натижаси ўлароқ, ўзбек ёзувчиларининг ҳикоялар тўплами, ўзбек шоиралари тўплами дастурда иштирок этган хориж ижодкорлар ёрдамида инглиз тилида китоб ҳолида нашр этилмоқда. Ўзбек шоирлари ижодидан намуналар эса инглиз, ҳинд, озарбайжон, қирғиз, болгар тилларига таржима қилинди. Болгар тилида ўзбек ёзувчилари ҳикоялари бирин-кетин онлайн адабиёт платформаларида нашр этила бошлади. Ҳинд шоираси Рану Униялнинг ўзбек тилидаги тўплами Хоразмда, Алишер Навоийнинг инглиз тилига ўгирилган “Фарҳод ва Ширин” достони ҳамда замонавий ўзбек шеърияти антологияси Ҳиндистонда босилиши режалаштирилган. Болгарияда Ўзбекистонга бағишланган алоҳида тақдимотлар қилинди, Озарбайжон, Қирғизистонда 10 га яқин нашрлар ўзбек адабиёти ва санъатига оид мақолалар берди. Дастур иштирокчилари ўз мамлакатларидаги адабий ва маданий доираларни Ўзбекистонга жалб қилишда, саёҳатларини уюштиришда жонбозлик қилмоқда. Шу йил август ойида бир гуруҳ ўзбекистонлик ижодкорлар Болгариянинг Пловдив шаҳрига маданий-адабий алмашув дастурида иштирок этиб қайтди. Дастур бундай ижодий алмашувларни тез-тез амалга оширишни кўзлайди.

Дастур доирасида меҳмонлар Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон миллий кутубхонасининг ноёб қўлёзмалар бўлимига ташриф буюришди ҳамда ижодкор ёшлар билан учрашишди. Ёшларда япониялик шоира, таржимон Кэ МОРИнинг Алишер Навоийнинг бир туркум ғазалларини инглиз тилидан япон тилига таржима қилгани катта қизиқиш уйғотди. Тошкентнинг бир қатор диққатга сазовор жойларида бўлган Австралия, АҚШ, Болгария, Япония, Ирландия, Дания, Бангладеш, Испания, Исроил, Қирғизистон, Қозоғистондан ташриф буюрган меҳмонлар бугунги кунда Наманган вилоятида ижодий учрашувлар ўтказишмоқда.

Дилфуза СОБИРОВА

    Бошқа янгиликлар