Сергелидаги Жанубий саноат ҳудудида жойлашган ер майдонини фирибгарлик йўли билан сотиш ҳолати аниқланди. Бу ҳақда “darakchi.uz”га Бош прокуратура Матбуот хизмати маълум қилди.
Бош прокуратура ҳузуридаги Департаментнинг Сергели тумани бўлими ходимлари томонидан ўтказилган тезкор тадбирда, Сергели тумани, Жанубий саноат ҳудудидан “O.P.” МЧЖга инвестиция жалб қилиб, иш ўринларини яратиш мажбуриятлари юкланган ҳолда қурилиш маҳсулотлари ишлаб чиқарувчи корхона ташкил этиш учун ноль қийматда ажратилган умумий майдони 0.70 га бўлган ер участкасида жамият таъсисчиси Х.Н. ва бошқалар ҳеч қандай қурилиш ишларини олиб бормасдан, балки фирибгарлик йўли билан
155 000 АҚШ долларига сотишни режалаштириб, келишилган суммадан
10 000 АҚШ долларини фуқаро В.П.дан олган вақтида ашёвий далиллар билан ушланган.
Шунингдек, ушбу ҳолат юзасидан ўтказилган терговга қадар текширувда, “O.P.” МЧЖ таъсисчиси Х.Н. ва бошқалар томонидан олинган мажбурият бажарилмасдан ер участкасидан бошқа мақсадларда фойдаланилганлиги оқибатида давлат ва жамият манфаатларига жиддий зиён етказилганлиги аниқланган.
Мазкур ҳолат юзасидан “O.P.” МЧЖ таъсисчиси Х.Н. ва бошқаларга нисбатан Жиноят кодексининг тегишли моддалари билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда.