АсосийJamiyat

Миришкор хокимининг яна янги "саргузаштлари" аниқланди...ми?

'Миришкор хокимининг яна янги "саргузаштлари" аниқланди...ми?'ning rasmi

Сўнгги пайтларда ижтимоий тармоқларда Миришкор тумани ҳокимининг видеотасвир ва аудиоёзувлари катта муҳокамаларга сабаб бўлди. Аввало, маккажўхори сўталарини рухсатсиз олаётган бобо ва набираларини қаттиқ койигани, кейин ҳокимнинг овози деб, айтилган одам томонидан 42 сония давом этган аудиода ўз қўл остидагиларни жуда қўпол сўзлар билан сўккани…

Кун.уз мухбири масалага ойдинлик киритиш мақсадида Қашқадарё вилоят ҳокимлиги матбуот котиби Аҳрор Содиқовга мурожаат қилди.

“– Бу ҳолатни яширишнинг, хаспўшлашнинг ҳожати йўқ. Ҳаммаси аён кўриниб турибди. Ҳозир бу ҳолат прокуратура томонидан олдинги ҳолат билан қўшиб ўрганиш учун назоратга олинган. Расман ўз тасдиғини топса, базавий ҳисоблаш миқдорининг камида 50 баравари миқдорида жарима қўлланиши мумкин, – деди ҳокимнинг жамоатчилик билан алоқалар бўйича маслаҳатчиси.

Миришкор тумани ҳокимлиги матбуот котиби Файзулла Эшқуловнинг бу масала юзасидан изоҳи қуйидагича бўлди.

«Миришкор тумани ҳокимлиги ахборот хизмати «Озодлик» радиоси ва ижтимоий тармоқларда эълон қилинган «Отахонни неваралари олдида маккажўхори учун ҳақоратлаган ҳоким фермерларни онасидан сўкди», «Сўконғич ҳоким тарихи» сарлавҳали аудиоёзувли хабарларни ўрганиб чиқди. Ушбу воқеалар аламзада одамлар томонидан бўрттирилган, олти йил олдинги воқеани гўёки бугун бўлгандек қилиб кўрсатишга уриниш ҳолатлари бор.

Бир нечта мисоллар келтирайлик. Ўрганишлар шуни кўрсатдики, Равшан Комилов 2014 йил 7 октябрда Чироқчи туманининг Пўстин қишлоғида истиқомат қилаётган 60 ёшли Мойли буванинг юбилей, келин тушириш ва невараларининг суннат тўйини бузмаган, фақат ўша даврнинг сиёсатидан келиб чиққан ҳолда пахта терими даврида тўй қилмаслик ҳақида огоҳлантириш берган.

2014 йилнинг 19 октябрида Чироқчи туман ҳокими бўлиб ишлаган Равшан Комилов Шаҳрисабз туман ҳокими Фахриддин Норовни иш кабинетидан ташқарига чиқариб урган, деган жумла асоссизлиги бўйича бир қатор фактлар тўпланди.

2018 йилнинг 18 июнида Миришкор туманида фермерлик қилган Шерали Давроновнинг яқин қариндошлари унинг ўз жонига суиқасд қилишини буғдой режасига ва мажлисда уриб ҳақорат қилинганига боғламаяпти.

Бугунги мақолага сабаб бўлган, «Озодлик» радиоси ва ижтимоий тармоқларда эълон қилинган, туман ҳокимининг фермерга бераётган танбеҳи билан боғлиқ воқеалар бундан роппа-роса олти йил аввал ёзиб олинган. Барчангизга маълумки, бундан беш-олти йил аввал пахта сиёсати йўлида ҳеч ким аяб ўтирилмаган. Ҳокимнинг фермерга танбеҳ бериш воқеаси олти йил аввал Чироқчи туманида содир бўлган. Аламзада кимсалар эса бу эски воқеаларни ижтимоий тармоқларда кўрсатиш орқали бугунги кунда иш ва одамларга муносабат услубини ўзгартирган ҳокимга қарши иш қилаётганлари сезилиб туради. 

Янгиланаётган Чироқчи (2013-2017) ва Миришкор туманларидаги бунёдкорлик ишларининг бошида турган, одамларнинг бошини қовуштирган, туманлар экспорти ҳақида қайғурган, бир неча йиллар давомида ғалла режаларини ортиғи билан бажарган, ўнлаб хайрия тадбирларининг фаол иштирокчиси бўлган, муҳими ватан равнақи учун хизмат қилаётган фуқаро ва раҳбар Равшан Комиловни обрўсизлантириш учун ҳаракат қилишяпти, деган хулосани келтириб чиқаради ушбу хабарлар.

Кечаги гапни бугунги гапга айлантирмайлик! 

Ҳоким ҳам сиз-у бизга ўхшаган кўнгли ва орзу ҳаваслари бор. Қўлимиздан келса, адолатли гапни айтайлик, бўлмаса сукут сақлайлик, ёлғон ва уйдирмалардан йироқлашайлик».

Невараларига маккажўхори сўтасини олиб берган бободан узр сўраган туман ҳокими бу сафар кимдан узр сўраб чиқар экан. 

    Бошқа янгиликлар