2019-йил 14-майда Президентнинг “Олий таълим муассасаларига тест синовлари орқали қабул қилиш тизимини такомиллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорига кўра, 2020/2021 ўқув йили қабулидан бошлаб тест синови топшириладиган фанлар мажмуаси икки бўлимга ажратилди. Биринчи бўлимга барча тест топширувчилар учун мажбурий учта фан – она тили (ўзбек, рус, қорақалпоқ тили), математика ва Ўзбекистон тарихи, иккинчи бўлимга абитуриент танланган бакалавриат таълим йўналишига мос иккита фан киритилиши белгилаб қўйилган. Кўпчилик олий таълим муассасасига кириш учун мажбурий фанлар сонининг кўпайтирилиши абитуриентлар учун қийинчилик туғдиради деган фикрларни билдиришди. ДТМ ушбу муҳокамадаги мавзуга қуйидагича ойдинлик киритди.
“Олдинги ўқув йиллари қабули учун ўтказилган кириш тест синовлари таҳлилларига кўра абитуриентлар умумтаълим фанларидан битта ёки иккита фанни чуқурроқ ўзлаштиришга ҳаракат қилаётганлар сонининг кескин ошиб бораётганлиги кузатилмоқда. Бу ҳолат абитуриентларнинг умумтаълим фанларига бўлган қизиқишини пасайишига, уларнинг мантиқий фикрлаш доирасини торайиб боришига сабаб бўлмоқда.
Давлат тест маркази томонидан тест технологияларини такомиллаштириш мақсадида Германия, Туркия, Россия, Жанубий Корея, Япония, Қозоғистон каби давлатларнинг тажрибалари ўрганилди.
Ривожланган ва ривожланаётган мамлакатларда олий таълим муассасаларига кириш имтиҳонларига эътибор қаратилса, фанлар мажмуасига математика фани ҳамда ўша мамлакатнинг она тили ва тарихи киритилганига гувоҳ бўлиш мумкин. Бу фанлар, албатта, абитуриентнинг фикрлаш доирасини кенгайтиришга ҳамда саводхонлигини оширишга, ўз ўтмиши ва тарихини, халқ, миллат ҳамда давлат бўлиб шаклланиш жараёнларидан хабардор бўлишига хизмат қилади.
ДТМ изоҳида айтилишича, қарорда келтирилган мажбурий фанлар бўлимидаги тест топшириқлари соддалаштирилган бўлиб, абитуриентларнинг умумий саводхонлиги, мантиқий фикрлаши ва таянч билимларини баҳолашга йўналтирилган, биринчи қийинлик даражасида бўлади.