АсосийJamiyat

Самарқанддаги жанжалда тиши синган турк: “Ўзбеклар ўз ватанида иккинчи сорт инсон муомаласини кўришаркан...”

'Самарқанддаги жанжалда тиши синган турк: “Ўзбеклар ўз ватанида иккинчи сорт инсон муомаласини кўришаркан...”'ning rasmi

Туркияда меҳнат муҳожири бўлган педагог Феруза Иззат Фейсбук саҳифасида Самарқандда юз берган жанжалда жабрланган турк қурувчисининг сўзларини келтириб, муносабат билдирди:

"Ёзда Самарқанддалигимда олган расмларимни инстаграмга жойлагандим. Бир турк қурувчи йигит Самарқандда ишлаётгани ҳақида ёзувди. Шаҳарга янги келганини, 4 йиллик контракт тузилганини, ҳали шаҳар айланмаганини, лекин одамларини ёқтирганини айтувди. Орада опа яхшимисан, деб салом алик қилиб турди. Кейин иш, куч билан бўлиб, гаплашмай кетдик.

Бугун ёзибди: “Уйга қайтдим. Жуда ёмон жанжал чиқди,” деди. “Қурилишдаги туркларга ўзбеклар ташланишди. Қўлида бори билан аямай уришди. Тош, таёқ, белкурак, ҳаммаси ишга тушди. Ҳар бир туркни 50 нафар ўзбек бир бўлиб дўппослади. “Тишларим синди. Тирик қолганимга шукр қиляпман,” дейди. Яқинда интернетда видеоси тарқалган ўша жанжалда у ҳам бор экан. Тўғриси, видеода жанжалнинг бунчалик шиддатли бўлгани билинмаганди. Жуда хафа бўлдим. “Биз Туркияда қанчадан қанча чет элликка соҳиб чиқамиз, сиз юртингизга ишлашга келган 70 та туркни қабул этолмадингиз”, деди.

“Нимадан чиқди жанжал?” десам, ”Ўзбеклар ўз ватанида иккинчи сорт инсон муомаласини кўришаркан. Ойликлари бизникидан оз, яшаш шароитлари биздан анча ёмон, овқатлари ҳам ёмонроқ эди. Фақат бунда бизнинг айбимиз йўқ эди-ку, биз нега калтак еганимизни тушунмадик,” дейди.

Уялдим. Жуда уялдим. Бу ерда меҳнат муҳожириман. Биринчидан, турклар ўлиб қолса менга кўпроқ ҳақ бериб, ўзининг туркига камроқ ойлик бермайди. Меҳнат шароити ҳам худди шундай. Иккинчидан, фараз қилайлик, менга турклардан кўра бошқачароқ, яхшироқ муомала қила бошлашди. Турклар галалашиб менинг устимга ёпирилмайди. Бориб иш берувчи билан ҳал қилади. Ўзбекистоннинг обрўси мисқоллаб йиғилаётган, Туркия билан алоқаларга илиқлик уфура бошлаган пайтда шунча турк, уларнинг яқинлари, оиласи, дўстлари, қўни-қўшнилари Ўзбекистондан нафратланадиган бўлди. Шу бизга керакмиди?"

    Бошқа янгиликлар