АсосийShou-biznes

Шамлар ўчмаган кеча ёхуд машҳур актёр Евгений Леоновнинг оддий ҳаёти ҳақида

Москвада, оддий оилада

Евгений Леонов — халқ артисти, давлат мукофоти совриндори, театр ва кинонинг истеъдодли актёри бўлган. Унинг ижросидаги роллар бир-биридан таъсирчан қаҳрамонлар бўлиб, томошабин қалбидан чуқур жой олган. Леонов ўз ишига масъулият билан ёндашар, ҳар бир образни бор бўйича гавдалантиришга ҳаракат қиларди. Актёр иштирокидаги “Омадли жентльменлар”, “Гугуртга кетиб”, “Қор маликаси”, “Белорус вокзали”, “Мимино” ва “Кузги марафон” фильмлари бугунги кунда ҳам экрандан тушмаслигининг сабаби шунда.

Евгений Леонов 1926 йил 2 сентябрда Москвада оддий оилада туғилган. 1947 йилда Москва театр студиясини тугатиб, Станиславский театрига ишга кирган. 1968 йилдан бошлаб эса Маяковский номидаги театрда фаолият юритди.
У театр студиясини тамомлаган йилдан кинода суратга тушди. Самимий чеҳраси, табассумга йўғрилган иқтидори туфайли Леонов театр саҳнасидаёқ мухлис орттира бошлаганди. Бу жараён кинода янада кенг тус олди. Евгений Леонов фаолиятининг ҳар бир қирраси намоён бўлар, ҳатто дубляждаги ишлари таҳсинга сазовор эди. У машҳур мультфильм қаҳрамони Винни Пухга овоз бериб, олтин фонд бисотини бетакрор асар билан бойитишга улуш қўшди.
Леонов кинода ижобий ролларни унчалик кўп яратмаган (“Ола-була рейс”, “Румянцевлар иши”, “Ён, ён, юлдузим”, “Омадли жентльменлар”, “Мутлақо йўқолган”) бўлса-да, томошабин унинг қаҳрамонларини ёқтириб қоларди.
Георгий Данелиянинг “Кузги марафон”, “Афоня”, “Кўз ёшлар томчилаганда”, “Кин-дза-дза” каби фильмлари узоқ йиллар мобайнида Леоновнинг тумори бўлди, дейиш мумкин. Шунингдек, театрда Леоновга бир нечта роллар берган М.Захаров кинода “Свифт қурган уй”, “Оддий мўъжиза”, “Аждарҳони ўлдириш” фильмлари орқали кўнгилчанлик, тушкунлик ҳолатларини намоён этувчи қаҳрамонлар ижросини топширди.
Евгений Леоновнинг драматик иқтидори “Дон қиссаси” киноасаридаги Яков Шибалка образи орқали янада тўлиқ намоён бўлди. Шунингдек, у Львов-Анохиннинг “Антигона” спектаклидаги қирол Креонт образини тўлақонли ижро этиб, театрдаги фаолиятини ҳам баб-баравар олиб борди.

Қўрқинчли имтиҳон

Бўлажак актёрнинг отаси Павел Васильевич муҳандис, онаси Анна Ильинична табелчи бўлиб ишларди. Уларнинг яна бир ўғли – Коля ҳам бўлиб, у Женя (Евгений)дан икки ёш катта эди. Леоновлар оиласи Васильеский кўчасидаги кичикроқ коммунал уйдан икки хонани олиб истиқомат қилишарди.
Ўсмирлиги ҳақида Евгений Леонов шундай деб хотирлаган эди:
— Мен техникумнинг учинчи курсидан Москва театр студиясига қатнадим. Бу даргоҳ 43-йилларда ташкил ташкил этилганди. Театр студияга “Большой театр”нинг таниқли балетмейстери Ростислав Захаров раҳбарлик қилар, Екатерина Шереметьева каби устозлар дарс беришарди. Мазкур студия ҳақида кимдир менга айтган ва шу даргоҳга йўл олганман. Бугунгидек эсимда, кийишим учун акамдан костюмини бериб туришини сўрадим. Ўзимни гўё имтиҳонга тайёр ҳисоблагандим. Аммо шу қадар ҳаяжонланардимки, бундан жаҳлим ҳам чиқарди. Студияда йигирма беш киши ўтирган экан. Техникумда нималарни ўрганган бўлсам, бирма-бир ўқиб бердим: Антон Чехов, Михаил Зошченкони…
“Яна борми?” — деб сўрашди. Уларга шундай жавоб бердим: “Бор, лекин янада ёмон”. Нима учундир ҳаммаси мендан яна ифодали ўқишимни сўрашарди. Алесандр Блокнинг “Ресторанда” шеърини ўқий бошладим. Бу шеърни жудаям яхши кўрардим. Жимжит бўлиб қолди, мен эса рангим оппоқ оқариб кетганини сездим. Блокни жиддий равишда ўқигандим. Раҳмат айтишди. Бу шеър беўхшов қиёфам, маданиятдан салгина йироқ афт-ангоримдан устун келиб, мени қутқариб қолди.
Кейин, айтишларича, ҳаммалари кенгашда йиғилиб, Екатерина Шереметьевани кўндиришга ҳаракат қилишибди. У эса кўнмаган. Менинг ғўрлигим, қўполлигимни айтибди. “Биз ёрдам берамиз”, — дейишибди. Хуллас, мени студияга қабул қилишди. Билимгоҳнинг бош ўқув бошқармасига йўл олдим. Қийинлигига қарамай, мени бир ўқув юртидан бошқасига ўтказишди.
Ўқиш бошланди. Роса оғир бўлган. Ҳар куни эрталаб соат саккиздан тунги соат биргача студияда йўқолиб қолардим. Студия машғулотларига муккасидан шўнғирдим. Этюдларда ниманидир ўйлар, бошимни қотирардим. Мен артист бўлишни ниҳоятда орзу қилардим.

Йўлбарс билан олишув

“Ола-була рейс” фильмини кўпчилик кўрган. Мазкур киноасар кемада қафасдан бўшалиб кетган ҳайвонларнинг саргузаштларга сабаб бўлиши ҳақида ҳикоя қилади. Фильмда баҳайбат йўлбарснинг ваннага кириб келган лавҳаси бор. Суратга олиш чоғида Евгений Леоновга йўлбарс билан унинг орасига тўсиқ тарзида қўйиладиган ойнани кўрсатишди. Леонов шахсан ўзи текшириб, бу ойна ўқ ўтказмаслигига ишонч ҳосил қилди. Аммо сал ўтиб, нималар юз беришини мутлақо билмасди. У тасвирчи Дмитрий Месхиевнинг режиссёрга эътироз билдириб, агар ойна қўйилса, кадрда билиниб қолиши, томошабинлар сезишлари мумкинлигини таъкидлаганидан бехабар эди. Фетин тасвирчига диққат билан қулоқ солар экан, ҳимоя ойнасидан фойдаланмасликка қарор қилди.
— Агар ойнадан фойдаланмасак, Леонов суратга тушишдан бош тортади, — деди Месхиев.
— Бу ҳақда унга айтмаймиз, — деб жавоб берди Фетин. — Хавф-хатарнинг олдини олиш учун ҳайвон ўргатувчини ванна тагига яшириб қўямиз, вассалом!
Ижодий жамоа ваннахона манзараси тайёрланган павильонда йиғилди. Ойна ўша жойда турарди. Леонов ҳеч гапдан бехабар ҳолда ечина бошлади. Ваннага шампунь қуйилгач, у хушчақчақ ҳолда ўзини кўпикка белаб, сувни шалоплатганча хиргойини бошлаб юборди. Режиссёрнинг кўрсатмасига мувофиқ, ишчилар муҳофаза ойнасини олиб қўйишди. Сўнг павильонга Пурша лақабли йўлбарсни киритдилар. Оқ пуфакчаларнинг қимирлаётганини кўрган улкан жонивор ўша томонга юрди ва ҳидлай бошлади. Евгений Леонов кўзларини ишқалар экан, шундоқ бурни тагида йиртқич билан тўқнаш келди. Унинг нималарни ҳис қилганини тушунса бўлади. Жон талвасасида сакраб турди, сўнг қип-яланғоч ҳолда йўлбарсга қаршилик кўрсатди. Бу ҳаракат шу қадар табиий чиқдики, лавҳани суратга олган тасвирчи Месхиев қийқириб юборди.
Юқоридаги лавҳа Евгений Леонов йиртқичлар олдида қўрқиб кетган ягона эпизод эмас. Актёр шундай деб ёзган:
“Биз кемага чиқдик. “Сени қафасга жойлаймиз ва йўлбарсларни қўйиб юборамиз, — деди режиссёр ва тасвирчи менга, — кўрайлик-чи, нима бўларкан”. Мен кескин рад этдим: “Нима?! Ҳеч қачон! Ахир, менинг оилам, жажжи ўғлим бор”. Кўндиришга уринишди. Кейин эса яшириндилар. Фетин мачта ичига кирди, Месхиев эса темир қутига жойлашиб, камерани мослади. Шундан сўнг йўлбарслар қўйиб юборилди. Жониворлар мени ҳидлашди-да, индамай палуба бўйлаб изғий бошлашди. Улар ташланмаса, комедия чиқмасди. Режиссёр қичқирди: “Ҳой ўргатувчи, нега йўлбарсларинг артистга ташланмаяпти?” Ўргатувчи жавоб берди: “Улар унинг ҳидига ўрганишди”. Нимадир қилиш керак эди. Ўргатувчи менга чўчқа боласини тиқиштириб шивирлади: “Леонов, мана бунга санчқини суқиб кўр, йўлбарслар қарамаяпти”. Мен эътироз билдирдим: “Сенга керакми, ўзинг бажар, бу менинг ишим эмас...”
Орадан бир дақиқа ўтар-ўтмас, йиртқичлар чўчқанинг исини билгач, нималар бўлганини кўрсангиз эди! Қафас панжаралари орасидан панжасини чўзган йўлбарслар уни олмоқчи бўлишарди. Мен эса додлаганча, чўчқани янада маҳкам қисиб олгандим. Қўрқиб кетган чўчқача қаттиқ типирчилай бошлади. Йўлбарслар қутурганча ириллар, чўчқа боласи эса овози борича чинқирарди. “Ҳой, ўргатувчи, ўқ уз, акс ҳолда палуба билан бирга қўшиб, ҳаммани паққос туширишади”, — деб бақирдим мен. У ўқ узди. Ана шунда урғочи йўлбарслардан бири ўзини сувга отди. Уни кемага чиқариб олиш учун бир соат вақт кетди”.

Севги, оила, тантиқ ўғил

Евгений Леоновнинг артистларга ёт бўлмаган битта хислати бўлган: у қизлар билан танишишга уяларди. Шу боис, 30 ёшдан сўнг уйланди. У бўлажак рафиқаси билан Свердловскда — гастролда танишганди. Соҳибжамол Ванда бир нигоҳ ташлаши билан Леоновнинг юрагига ўт ёққанди. Евгений тортинчоқликни йиғиштириб, унга томон талпинди.
Леонов одатдагидек иш тутди: қиз билан шаҳар бўйлаб сайр қилди, унга шеърлар ўқиб берди. Ванда уни ёқтириб қолди. “Сен ақлдан оздингми? – дейишди ота-онаси қизига. – Қандай эркак ўзи бу? Касби-чи? Артист-партистга ҳам ўхшамайди-ку!” Қиз ўжарлик қилиб, сўзида туриб олди – шундан сўнг у севгилиси билан Москвага йўл олди.
Уларнинг Евгений Леонов туғилган уйда истиқомат қилишларига тўғри келди. Ночор яшашса-да, бахтиёр эдилар. Вақт ўтиб, ўзларининг уйларига ҳам эга бўлишди. Евгений Леонов мунтазам равишда ўз оиласи ҳақида қайғурарди.
Улар 37 йил бирга яшашди, оилада ўғил дунёга келди. Бу уйга кўплаб кишилар ташриф буюришар, меҳмоннавозлик, саховат бирламчи омил эди.
Ленком актёри Андрей Леонов отасининг меҳр-муҳаббати, ғамхўрлиги ва сабот-матонатини алоҳида эҳтиром билан тилга олади. У ўзбошимча, итоатсиз бўлиб ўсди, ўқишлари ўлжа-жўлда эди. Шунга қарамай, отаси ҳамиша Андрейнинг тарафида эди. Леоновнинг фақат бир марта жаҳли чиқди. У “иккичи” ўғлининг лаш-лушларини жомадонга солди ва қўлидан тортқилаб, уйдан олиб чиқди. Андрей қўрқиб қолганди. Ота-бола биринчи қаватга тушганларида у йиғлаб юборди. Леонов жойида тўхтади. Кейин Андрейни уйга қайтариб олиб чиқди ва айбини кечирди...
Улар ҳаётида баҳс-муноазаралар ҳам бўлар, шунга қарамай, ота ва ўғилни меҳр боғлаб турарди. Бу шундай илиқ меҳр эдики, кутилмаган мўъжизалар туҳфа этарди.

Инфаркт, кома, операция

1989 йил эди. Германияда бўлган Евгений Леонов инфарктни бошдан ўтказди. Клиник ўлим, сўнг кома. Яшаб кетишга умид йўқ эди. Андрей бир ой давомида жонлантириш бўлимида – отасининг ёнида бўлди.
“Уриниб кўринг, балки у сизни эшитар”, – деди шифокор.
Андрей икки ҳафта мобайнида отасига нималардир деб гапирди. Мўъжиза рўй берди – 19 кундан сўнг Евгений Леонов кўзларини очди.
У жарроҳлик амалиёти туфайли тўла-тўкис яна беш йил яшади. Операция жуда катта пулни талаб қилар, актёрнинг эса бунча маблағи йўқ эди. Немис шифокорлари бир чақа ҳам олишмаганди.
“Биз сиз иштирок этган “Белорус вокзали”ни кўрганмиз, – дейишди Леоновга. – Қўрқинчли уруш ҳақидаги энг ажойиб киноасар бу”.
Евгений Леоновнинг яна роллар ўйнаши мумкинлиги ҳақида ҳеч ким ўйлаб кўрмаганди. Орадан тўрт ой ўтиб, у Марк Захаровнинг “Хотирлаш ибодати” спектакли репетициясида қатнаша бошлади. Мазкур саҳна асарини кўришга келган томошабинлар машҳур актёр ижросидаги бетакрор ролни томоша қилдилар. Ҳеч ким лоқайд эмас, зал ҳамиша мухлисларга лиммо-лим тўларди...
1994 йилнинг 29 январи эди... Барча чипталар сотилган бўлса-да, ўша оқшом спектакль қўйилмади.
“Актёр Евгений Леонов тўсатдан вафот этди”, – деб хабар қилишди томошабинларга. Битта ҳам чипта кассага қайтмади. Мухлислар совуқ изғиринда шам кўтариб турдилар – бу уларнинг иқтидорли ва машҳур актёрга ҳурмат-эҳтиромлари рамзи эди.

Анвар Намозов

    Бошқа янгиликлар