АсосийJamiyat

Буюклар ҳақиқатлари: Иброҳим Ғофуров ахборот замонида довдираётган адабиётчилар ҳақида

'Буюклар ҳақиқатлари: Иброҳим Ғофуров ахборот замонида довдираётган адабиётчилар ҳақида'ning rasmi

Иброҳим Ғафуров – теран мушоҳадали мунаққид, маҳоратли таржимон, ёниқ сўзли журналист, дилбар мансураларнинг шоири, таниқли жамоат арбоби. Қаттол 1937 йилда туғилган заковатли ва ориф бу инсон 83 ёшида ҳам ёшлик шавқи ва муҳаббатини сақлаган, ақл ва ҳиссиёт исканжасида кўз ёрган ҳароратли сўзи билан элни баҳраманд қилади. Қомусий билим эгаси ва гуманист адиб бир адабий очеркида Саид Аҳмадни «прозанинг шоири» деб атаганидан сўнг ўзига «танқиднинг шоири» деган атамани орттирган ва бу ном унга жуда ярашади.

- Машҳур бир комедиянинг қаҳрамони болаларча соддалик билан: «Ўзи сиз ҳам қачонлардир бола бўлганмисиз?!» - дейди. Ҳаётнинг юки катталар елкасида бўлган, болалар эса беташвиш, бокира ва беғубор бўлганлар. Неча яшарлик пайтларингизни эслай оласиз? 

Иброҳим ҒАФУРОВ: Уч-тўрт яшарлик пайтларимни эс-эс хотирлайман. Дадам елкасига ўтқазиб Чорси гузарига олиб чиқарди. Туяларни кўрардим. Карвонсаройларда одамлар куймаланиб юришарди. Кўклам, ёз, кеч кузгача Тошкент шимолида ястанган «Тешикқопқа»даги боғимизда турамиз.

Тошкентнинг шимолий девори илгари анна шу ерлардан, халқ «Тешик қопқоқ» деб атайдиган жойдаги Қичқириқ сойи бўйлаб ўтган ва Тахтапул ёқлардан чўзилиб келиб Тошкентнинг ғарбига - Қорасарой, Сағбонлардан ўтиб Кўкчага қараб борарди. Болалигимизда Тошкент деворининг нураган, тепаликка айланган, чим босиб ётадиган, яккам-дуккам сақланган ерларида ўйнаб, баландликларида қўй-эчки боқардик. Сал қоронғу тушса, бу жойлар жуда ваҳимали бўларди. Боғимизни ёқалаб Қичқириққа томон бир арава сиғадиган, тупроғи ўйнаб ётадиган йўл ўтарди. Қишда у шунчалар балчиқ лойга айланардики, ундан на от-арава, на эшак ва ва на одам ўта оларди. Одамлар нураган уйларнинг деворларига қапишиб олишар,  деворни ушлаб оёқ учида шох-шаббанинг устига эҳтиёт билан қадам босиб юришарди. 

Шаҳар ҳовлимиз Чорсида эди. Бизнинг Чорсидаги кўчамиз нонвойлар, ширмонпазлар маҳалласи бўлиб, машҳур гумбазли Чорси ҳаммоми ва ун тортиладиган Каппон кўчамизда жойлашган эди. Кўчамиз бошидан трамвай айланиб Кўкча томонга чийиллаб, ғийқиллаб ўтиб кетарди. Чақардан ҳам трамвай юрарди. Трамвайларнинг жаранг-журунглари гузар бозори атрофидаги туяларнинг маюс қўнғироқлари садоларига қўшиларди...

–Сиз бир тадқиқотингизда «насаб» ва «мансаб» сўзи бир ўзакдан келишини, мансабга насабга қараб чиқилганини чиройли ёзгансиз. Аждодларингиз ҳақида сўзлаб берсангиз.

И.Ғ.: Ота аждодларим шаҳар доруғалари ва ширмонпаз бўлишган. Бу касб-корлар насллардан наслларга мерос ўтиб келган ва ХХ асрнинг ўрталарига келиб бизда тугади, тўхтади, барҳам топди. Анъаналар узилди. Энди ширинликларни завод-фабриклар, цехлар ишлаб чиқаради. Она аждодларим беклардан бўлиб, улар ибодийларга мансуб эдилар.

-«Олтин давр»ингизни - талабалик йилларини хотирлаб турсангиз керак?! 

И.Ғ.: – 1956 йил август ойининг охирида университет ҳовлисидаги ўқишга кирганлар рўйхатининг охирги қаторида ўзимни кўриб, юрагим ёрилгудай бўлдим. Ана шу дам дунёга келиб яшаб кўрган-билган энг бахтиёр онлардан, энг улуғ қувончим бўлди. Камбағал катта ўқишга кирса суюнади-да! Университет менга иккинчи падар бўлди, ҳар жиҳатдан тарбиялади. Университетга муҳаббат қўйдим. Домлаларимга қараб миллат зиёлилари, олимлар, инсонни тарбияловчилар, маданий кишилар қандай бўлишини билдим. Уларга эргашишга ҳаракат қилдим. 

– Ўзингиз ҳам ёза бошлагандирсиз?

И.Ғ.: Мен учинчи синфга қатнаб юрган пайтларимдан шеър ёзиш, тўқишни машқ қилардим. Университетга киргач, тарихий ҳикояларимни кўтариб ёзувчилар уюшмасига, Ваҳоб Рўзиматов ҳузурига қатнай бошладим. Ваҳоб Рўзиматов ҳеч эринмай ҳамма ғўр ҳикояларимни ўқиб чиқарди. Одми-одми маслаҳатлар берар, баъзи ҳикояларни маъқул топса, редакцияларга тавсия этарди. Аммо тавсия этилган бирон ҳикоям чиққан эмас. 

«Танишув» деган бир ҳикоя ёзиб қўйган эдим. У 1959 йил май ойида «Саодат» журналида суратлар билан босилиб чиқди. Университетга кириб қандай бахтиёрлик туйган бўлсам, бу ҳикоянинг обрўли журналда чиққанидан шундай қувондим. Худди шунча пайтлардан бери курагимга ёпишиб ётган қанотларим ёзилгандай бўлди. 

-Қанча шоир-ёзувчиларнинг сарагини-саракка, пучагини-пучакка ажратган, ўткир сўзли танқидчининг ўзлари ҳам ёзувчиликдан бошлаган эканлар-да...

И.Ғ.: Университет домлалари бизни ижодга рағбатлантирар эдилар. Ажойиб инсон ва йирик олим Ғулом Каримов бизга Муқимий, Фурқат, Завқийлар ижодини завқ-шавқ билан ўтарди. Шу пайтларда Фурқатнинг икки жилдлик асарлари босилиб чиққан, мен уни жуда синчиклаб ўқиган ва ўзимга қайдлар қилган эдим. Ўзимда туғилган иштибоҳларнинг баъзиларини Ғулом Каримов домлага айтдим. Домла кўзойнагининг бандини оғзига тутганча ўйланиб қолди ва сўнг: «Ёзинг!» - деди. Мен Фурқатнинг икки томлиги ҳақида мақола ёздим ва домлага кўрсатдим. Домла кўп яхши сўзлар айтиб алқади ва: «Ўзбекистон маданияти»га олиб боринг, Шариф Юсуповга кўрсатинг. Унинг хабари бор», - деди. Мақола 1959 йилда «Аниқлик истаб» деган сарлавҳа билан каттагина бўлиб чиқди. Менда танқид матбуотда тез чиқар экан, деган фикр туғилди. Бот-бот тақризлар, мақолалар ёзишга киришдим. Чиққани чиқди, чиқмаганлари қолди. «Танишув»га қалам ҳақи беришди. Эгним ночор бўлиб қолган эди, янги кўк костюм-шим олдим. Бу адабиёт дунёсининг менга кийдирган илк тўни эди.

1969 йили онам раҳматли ўтганда, ўша тунда туш кўрдим. Онам мозор дарвозасидан кириб кета туриб қўлимга чиройли олтин ручка тутди. Онамнинг чеҳраси чарақлаб турарди. Бир неча йиллар ўтиб икки зот менга худди шундай ручка совға қилишди. Бири – Комил Яшин, иккинчиси – Шароф Рашидов. Бу зотларнинг менга ишонган қаламлари ишга ўтирганимда доим мени қўллаб туради. 

- Ҳозир адабиёт Сиз учун нима? Адабиётнинг бугун ҳам одамларга, уларнинг фикриятига таъсиридан умидвормисиз? 

И.Ғ.: Тасаввурларим, мени қуршаган муҳит, макон, дунёнинг қурилиши, тўзими ҳақидаги фикрларим доим ўзгариб, янгиланиб турган. Ўқувчилик пайтларимда бир бошқа, талабалик даврида яна бир ўзгача, мустақил иш бошлагандан сўнг бутунлай бошқа... Кейинги олтмиш йил ичида Дунё кўз ўнгимизда нақадар ўзгарди. Адабиётни ҳақиқатчи деб билардик. Давлат айтмаган ҳақиқатни адабиёт айтади ва бу ҳақиқат учун курашади, деб тушунардик.

- Ҳақиқат, факт – бу журналистика. Адабиёт – аввало санъатдир, назаримда. Ҳақиқатни айтганда ҳам қанчалар санъаткорона, бадиият билан айта олгани муҳимдир.

И.Ғ.: Зулм дунёсининг барҳам топиб, келмайдиган бўлиб кетишида адабиёт ва адибларнинг ўрни қандай бўлганлигини ҳеч ким рақамлар билан ҳисоблаб чиқмаган. Лекин Бехбудий, Фитрат, Чўлпон, Қодирийларнинг сўзи қудратли империяни титратган, том маънода ларзага солган, унинг асосларини ҳеч тўхтамай, ҳеч тинмай зилзилага солган.  Империянинг қулашида ҳам шу адабиётнинг сўзи зўр хизматлар қилди. Сўз атомдан кучли экани исботини топди. 

-Шубҳасиз, жуда талабчан танқидчисиз. Сиз тан олиб, эътироф этадиган шоирлар, ёзувчилар борми? Уларнинг нимаси мақбул? 

И.Ғ.: Дидлар ранг-баранг. Менга Чўлпон, Ғафур Ғулом, Фитрат, Усмон Носир, Эркин Воҳидов, Абдулла Орипов шеърларининг қуймалиги ёқади. Юсуф Хос Ҳожиб, Югнакий, Яссавий, сулаймон Боқирғоний, Рабғўзий, Хоразмий, Лутфий, саккокий, Атоий, Гадоий, саоий, Саъдий, Ҳофиз, Навоий, Бобур, Машраб, Ҳувайдо, Пушкин, Гёте, Байрон, Шекспир, Сервантес, Конфуций, Тагор, Иқбол туғма шеър даҳолари бўлиб кўринади. Мен буни улардан илҳом ва эъжоз сирлари ёғилиб келишидан биламан.

- Адабий таъсирлар ҳақида фикрингиз? Дейлик, Лотин Америкаси адабиётининг ўзбек насрига таъсири қанчалик?

И.Ғ.: Адабий таъсир деганингиз – реал мавжуд ходиса. Ўзаро таъсир, акс таъсир, ўзаро алоқалар, ўзаро боғлиқликлар ҳақида кўп айтилади. Совет даврида унга жуда катта мафкуравий урғу берилган ва сиёсий мақсадлар ҳам кузатилган. Катта адиблар ўз атрофларида таъсир майдони яратадилар. Ижоднинг қудрати, жозибаси шунга олиб боради. Бундай олиб қарасангиз, кимнингдир таъсирини сезмаган биронта ижодкор, санъаткор йўқ. Йўл таъсирланиш орқали юксак оригиналликка, ўзига хосликка ўтади. Қодирийнинг таъсир доираси, Қаҳҳорнинг таъсир доираси – булар бор ходисалар. Лекин талант заиф бўлса, таъсирланиш тақлиддан нарига ўтмайди. Тақлид эса оммавий урчиган нарсадир. Биров яхши қўшиқ айтса, кетидан тақлид бошланади. Яхши шеър туғилса, минглаб тақлидлари урчийди. Кўпинча оммавий тақлидлар юксак асарни ҳам тезда сийқалаштириб ташлайди. Лекин тақлид ва таъсирланиш табиатнинг ўзида ҳам бор. «Чиллаки чиллакини кўриб чумак уради», - дейдилар. Бугунги адабиётимиз намуналарида ҳам таъсирланиш ҳодисасини кузатиш мумкин. Хуршид Дўстмуҳаммад, Назар Эшонқул прозада, Абдували Қутбиддин, Фахриёр, Баҳром Рўзимуҳаммад шеъриятда авангард адабиёти намуналарини яратишга муваффақ бўлишяпти. Уларнинг бир қатор асарлари интеллектуал юксаклиги ва фалсафий мағиздорлиги билан одамни чуқур ўйлатади. Хуршид ҳам, Назар ҳам Кафка, Камю, Кортасар, Борхесни севиб ва ҳатто жуда севиб ўқиётганлари аён кўзга ташланади. Буни «Маймун етаклаган одам», «Беозор қушнинг қарғиши» каби қиссалар ва ҳикоялар мажмуаларини ўқиган киши сезиб олади. Авангард санъати ижтимоий тараққиётнинг маҳсули сифатида шу тараққиёт етишганда миллий адабиётимиз ва санъатимизга ҳам албатта кириб келади. У ҳозир ўқишлар орқали туғилган илк қадамларини ташлаяпти. Интеллектга мурожаат кучайган сайин «бошқача ёзиш» ғоясига эргашувчилар ҳам кўпаяди.

-Иброҳим ака, бизнинг ўзбеклардан ҳам Нобел мукофоти оладигани чиқармикин? 

И.Ғ.: Не-не буюк адиблар, алломалар, шоирлар, донишмандларни ўз бағридан етиштириб келган, буюк тарих ва буюк маданият яратган халқ ичидан нега Нобел ё бошқа юксак халқаро мукофотга муносиб шахслар, асарлар етишиб чиқмасин?! 

-Ватаннинг, Тошкентнинг Сизнинг ҳаётингиздаги ўрни қандай? Дарвоқе, юртга сайёҳ назари билан эмас фарзандлик назари билан боқиш керак, албатта.

И.Ғ.: Барча хатти-ҳаракатларимиз, орзу-интилишларимиз она юртимиз борлиги, у озод, мустақил мамлакат эканлиги билан маъно-мазмун касб этади. Зар қадрини заргар билади. Зар бу – она юртимиз, заргар унинг халқи, Конституцион ҳуқуқларга эга фуқаролари. Ҳар биримиз ўзимизни ватанимизга нисбатан заргар деб биламизми? Заргар деб қараймизми? Масалан, мен адабиётни севиб адабий танқидчи бўлдим. Ҳаёт, адабиёт, одамлар ҳақида ўқиш, ёзиш, фикрлашни яхши кўраман. Буни ижодгина эмас, ижтимоий амалиёт, юртимга хизматим деб биламан. Ижтимоий фикрнинг ҳаракатчанлиги, фаоллиги ижодкорларга боғлиқ эмасми?

- Адабиётнинг, сиз айтгандай, ижтимоий фикр таъсиридан, бадиий сўзнинг бугунги тақдиридан қониқасизми? Бугунги адабиёт истиқболда қандай бўлади?

И.Ғ.: Бир қарасангиз, инсоният адабиётдан, унинг ёлғонларидан, тўқималаридан чарчаганга, кўнгил олдиганга ўхшайди. Жуда-жуда озчилик итоб ўқияпти. Ёшлар интернет клубларига шошяпти. Бундай шароитда Интернет ва ТВ билан рақобат қила оладиган адабиёт вужудга келиши керак. 

-ТВ ҳам, Интернет ҳам коммуникатив воситалардир. Уларнинг асоси барибир сўздир. ТВ ёки кино қаҳрамони ҳам сўзлар орқали гапиради. Интернет ҳам борича тасвир ва матндан иборат. Адабиёт, адиблар довдираб ўтирмасдан бу воситалардан фойдаланиши ва уларни зина қилиб бугунгидан юксакроқ кўламга чиқиши керакдир, балким.

И.Ғ.: Тараққиётнинг даражасига, глобаллашувнинг муқаррарлигига мос адабиёт дунёга келади. Қисқалик, лўндалик, ростлик ва шунга яраша янгича ифодавийлик бу адабиётнинг белгисига айланар, эҳтимол. Замон жуда тез. Адабиёт эса тез яратилмайди. Адабиёт изҳор сифатида қолади ва яшайди. 

Дунёнинг интернетлашиб бориш жараёнини эса тўхтатиб бўлмайди. 

Ҳали ақл бовар қилмайдиган кашфиётлар юзага чиқади. Улар миямизни ҳам, ҳиссиётларимизни ҳам ўзгартириб юборади. 

-Иброҳим ака, кечган умрга боқиб, нимадан суюнасиз, нимадан куюнасиз? 

И.Ғ.: Одам боласи ҳур туғилганлигини ҳар дамда ҳис қилиб, сезиб турса ва ҳар дамда одамдай яшаса, шунга суюнаман. Одам боласи дунёга келиб ўзи қодир бўлган ишни қойиллатиб адо этаётган бўлса, шунга суюнаман. Одам боласи катта меҳнат қилиб, самарасини кўрса, меҳнати ғадр топса, шунга суюнаман. Одам боласи ўз олдига эзгу мақсад қўйиб, шу йўлда ғалабага интилса, шунга суюнаман.

Одам боласи фойдасиз иш, фойдасиз сўз, бехуда орзулар кетидан қувиб яшаётган ва ўз ҳолини баҳолай олмаётган бўлса, шунга куюнаман. 

-Миллатимизнинг табиатидаги қандай хусусиятлар Сизга мақбул? Менталитетимизнинг қайси жиҳатларидан кўнглингиз қониқмайди?

И.Ғ.: Миллатимиз ҳали шаклланишда бўлган миллатдир. Унинг меҳнатсеварлиги, фарзандлари илмли бўлишига интилиши, некбинлиги, сабр-қаноатлилиги, аёлларнинг шафқатли, фидокорлиги умидбахшдир. Соддалик, анахронизмга айланган, маъносини йўқотган расм-русумларга толиб бўлиб юриши, кўникиб кун кечиришга мойиллиги одамни ўйлантириб қўяди. Кўндаланг турган муаммоларни ҳал қилиб олға интилишнинг вақти аллақачон етган. Шоир айтгандай, ўзини ширин ёлғонларга чулғаб яшашнинг сира маъноси қолмади. Беҳуда нарсаларга ишониш, мутелик, лақмалик қобиқларидан батамом холос бўлиш керакдир, эҳтимол.. Инсонликнинг қадрсизланиши жуда чуқур таназзулга олиб боради. Менинг ақидам шу: ҳар бир инсон ноёбдир. Унда коинотнинг мусаввирлик сири мужассам. Ҳаётнинг реал қиммати – инсондир. 

 

Карим БАҲРИЕВ суҳбатлашди.

    Бошқа янгиликлар