1

“Тинчлик ва осойишталикни сақлашда ёшларнинг масъулияти” мавзусида учрашув ўтказилди

ЖАМИЯТ 17.10.2019, 11:46
“Тинчлик ва осойишталикни сақлашда ёшларнинг масъулияти” мавзусида учрашув ўтказилди

Айни кунларда ИИВ Малака ошириш институти профессор-ўқитувчилари томонидан Бухоро ва Самарқанд вилоятларидаги туманлар ва шаҳарлар ички ишлар органларининг терроризм ва экстремизмга қарши курашиш бўлинмалари бошлиқлари (катта тезкор вакиллари), миграция ва фуқароликни расмийлаштириш, йўл ҳаракати хавфсизлиги, хавфсиз туризмни таъминлаш бўлинмалари ходимлари учун малака ошириш сайёр ўқув йиғинлари ўтказилмоқда.

Ўқув йиғинлари доирасида Институт профессор-ўқитувчилари томонидан таълим муассасаларида маънавий-маърифий учрашувлар ҳамда ҳуқуқий тарғибот тадбирлари ҳам уюштириб келинмоқда. 

Хусусан, Самарқанд вилояти Булунғур туманидаги 18, 22-сонли ҳамда Бухоро вилояти Жондор туманидаги 1-сонли, Бухоро туманидаги 23-сонли умумтаълим мактаблари ўқувчилари билан “Тинчлик ва осойишталикни сақлашда ёшлар масъулияти” мавзусида учрашув ўтказилди. 

– Мактабимизда ўтказилган бундай тадбирлар тез-тез ўтказилиб туришини сўрар эдик, – дейди Самарқанд вилояти Булунғур тумани 22-сонли умумтаълим мактабининг 11-синф ўқувчиси Нилуфар Нуриддинова. – Бу тадбир орқали биз ўқувчилар юртимизда ҳукм сураётган тинчлик-осойишталикнинг қадрига етишимиз, тинчликни сақлашда ўқувчилар қандай ишларни амалга ошириш кераклиги тушунтирилди. Мазкур тадбир доирасида ташкил этилган “Ёшлар ўртасида ҳуқуқбузарликлар профилактикаси” мавзусидаги викторина эса мактаб ўқувчиларида катта қизиқиш уйғотди. 

– Ўтказилган ушбу тадбирлар биз ёшларда ватанпарварлик, фидоийлик ва юртга садоқат туйғуларини оширишга, жонажон Ватанимизни асраб-авайлаш ҳар биримизнинг садоқатли бурчи эканлигини англаб олишимизга туртки бўлди, – дейди Бухоро туманидаги 23-сонли умумтаълим мактабнинг 9-синф ўқувчиси Ғолибжон Темиров. – Тадбир ташкилотчиларига ўз миннатдорлигимизни билдирамиз.

Шунингдек, Ички ишлар вазирлигига қарашли Самарқанд академик лицейида “Ёшларда юксак маънавият ва қонун устуворлиги асосида яшаш, эл-юртга садоқат, адолат, ҳалоллик ва жасорат фазилатларини камол топтириш” мавзусида ўтказилган маънавий-маърифий тадбирда бўлғуси ички ишлар органлари ходимларида мазкур олийжаноб фазилатларнинг мазмун-моҳияти ҳамда аҳамияти ҳақида сўз юритилди.

Бундан ташқари, Институт профессор-ўқитувчилари томонидан кекса авлод вакиллари ва якка ёлғиз қарияларнинг ҳолидан хабар олиниб, уларнинг муаммоларини эшитиш ҳамда маҳаллий давлат ҳокимияти органлари билан ҳамкорликда уларнинг ечимини топишга алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Жумладан, Бухоро тумани “Шергирон” маҳалласида истиқомат қилувчи, 2-гуруҳ ногирони Садриддин Саидов, Жондор тумани Пахтакор кўчаси 42-уйда истиқомат қилувчи, 1-гуруҳ ногирони Иброхимбек Иброхимов ва унинг отаси, 2-гуруҳ ногирони Фурқат Хамроев, Жондор тумани Варахшо кўчасида истиқомат қилувчи 
1941 йилда туғилган Жиро Хамроев, Булунғур тумани “Янгиобод” маҳалласида яшовчи, 1931 йилда туғилган Раим Носировларнинг ҳолидан хабар олинди. 

Институт профессор-ўқитувчилари томонидан жойларда сайёр ўқув йиғинлари, таълим муассасаларида тарғибот тадбирлари ҳамда кам таъминланган оилалар, ногиронлиги бор фуқаролар ва якка ёлғиз кекса авлод вакилларининг ҳолидан хабар олиш каби эзгу ишлар жойларда давом этмоқда.

Ўзбекистон Республикаси ИИВ Малака ошириш институти матбуот хизмати

 

Шарҳлар

Об-ҳаво: Тошкент
Валюта курси
1