Интернет тармоғида Гидрометмарказ яқинида содир бўлган йўл-транспорт ҳодисаси акс этган суратлар тарқалмоқда. Ушбу ҳолат Тошкент шаҳар ИИББ томонидан тезкор ўрганилди ва маълум қилинди.
Унга кўра, 2019 йил 18-ноябрь куни соат 10.40 да Осиё ва Чингиз Айтматов кўчалари кесишмасида 29 ёшли Д.К. бошқарган “Spark” русумли автомобиль светофорнинг таъқиқловчи ишорасига тўхтаган уч нафар машиналарга тўқнашган. Автомобиллардан бири, ўз навбатида, олдида турган “Matiz”га урилган. ЙТҲ сабаби: Д.К.нинг айтишича, автомобилининг тормоз тизими ишдан чиққан. Ҳодиса туфайли ҳеч ким жабр кўрмади.
“Ҳурматли ҳайдовчилар! Транспорт воситангизнинг техник ҳолатига эътиборлироқ бўлинг. Айниқса об-ҳаво совуқлигида. Ҳавони совиб бориши билан тормоз масофаси узайиб боришини унутманг. Йўлларда ўзингизни эҳтиёт қилинг!” — дейилади хабарда.