АсосийDunyo

Хитойда 37 нафар чақалоқ сотилишининг олди олинди

Хитойлик полициячилар Шаньдунь вилоятида одамларни сотиш бўйича амалга оширилиши режалаштирилган йирик келишувни тўхтатиб қолишга муваффақ бўлдилар, дея хабар беради kun.uz нашри.

Махсус операция давомида полиция ходимлари 37 нафар чақалоқни озод қилишди, улардан баъзилари ОИВ билан касалланган бўлиб чиқдилар. Бундан ташқари, сотиб юборилмоқчи бўлган уч ёшли қизча ҳам озод қилинди. Болаларни муддати ўтиб кетган сабзавот ва тез тайёрланадиган лағмон билан боқишган. Чақалоқларнинг нархи 8-12 минг доллар атрофида баҳоланган. Харидорлар ўғил болалар учун кўпроқ пул таклиф этишган.

Хабар берилишича, операция давомида 103 нафар киши ҳибсга олинган. Полицияларнинг айтишларича, уларда болалар савдоси ҳақида шубҳа ўтган йилнинг июль ойида патруль хизмати бир неча эркак киши бир гуруҳ ҳомиладор аёлларни Цзинин шаҳрининг четидаги ташландиқ фабрикага олиб кетишаётганини кўриб қолишгандан кейин пайдо бўлган. Полициячилар фабрика атрофини текшириб, ахлат солинадиган идишларда ишлатилган тагликлар ва фабрикада чақалоқлар сақланашининг бошқа изларини аниқлашган.

Бу жиноятни фош қилиш бўйича тергов олиб борган инспекторнинг сўзларича, болалар жуда аянчли антисанитар шароитларда сақланганлар. Полициячилар воқеа жойига етиб келгунларича, битта чақалоқ адёл остида деярли бўғилиб қолган, улар сақланган хона ифлослигидан у ерда ҳатто оз фурсат туришнинг иложи бўлмаган. Инспекторнинг сўзларича, ҳомиладор аёллар одатда фабрикага жамоат транспортида келганлар ва у ерда туққанлар, шундан сўнг янги чақалоқлар катта сумкаларда харидорларга етказилган.

Фабрикага уюштирилган опеациядан сўнг 2 ой давомида сотиб юборилган болаларни қидириш бўйича қидирув ишлари олиб борилган. Баъзи чақалоқлар янги оилаларида қолдирилган, баъзилари васийлик органларига топширилганлар. Уч ёшли қизча ўз онасига қайтарилган. Маълум бўлишича, болалар сотилишларидан олдин яқин орадаги юқумли касалликлар шифохонасига олиб келинганлар, айнан шу ердан харидорлар уларни олиб кетганлар. Чақалоқларнинг кўпчилиги соғ бўлган, бироқ улар орасида ирсий касалликлар, ОИВ, антисанитар шароитлар оқибатида келиб чиққан касалликларга чалинганлар ҳам бўлган.

Чақалоқлар янги ота-оналарининг сўзларича, бу чақалоқлар маҳаллий талаба қизларнинг никоҳсиз туғилган фарзандлари бўлган. Хитойда болаларни сотиш оғир жиноятлардан ҳисобланади. Бу жиноят учун 10 йилдан тортиб умрбод озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланиши мумкин. Шунга қарамай, Хитойда бундай мудҳиш ҳодисалар тез-тез бўлиб туради. Ўтган йили хитойлик полициячилар болалар савдоси билан шуғулланган 4 нафар жиноий гуруҳни қўлга олишган. Улар бу жиноятларни амалга оширишда турли интернет-хизматлар, шу жумладан, форум ва ижтимоий тармоқлардан фойдаланганлар.

 

    Бошқа янгиликлар