АсосийDunyo

Банклар тарихидаги энг йирик ўғриликлар

Бундан роппа-роса 79 йил муқаддам, 1934 йил 22 июлда «Қўлга тушмас шоввоз» номини олган Жон Диллинжер АҚШ маҳфий хизмат ходимлари томонидан отиб ўлдирилади. Кўп йил махсус тайёрланган жосуслар кузатувида бўлган Жон америкаликлар орасида банкларни ўмариш бўйича устаси фаранг ҳисобланарди. Уни ҳатто «банк ўғриларининг отаси» ҳам дейишган. Буни қарангки, Жоннинг ўлимидан сўнг унинг «касби»ни давом эттирган  ҳамда услубига янгиликлар киритганлар кўплаб топилди.

1945 ЙИЛ, ГЕРМАНИЯ....

 Германиянинг Рейхсбанк банки азалдан олтин қуймаларига бой саналган. Банк сейфларида сақланаётган бир неча тоннали олтинлар, албатта, саргузашт ишқибозларини бефарқ қолдирмасди. Баъзи маълумотларга кўра, мазкур банкда Германиянинг катта хазинаси қўриқланган.  

1945 йил уруш якуни муносабати билан мағлуб давлатнинг молиявий ҳолати ўрганилади. Ана шунда ўша машҳур  Рейхсбанкнинг сирли сейфлари ҳам кўздан кечирилади. Текширувчилар бинонинг барча катта-кичик туйнукларидан то маҳфий хоналаригача тинтишган бўлсада, тоғ-тоғ ҳазинани топа олишмайди. Ҳисоб-китоб ишлари эса жамғармадан 3,34 миллиард АҚШ доллари ўғирланганини кўрсатарди. Бу иш бирваракайига қилинмаган. Чунки ўша пайтларда ҳамма ёқда тўс-тўпалон, вайронагарчилик бўлган. Ўғирлашни режа қилганлар бир неча марта айтилган маблағни олиб кетишган. Германия тарихида мазкур жиноят хануз ечими топилган жумбоқлардан бири ҳисобланади. Кейинчалик ўтказилган тергов ишлари ҳам ҳеч қандай натижа бермаган.

1976 ЙИЛ, ФРАНЦИЯ ...

«Дабдабали ўғрилик» номи билан тарихга кирган ҳодиса ҳудди Голливуд фильмларидан олингандек. 1976 йил 16 июл. Ўша куни жиноят оламининг номдор раҳнамоларидан бири  Альберт Спаджиари ҳамтовоқлари билан бирга Ниццадаги Сосьете Женераль банкини ўмаришади.  Қўлга киритилган ўлжа унчалик катта эмас, 9,8 миллионни ташкил этган. Байрам кунини мўлжалланган ўғрилар ер остидан қазилган  йўл ёрдамида бинога киришади. Режаларини амалга оширгач эса толиқишганиданми ёки кўнгилхушлик қилишга бошқа жой топилмаганми, хуллас банкда қолиб тонг оттиришади. Сейфлардан топилган суратлар тўпламини томоша қилиб, майхўрлик қилишади. Кетиш олдидан эса деворда ёзув қолдиришни ҳам унутишмайди: «Ғаразлик, зўравонлик  ва қуролли тажавузларсиз»

1987 ЙИЛ, БУЮК БРИТАНИЯ....

Гоҳида ўн-ўн беш киши эплаши мумкин бўлган ишларни бор йўғи иккита одам бажаргани ҳайратга солади. Айниқса бу катта ҳажмдаги ўғрилик бўлса...

1987 йилнинг 12 июли. Одатдагидек Knightsbridge банки мижозлар билан гавжум. Келиб-кетаётганлар шу қадар кўпки дарвоза олдида турган соқчилар қуролланган иккита кишининг ичкарига кирганини пайқамай қолишади. Худди, тўппонча ўқталди, ўмарди, кетди, дейилганидек ўғрилар мижозларга пўписа қилиб, банк ходимларини гаровга олишади. «Вақтинча ишламаяпти» тамғасини эшикка осиб, режага кўра 174 миллион АҚШ долларини чўнтакка уришади. Қизиғи, ўғрилар қай тариқа осонлик билан киришган бўлса, ҳудди шундай чиқиб кетишади.

2005 ЙИЛ, БРАЗИЛИЯ ...

Июль тонгларининг бирида Форталеза шаҳрида жойлашган банкнинг «пўлат сандиқ» лари бўм-бўш ҳолда топилади. Воқеа жойидан полиция хизматига хабар қилган ишчилар ўғрилик қандай содир этилганини билишмасди. Тергов жараёнида эса ҳаммаси фош бўлди. Ўғрилар узоқда эмас, шундоққина банк биносига яқин дала-ҳовлини ижарага олишган экан. Бир неча кун давомида еростидан йўл қазишган бўлиб, узун йўлакка электр ёритгичлар ҳамда ҳаво пуркагичларини ҳам ўрнатишибди. Қулай қазилган, ёруғ ва салқин ерости йўлакчасидан ўғрилар осонликча 76 миллион 800 минг АҚШ долларини олиб чиқишган.

2006 ЙИЛ, АНГЛИЯ...

Ҳамма нарсанинг ҳисобини олган жиноятчилар ўғриликни одатдагидек амалга оширишни исташмайди. Полиция хизматчиси либосини кийиб олган фирибгарлар гуруҳидан бири уйи томон ошиқаётган Кент банки менежерининг машинасини тўхтатади. «Хотининг ва ўғлинг гаврода. Улар учун катта товон тўлайсан» дея қуролланган киши у билан бирга банкка қайтади. Айтилган гапга чиппа-чин ишонган банк ходими ҳам улар айтган суммани сейфлардан чиқариб беради. 92,5 миллион АҚШ долларини ўмарган жиноятчилар кўздан ғойиб бўлгач, ҳақиқий полиция хизматчилари етиб келишади. Аммо кеч бўлганди. Жиноятчилар қўлга олинмайди.

2009 ЙИЛ, ШВЕЦИЯ...

Бу ўғрилик бутун Швецияни оёққа турғазганди. 20 дақиқа ичида содир бўлган воқеага ишонишни ҳам ишонмасликни ҳам билмайсан...Бироқ миллион крон ўмарилгани айни ҳақиқат.

Операция тонгги 05:19 да бошланади. Банк биноси томига оқ ранги верталёт қўнади. Ундан тўрт нафар қуролланган киши тушиб, тўғри қимматбаҳо қоғозлар сақланадиган хонага йўл олади. Бино қўриқлаш тизими ишга тушганига қарамай ўғрилар шу қадар тез ҳаракатланишадики, 20 дақиқа ичида «операция» тамомланиб, яна верталётда ғойиб бўлишади. Полициячилар барча кучларни қидирув ишларига жалб қилишган бўлса-да, бир неча соатдан сўнг Швеция шимолида жиноятчилар яширинган верталётни топишади, холос.  Ўғриларнинг ўзи эса сирлигича қолади.

 

    Бошқа янгиликлар