Бир муддат аввал Телеграм мессенджеридаги @Militsiya_Uzb каналида Қашқадарё вилоят ИИБ ЙХҲБ ходимининг тунги вақтда хизматни ташкил этиши давомида ҳайдовчи билан қўпол муомалада бўлганлик ҳолати юзасидан видео ва унга берилган шарҳга эълон қилинган эди.
Қашқадарё вилоят ИИБ матбуот хизмати ушбу ҳолат бўйича текширув олиб борди ва ҳолатга аниқлик киритди.
Аниқланишича, 2019 йилнинг 09 октябрь куни @Militsiya_Uzb каналида “Қашқадарё ГАИлари билан жанжал” сарлавҳаси билан номаълум шахс томонидан вилео жойлаштирилган. 3 қисмдан иборат бўлган Қашқадарё вилоят ИИБ ЙХҲБ ходимининг тунги вақтда хизматни ташкил этиши давомида юк автомашинаси ҳайдовчиси билан белгиланган тартибда муомалада бўлмаганлик ҳолати акс этган видеолавҳа мазкур канал обуначиларига намойиш этилган.
Ушбу лавҳа эълон қилиниши биланоқ вилоят ички ишлар бошқармаси соҳавий хизматлари томонидан видеода акс этган ЙХҲБ ходимининг шахсига аниқлик киритилди.
Унга кўра, мазкур ходим вилоят ИИБ ЙҲХБнинг собиқ ЙПХБ 2-ЙПХ отряди 3-сафарбарлик гуруҳи ЙПХ катта инспектори сержант Чориев Равшан эканлиги аниқланган ҳамда мазкур видео лавҳага асосан ўтказилган текширув давомида у 2018 йил 08 март куни соат 23-00 лар чамасида Қамаши тумани Чим қишлоғи ҳудудидан ўтувчи 4Р-79 “Қарши-Чим-Яккабоғ-Шахрисабз” ва А-378 “Ғузор-Самарқанд” автомобиль йўллари кесишган чоррахада тунги хизматга жалб этилганлиги ва шу куни мазкур йўлдан харакатланиб келаётган “Мерседес-бенц” русумли 70 А 077 МА давлат рақамли юк автомашинаси ҳайдовчиси ўртасида келиб чиққан зиддият билан боғлиқ эканлиги аниқланди.
Вилоят ИИБ томонидан мазкур ҳолатда собиқ ЙПХБ ходими амалдаги қонунчилик талабларига риоя этмаганлик ҳолати юзасидан хизмат текшируви ўтказилиб, натижада сержант Р.Чориев қаттиқ интизомий жазога лойиқлиги, лекин унинг 2018 йил 30 март куни вилоят ИИБ бошлиғининг номига эгаллаб турган лавозимидан озод этиб бошқа хизматга ўтказилишини сўраб берган билдиргиси инобатга олинди.
Қайд этилганларга асосан, вилоят ИИБ жамоатчилик томонидан ички ишлар ходимининг ножуя хатти-ҳаракатига нисбатан билдирган мурожаатини асосли деб ҳисоблайди. Шунингдек, вилоят Ички ишлар бошқармаси раҳбарияти фуқароларимиздан ходимлар билан боғлиқ бўлган ҳар қандай ножуя ҳаракат ҳақида зудлик билан вилоят Ички ишлар бошқармаси раҳбариятига мурожаат қилишлари мумкинлигини сўраб қолади.