Исроил элчиси Эдди Шапира Хлебушкина номидаги 22- сонли Меҳрибонлик уйи тарбияланувчилари билан биргаликда элликта мевали дарахт кўчатини экди. Ушбу лойиҳа Исроилнинг “NETAFIM” ташкилоти ёрдамида амалга оширилди. Улар экин учун ажратилган майдонни тайёрлаб, томчилаб суғориш тизимини ва олма, бодом, нок, олхўри хамда шафтоли кўчатларини ҳадя этишди.
Netafim - томчилаб суғориш технологияси бўйича Исроилнинг илғор корхоналаридан бири ҳисобланади. Томчилаб суғориш концепцияси исроиллик муҳандис Симха Бласс томонидан ишлаб чиқилган бўлиб, у секин ва мувозанатли суғориш ҳосилни сезиларли даражада ошишига олиб келишини аниқлади. Корхона 1965 йилда ушбу технолигия бўйича бутун бир саноатни яратди. Томчилаб суғориш саноати Исроилнинг дунёни ўзгартирган ўнта кашфиётлари рўйхатига киради. Ҳозирги кунда “NETAFIM” корхонаси ҳақли равишда дунёга машҳур томчилаб суғориш бренди ҳисобланади.
Ўзбекистонда "NETAFIM" корхонаси нафақат тижорат лойиҳаларини амалга оширади, балки хайрия фаолиятини хам юритади. Шу муносабат билан Хлебушкина номидаги 22-сонли Меҳрибонлик уйининг ёзги лагери биринчи ўқув-намойиш майдончасига айлантирилди. Бу ерда тарбияланувчилар сувни тежамкорлик билан ишлатишни ва қишлоқ хўжалиги асосларини ўрганишади.
Келгусида корхона ўқув машғулотларни ташкил этишни ва Ўзбекистоннинг бошқа Меҳрибонлик уйларида шунга ўхшаш ўқув-намойиш майдончаларини яратишни режалаштирмоқда.
Дилфуза СОБИРОВА






