1

“Адолат” партияси метро бекатига қурбонлар хотирасини абадийлаштирувчи ном бериш ғоясини қўллаб-қувватлади

ЖАМИЯТ 19.12.2019, 12:07
“Адолат” партияси метро бекатига қурбонлар хотирасини абадийлаштирувчи ном бериш ғоясини қўллаб-қувватлади

“Адолат” СДП Тошкент метросининг Юнусобод йўналиши қурилиши вақтида ер ўпирилиши оқибатида рўй берган фожиада ҳалок бўлган ҳамюртларимизнинг оила аъзолари ва яқинларига чуқур ҳамдардлик билдирди ҳамда қуйидагиларни маълум қилди.

Шу йилнинг 18 декабрида метронинг Юнусобод йўналишида рўй берган бахтсиз ҳодиса кўпчилик қатори бизни ҳам чуқур қайғуга солди.

Бу дунёдан кўз юмган ака-укаларимизнинг охиратлари обод бўлсин! Улар ҳаётни эрта тарк этган бўлишларига қарамай ўзларидан яхши ном ва керакли из қолдиришга улгуришди. 

Ватан ва халқ учун хизмат қилиш катта савоб ва хайрли амалдир. Биз уларнинг меҳнатларини доим қалбимизда сақлаймиз!

“Адолат” СДП ҳалок бўлганларнинг оила аъзоларига таъзия изҳор этамиз. Уларнинг ота-оналарига ўзини юрт ободлиги ва халқ фаровонлиги йўлида хизмат қилишга бағишлаган фарзанд тарбиялаганлари учун миннатдорлик билдирамиз. 

Кутилмаган фожиа ва айрилиққа бардош беришда чексиз сабр тилаймиз!

Шунингдек, партиямиз блогерлар томонидан таклиф этилаётган метро бекатига қурбонлар хотирасини абадийлаштиришни ифодаловчи ном бериш ғоясини қўллаб-қувватлашини маълум қиламиз.

Эслатиб ўтамиз, кеча, 18 декабрь куни кучли ёмғир натижасида, Юнусобод метросини кенгайтириш учун қурилиш майдончасининг очиқ қисмида фавқулодда ҳолат (қисман ер кўчиши — қулаш) юз берди.

Бундан олдин, дастлаб, икки кишининг, сўнг яна бир инсоннинг, кейин тўртинчи ҳамда бешинчи жасаднинг шахсига аниқлик киритилди.

Ҳодиса сабаблари ва оқибатларини ўрганиш ва бартараф қилиш ишлари давом этмоқда.

Аввалроқ Халқ демократик партияси расмий баёнот билан чиққан эди.

Шарҳлар

Об-ҳаво: Тошкент
Валюта курси
1