Сенатнинг йигирма учинчи ялпи мажлиси давом этмоқда.
Мамлакатда дарахт ва буталарни кесишда қонун ҳужжатларига риоя этилиши ҳолати тўғрисидаги ахбороти эшитилди.
Айни пайтда дарахтларни ноқонуний кесиш билан боғлиқ 3 мингдан ортиқ ҳуқуқбузарлик аниқланган бўлиб, салбий кўрсаткич ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 66 фоизга ортган.
Ҳуқуқбузарларга нисбатан жами 4 миллиард 524 млн. сўм миқдорида жарима қўлланилган ва зарар ўрнини қоплаш белгиланган бўлса-да, 1 минг 800 дан зиёд маъмурий иш юзасидан 3 миллиард 72 млн. сўм маблағ ҳанузгача ундирилмаган.
Мисол учун, Тошкент вилояти Юқоричирчиқ тумани “Ийк-ота” МФЙ, Тошкент-Ғазалкент-Чорбоғ йўлида 155 туп дарахт қонунга зид равишда йўл ташкилоти томонидан кестирилган ва табиатга 455 миллион сўмдан ортиқ зарар етказилган.
Яқинда ижтимоий тармоқлар орқали пойтахтимизнинг айрим ҳудудларида дарахт ва буталарни кесиш билан боғлиқ ачинарли ҳолатлар таъсирчан тарзда кенг ёритилди.
Амалдаги қонун ҳужжатларига асосан Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси дарахт ва буталарни кесиш бўйича рухсатномалар реестрини юритиши ва уни ўз расмий веб-сайтларига жойлаштириши белгиланган. Бироқ, бу тартиб ҳанузгача мутасадди идораларнинг иш фаолиятида жорий этилмаган.
Шу билан бирга, Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси Ўрмон хўжалиги давлат қўмитаси ҳамда Фанлар академияси билан биргаликда 2019 йил 1 мартгача дарахтларни хатловдан ўтказиш бўйича методик қўлланмани ишлаб чиқиши белгиланган бўлса-да, мазкур ҳужжат ҳанузгача ишлаб чиқилмаган.
Сенат Раисининг таъкидлашича, дарахт ва буталарни ноқонуний кесиш билан боғлиқ ҳолатларни фақатгина оммавий ахборот воситалари ходимлари, блогерлар ёки ижтимоий тармоқларда фаол фуқаролар кўтармоқда. Бу бўйича Экологик партиянинг ташаббуси кўринмаяпти. Улар бу борада фаол бўлиши керак. Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси айнан Экологик партия билан ҳамкорлигини кучайтириши лозим.
Шу муносабат билан, Дарахт ва буталарни ноқонуний кесиш билан боғлиқ ҳуқуқбузарликлар юзасидан жазо чораларини кучайтириш, шу жумладан Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги ҳамда Жиноят кодексига тегишли ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш таклиф қилинди.






