1

Антиқа шарт

МУТОЛАА 17.10.2019, 11:12
Антиқа шарт

Шарқ мамлакатларидан бирида  донолиги билан элга танилган подшо яшаб ўтган эди. У ўзининг донолиги билан ном чиқарган. Ўз атрофига ҳам ақлли, доно, ҳар қандай ишнинг кўзини биладиган, тадбирли вазирлар жам бўлишини истарди. Кунларнинг бирида унинг ақлли вазирларидан бири вафот этди. Унинг таъзиялари битганидан сўнг, подшоҳ ўзига янги бир вазирни танламоқчи бўлди. Бироқ у истаган ақлли, тадбиркор, идрокли вазир ҳадеганда топилавермади. Подшоҳга тавсия қилинганномзодлар биринчи суҳбат ёки учрашув пайтидаёқ подшоҳнинг синовидан “йиқилиб” ортига қайтиб кетаверди. 

Подшоҳ ҳукм сураётган мамлакатнинг пойтахтида бир оқил ва зеҳнли йигит яшар эди. У ҳар қандай мушкул вазиятдан чиқа олиши билан кўпчиликнинг эътиборини қозонган эди.

Подшоҳга йигит ҳақида айтиб беришди. Ҳукмдор бу пайтга қадар ўнлаб номзодларни синовдан ўтказган, ўзига муносиб, доно вазир чиқишига унчалик кўзи етмай турарди. Ҳукмдор ҳалиги йигитни ҳам бир бор синовдан ўтказиб кўрмоқчи бўлди. 

У йигитнинг уйига ўз сарбозларини жўнатди. Аммо улар номзод йигитнинг ҳузурига антиқа шарт билан боришганди:

-Ҳукмдоримизнинг ҳузурларига тез етиб боришингиз даркор. Аммо, аълоҳазрат шундай шарт қўйдилар. Сиз саройга на уловда ва на пиёда боришингиз шарт экан. Аммо айтилган вақтда етиб боришингиз зарур. Сиз бу шартни подшоҳимизнинг кўнгилларидагидекбажара олсангиз, сиз вазир мартабасига кўтариласиз.

Табиийки, йигит ҳам саройда хизмат қилишни, юқори мартабада бўлишни истарди. Аммо бунинг учун у подшоҳнинг ана шу оддийгина шартини бажармоғи лозим. 

Ниҳоят подшоҳ айтган кун етиб келди. Халқни қабул қиладиган сарой олдидаги майдонга бутун аркони давлат жам бўлганди. Одамлар учун подшоҳнинг шартини бажариш жуда мушкул эди. Ахир на пиёда, на уловда бўлган ҳолда ҳаракатланишнинг иложи йўқ. Йигит қандай келаркин? У отда ҳам, эшакда ҳам, хачирда ҳам аравада ҳам келолмайди. Шартга кўра ўз оёғи билан ҳам, эмаклаб ҳам бормаслиги керак. Агар шартни бажармаса, амалдан қуруқ қолади. Балки жазоланиши ҳам мумкин.

Ниҳоят, йигит кўринди. У чиндан ҳам ҳукмдор тахти томон яқинлашмоқда эди. Аммо подшоҳ айтгандек уни уловда деб бўлмаганидек, пиёда ҳам деб атамоқ мумкин эмасди. Подшоҳ унинг ақл-заковатига қойил қолди ва шу заҳоти марҳум вазирининг ўрнига тайинлади. 

Савол: Сизнинг-ча, йигит қандай йўл билан подшоҳ қабулига келган бўлиши мумкин?

(Азизлар, ушбу жумбоқли ҳикоянинг жавобини бугун сотувга чиққан “Даракчи” газетасининг 42-сони орқали ҳам билиб олишингиз мумкин.)

Шарҳлар

Об-ҳаво: Тошкент
Валюта курси
1