АсосийJamiyat

Бухорода бўлиб ўтган инфо-тоур доирасида қадим Пойкeнт заминига ташриф буюрилди

'Бухорода бўлиб ўтган инфо-тоур доирасида қадим Пойкeнт заминига ташриф буюрилди'ning rasmi

Вилоятда ташкил этилган “Инфо-Тоур” доирасида иштирокчилар Қоракўл тумани, “Пойкент” археологик ёдгорлиги қадимий шаҳар харобаларида бўлиб, унинг бой тарихи билан танишишди.

Ўрта аср Араб муаррихлари Наршахий, Табарий, Ибн-ал Хордадбех, Ибн ал-Фақиҳлар асарларида “Мадина ал Тужжор”, - “Савдогарлар шаҳри” дея эътироф этилган, қадимда Сўғднинг “Марварид монанд” шаҳри бўлган, Қадимги Пойкент шаҳри Бухородан 55 км жанубий-ғарбда, Қоракўл тумани ҳудудида жойлашган. Гарчанд шаҳар ижтимоий, табиий оқибатлар туфайли ўрта асрлардек вайронага юз тутса-да, ўтмиш қаърига бутунлай сингиб кетмаган, ўзидан бой ва бебаҳо тарихни қолдирган.

Шунингдек, қадимги Пойкент шаҳри тўғрисида Хитой, араб муаллифлари қимматли маълумотларни қолдирганлар. Буюк Ипак йўлида жойлашгани, қулай географик имкониятга эгалиги боис, шаҳар халқаро транзит савдода иштирок қилишини эътиборга олиб, Х асрда яшаган бухоролик тарихчи Абу Бакр Муҳаммад ибн Жаъфар Наршахий ўзининг “Бухоро тарихи” асарида “Байкент аҳолиси ҳаммаси савдогар бўлган. Улар Хитой билан ва денгиз орқали бориладиган мамлакатлар билан савдо қилганлар ва жуда бой бўлганлар”, - деб ёзиб қолдирган шаҳар, “Мис шаҳар” ва бошқа номлар билан ҳам тилга олинади Хитой манбалари Пойкентни Би номи билан ҳам атаган.

Қадимги Пойкент шаҳри ҳудудида кейинги йилларда олиб борилаётган археолигик тадқиқотлар натижасида тўпланган, археологик ашёлар асосида 2002 йилнинг октябрь ойидан қадимги Пойкент тарихи музейи фаолиятини бошлаган. Музей экспозицияларида бугунги кунда бундан 5-6 минг йил олдинги даврга тааллуқли нодир тарихий архефактларни томоша қилиш мумкин.

Меҳмонлар Пойкент заминида мусиқа садолари остида тантанали кутиб олинар экан, уларга туманнинг миллий кураш спорт тури намуналари ва фольклор жамоаларининг чиқишлари ҳамда пичоқсозлик намуналари намойиш этилди.

“Пойкент” тарихий музейи директори Нормамат Собиров иштирокчиларни музей тарихи ва Пойкент археологик ёдгорлигида олиб борилган қазишмалар натижасида топилган қадимий турли экспонатлар билан таништирар экан, бир неча ой илгари Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси Археология институти ва Россия давлат Эрмитажи Шарқ бўлими томонидан қадимий Пойкент шаҳри харобаларида археологик қазишма ишлари бошланганини маълум қилди. Қазишма ишларининг навбатдаги жараёнида ҳудуддан сополдан ясалган қозон топилган.

Айни кунда музейга ташриф буюрган тадбир иштирокчилари қадимги тош қуроллар, қадимги тангалар, кулолчилик, заргарлик, метал ва шиша буюмлар ҳамда қадимги ранг тасвир асарлари парчалари, амалий санъат намуналари, интерер безаклари, суякдан ишланган буюмлар ва қадимги ёзув намуналари каби бир-биридан ажойиб экспонатларни ўз кўзлари билан кўриш имкониятига эга бўлишди.

Жумладан, саёҳат доирасида иштирокчилар Пойкент археологик ёдгорлиги қадимий шаҳар харобаларида бўлиб, “Археолог турист” лойиҳасида иштирок этишди ҳамда турли сопол буюмлари қолдиқларини топишга муяссар бўлишди.

Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси ахборот хизмати

    Бошқа янгиликлар