1

Сурхондарёдаги тўртта қишлоққа "туризм қишлоғи" мақоми берилади

МАДАНИЯТ 22.11.2019, 16:31
Теглар: маданият, Сурхондарё, туризм
Сурхондарёдаги тўртта қишлоққа "туризм қишлоғи" мақоми берилади

Сурхондарё вилояти Бойсун туманидаги Омонхона, Шеробод туманидаги Туз кон, Сариосиё туманидаги Сангардак ва Олтинсой туманидаги Хўжаипок қишлоқларига "Туризм қишлоғи" мақомини бериш тавсия этилди.

Президентимизнинг 2019 йил 13 августдаги "Ўзбекистон Республикасида туризм соҳасини янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги фармонига мувофиқ "Туризм қишлоғи" мақомига эга бўлган ҳудудлар биринчи навбатда "Обод қишлоқ" дастурига киритилиб, замонавий инфратузилма ривожлантирилади.

Сангардак шаршараси, Омонхона ва Хўжаипокдаги шифобахш сувлари, Туз кон қишлоғидаги ноёб туз ғорининг дунёга донғи кетгани ҳам бу ҳудудларнинг туризм салоҳиятидан унумли фойдаланишда муҳим ўрин тутади. Бундан ташқари ушбу қишлоқларда ўзбек халқининг қадимий миллий анъаналари, ўзига хос либослари ва амалий санъат, фольклор намуналари сақланиб қолган. Булар хориждан келган сайёҳларда катта қизиқиш уйғотмоқда.

"Туризм қишлоғи" мақомига эга бўлган ҳудудларда "Обод қишлоқ" дастури доирасида кенг, равон йўллар барпо этилиб, ободонлаштирилади. Электр энергияси, газ, сув таъминоти, канализация тизими тубдан яхшиланиб, барқарор ишлаши таъминланади. Мобиль алоқа ва интернет тармоғи сифатини ошириш учун базавий станциялар ўрнатилади. Бироқ бундай мақомга эга бўлиш учун ҳудудда меҳмонхона ва овқатланиш хизматидан ташқари яна бешта хизмат кўрсатиш турлари ривожланган бўлиши лозим. Камида 20 та оилавий меҳмон уйи ташкил этилган бўлиши керак. 

Маълумот учун: жорий йилнинг ўтган даврида Сурхондарё воҳасига 100 мингдан зиёд хорижлик сайёҳ ташриф буюрган.

Шарҳлар

Об-ҳаво: Тошкент
Валюта курси
1