Бир неча кун аввал ижтимоий тармоқларда аёллар ва болалар Паркентдаги “Заркент бобо” зиёратгоҳидаги қабрни айланиб, тавоф қилаётгани, зиналарга бош қўйиб, сажда этаётгани тасвирланган видео тарқалган эди.
Azon.uz сайтининг You tube каналига жойлаштирилган видеолавҳага Ўзбекистон мусулмонлари идораси ўз муносабатини билдирди.
Матбуот хизматининг хабар беришича, Ўзбекистон мусулмонлари идораси ташаббуси билан Тошкент вилояти Паркент тумани имом-хатиблари томонидан зиёратгоҳда кузатилган динимизга зид амалларни бартараф этиш чоралари кўрилди ва у ердаги ҳолат доимий назоратга олинди. Ушбу туман имом-хатиблари томонидан мунтазам тушунтириш ишлари олиб борилмоқда.
Шунингдек, Ислом динида баён этилган зиёрат одоблари акс этган пешлавҳаларни идора тасарруфида бўлмаган қадамжоларга ҳам жойлаштириш бўйича саъй-ҳаракатлари Диний идора ташаббуси бошланди.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси яна бир бор шу каби ўз тасарруфида бўлмаган зиёратгоҳларнинг масъулларини мана шундай кўнгилсиз ҳолатлар юзага келишининг олдини олиш, зиёрат одобларини тушунтириш борасида ҳамкорликка доим тайёр эканини маълум қилган.






