Вазирлар Маҳкамасининг 2014 йил 23 декабрдаги “Ўзбекистон давлат санъат музейи биносини реконструкция қилиш ва унинг моддий-техника базасини мустаҳкамлаш тўғрисида”ги қарорига мувофиқ, Ўзбекистон маданият ва спорт ишлари вазирлиги томонидан Ўзбекистон давлат санъат музейининг 100 йиллигини нишонлаш бўйича чора-тадбирлар ишлаб чиқилмоқда.
Қарорга асосан музей биноси мукаммал таъмирдан чиқарилиши, хорижий сайёҳлар учун намунали сервис хизматларини ташкил этиш чоралари кўзда тутилган, деб ёзади “UzReport” ахборот агентлиги.
Маълумот учун, Ўзбекистон давлат санъат музейи 1918 йилда ташкил қилинган ва у Марказий Осиёдаги тасвирий ва амалий санъат бўйича етакчи музейлардан бири ҳисобланади. Музей тўрт бўлимдан иборат бўлиб, уларда юртимиз халқ бадиий-амалий ва тасвирий санъати, шарқ мамлакатлари ҳамда Россия ва Ғарбий Европа санъати дурдоналари билан танишиш мумкин. Ҳозирда бу ерда 70 мингдан ортиқ қимматбаҳо экспонатлар мавжуд.
uz24.uz