Мамлакатимизнинг Қозон шаҳридаги (Россия) Бош консулхонаси Ўзбекистон фуқароси Ж.Р. нинг 2019-йил 16-октябр куни Оренбург вилоятида темир йўл яқинида ҳушсиз ҳолатда топилгани тўғрисида ОАВда тарқалган хабарни тасдиқлади.
Маълум бўлишича, юртдошимиз Сол-Илетск шаҳри марказий шифохонасига жойлаштирилган ва 21-октябр куни ушбу тиббиёт муассасасида вафот этди.
Бош консулхона вазиятни назоратга олди ва ҳолат юзасидан жиноий иш қўзғатилди. Марҳумнинг яқинларига консуллик-ҳуқуқий ва ташкилий масалаларни ҳал қилишда ёрдам кўрсатилган. 25-октябр куни ҳамюртимизнинг жасади Ўзбекистон Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги ҳузуридаги Хорижда меҳнат фаолиятини амалга оширувчи фуқароларни қўллаб-қувватлаш ҳамда уларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш жамғармаси маблағлари ҳисобидан ватанга юборилди.
Консуллик-ҳуқуқий департаменти марҳумнинг оила аъзолари ва яқинларига таъзия билдиради ва эслатиб ўтадики, Россиянинг Волга бўйи федерал округи (Бошқирдистон Республикаси, Марий Эл Республикаси, Мордовия Республикаси, Нижегород вилояти, Оренбург вилояти, Пенза вилояти, Перм ўлкаси, Самара вилояти, Саратов вилояти, Татаристон Республикаси, Удмуртия Республикаси, Улянов вилояти, Чувашия Республикаси) ҳудудидаги ҳамюртларимиз зарур вазиятларда мамлакатимизнинг Қозон шаҳридаги Бош консулхонасига қуйидаги телефонлар орқали мурожаат қилишлари мумкин: +7-843-526-55-64, +7-843-526-55-65.