1

Нега электр энергияси тизимида узилишлар ва носозликлар кўпайган? Вазирлик расмий маълумот берди

ЖАМИЯТ 29.11.2019, 12:31
Нега электр энергияси тизимида узилишлар ва носозликлар кўпайган? Вазирлик расмий маълумот берди

Об-ҳавонинг совиши билан Ўзбекистоннинг турли ҳудудларида электр энергияси таъминотида узилишлар бўлаётгани ҳақида хабарлар пайдо бўлмоқда. 

Ўзбекистон Энергетика вазирлиги электр токи узилиши сабаблари ва унинг нима учун электр етказиб берувчилар томонидан ўчириб қўйилиши ҳақида маълумот берди.

Қайд этилишича, Ўзбекистон Энергетика вазирлиги тасарруфида фаолият юритаётган электр энергияси тизимига электр энергияси ишлаб чиқарадиган станциялар («Иссиқлик электр станциялари» АЖ ва «Ўзбекгидроэнергия» АЖ), электр энергиясини узатиш учун юқори кучланишли магистрал тармоқлари («Ўзбекистон миллий электр тармоқлари» АЖ), электр энергиясини тақсимлаш тармоқлари («Ҳудудий электр тармоқлари» АЖ) ва электр энергияси истеъмолчилари киради.

Мазкур тизимнинг бошқа ишлаб чиқариш соҳа ва йўналишлардан фарқи шундаки, электр энергиясини ишлаб чиқариш, узатиш, тақсимлаш ва истеъмол қилиш бир пайтнинг ўзида амалга оширилиши лозим бўлган ягона технологик жараён ҳисобланади. Ҳар лаҳзада тизим қисмлари ўртасида мувозанат ўрнатиш ниҳоятда муҳим вазифа саналади.

Яъни электр энергиясини ишлаб чиқариш ва истеъмол қилиш ўртасида энергия баланси мунтазам равишда таъминланиши лозим. Мувозанат сақлаш тизимнинг ишончли фаолиятининг кафолати ҳисобланади. Шунга кўра, тизим диспетчеридан жуда қисқа вақтда кескин чора кўриш талаб этилади.

Таъкидланишича, электр энергиясига бўлган эҳтиёжнинг кескин ортиши кузатилган пайтда ҳатто ривожланган мамлакатларда ҳам истеъмол ва ишлаб чиқариш ўртасидаги энергия балансини таъминлаш жуда қийин вазифа бўлиб қолмоқда. Бунда катта аварияларнинг ва бутун мамлакатда ҳамма истеъмолчиларнинг электрсиз қолишининг олдини олиш учун электр энергияси таъминотида узилишилар қилишга тўғри келади.

Диспетчерлик маркази томонидан энерготизимда мувозанат сақлаш жараёни ўз вақтида таъминламаса, тизимдаги зўриқиш турли йирик аварияларга сабаб бўлиб, катта-катта ҳудудларда узоқ вақт электр энергияси бўлмаслигига сабаб бўлади, дейилади вазирлик хабарида.

Маълум қилинишича, электр энергия таъминоти тизимидаги номутаносиблик ҳамда электр энергияси талабнинг ортиши сабабли содир бўладиган аварияларнинг типик сабаблари қуйидагича бўлиши мумкин:

ишлаб чиқарувчи қувватининг пасайиши ёки энергия тизимида истеъмолнинг кўпайиши, яъни истеъмолчи юкламасининг ортиши туфайли электр токи частотасининг кескин пасайиши. Частотанинг пасайиши натижасида авария ҳолатида ишлаётган жиҳоз ва ускуналар носоз ҳолга келади;

электр энергия тизимининг асосий тугунларида (автотрансформаторларда) кучланиш даражасининг пасайиши туфайли генератор ва синхрон компенсаторлар фаолиятида реактив қувват юкламасининг етишмаслиги ёки ҳаддан ташқари юкланиши;

генератор ва синхрон компенсаторларнинг актив ва реактив кучлари нотўғри тақсимланиши, электр энергияси истеъмолчиларининг тармоққа ҳаддан ташқари кўп уланиши, энергоузелларда қувват оқимлари кўпайиши;

энергия истеъмолининг интенсив ўсиши сабабли энергия тизимининг айрим генераторларида асинхрон режим пайдо бўлиши;

тармоқлараро тизим ва тармоқ ичидаги транзит электр узатиш линиялари ва ускуналарида қувват оқимларининг максимал қийматидан ошиб кетиши ва энерготизимда пайдо бўладиган бошқа беқарорликлар.

Қайд этилишича, фавқулодда ўчиришлар пайдо бўлишининг асосий сабаблари энергия ускуналарининг ҳаддан ташқари юкланиши ҳамда мавжуд қувват ва электр энергияси таъминотида мувозанатнинг бузилиши ҳисобланади.

Бундай тизимли аварияларнинг олдини олиш учун электр энергия тизимини мунтазам равишда ривожлантириб бориш, истеъмол маданиятини шакллантириш орқали мамлакатда энергия самарадорлигини ошириш лозим. Шунингдек, тизимни муқобил энергия турлари билан бойитиб бориш ва энерготизим фаолиятини мувофиқлаштирувчи ташкилотларда янги технологияларни жорий этиш орқали меҳнат унумдорлигини ошириш ҳамда технологик сарфларни камайтиришга эришиш талаб этилади. Ҳукуматимиз томонидан электр энергиясини ҳисобга олиш ва назорат қилишнинг автоматлаштирилган тизими (ASKUE) босқичма-босқич жорий этилмоқда. Бу, ўз навбатида, аҳоли ва юридик истеъмолчиларини электр энергияси истеъмолини назорат қилиш ва келгусида мавсумий истеъмол ҳажмини олдиндан аниқлаш имкониятини яратади.

Маълум қилинишича, агар энерготизимда мувозанат таъминланмаса, «Ҳудудий электр тармоқлари» корхонасининг диспетчерлари белгиланган тартибга мувофиқ электр энергиясини ўчиради. Агар бу мувозанат ҳудудий назоратчилар томонидан амалга оширилмаса, яъни маълум жадвалга асосан чеклашлар орқали мувозанат сақлай олинмаса ёки улар томонидан марказий диспетчерлик бошқаруви кўрсатмаларига амал қилинмаса, энерготизим хавфсизлигини таъминлаш мақсадида юқори кучланишли электр линиялари тармоқдан вақтинча узиб қўйилади.

«Аниқроғи, бундай амалиёт қўлланилишига мажбур бўлинади. Агар ҳудудий диспетчерлар маълум жадвал тартибига асосан, тегишли техник-муҳандислик қоидаларига биноан паст кучланишли электр тармоқларида энерготизим мувозанатини таъминласа, марказий диспетчерлик бошқарувида фавқулотда қарор қабул қилинишига ҳожат бўлмайди», — дейилади вазирлик изоҳида.

Қайд этилишича, белгиланган чекловлар ҳудудий электр тармоқлари томонидан бажарилмаган тақдирда, тизимдаги йирик аварияларнинг олдини олиш учун «Ўзбекистон миллий электр тармоқлари» АЖ таркибидаги Миллий диспетчерлик маркази томонидан катта ҳудудлар электр таъминотидан узиб қўйилади. Бу амалиёт ҳукумат томонидан тасдиқланган электр энергия хавфсизлиги қоидаларига биноан амалга оширилади. Натижада, йирик талафот келтириши мумкин бўлган бахтсиз ҳодисалар ҳамда жиддий иқтисодий зарарларнинг олди олинади.

 

Шарҳлар

Об-ҳаво: Тошкент
Валюта курси
1