1

Республика кино форуми: Ўзбек кино бозорини 2020 йилда нималар кутмоқда?

МАДАНИЯТ 26.12.2019, 16:28
Республика кино форуми: Ўзбек кино бозорини 2020 йилда нималар кутмоқда?

 Бугун Тошкентда ўтказилган “Миллий кинематография: ривожланиш истиқболлари ва устувор вазифалар” Республика кино форумида “Киночилар уйи”ни қайта тиклаш, Тошкент халқаро кинофестивалини ўтказиш, Кинематография институтини ташкил қилиш, “Ўзбекфильм” туристик марказини очиш, миллий сериаллар студиясини яратиш сингари бир қатор масалалар муҳокама қилинди. 

“Биз бугун янги йилга мўлжалланган, Ўзбекистон Республикаси Бош вазири имзолаган ҳужжат асосида тузилган “Йўл харитаси”ни эътиборингизга ҳавол этяпмиз, – деди “Ўзбеккино” Миллий агентлиги Бош директори Фирдавс Абдухолиқов. – “Йўл харитаси” давлат раҳбари илгари сураётган қатор ташаббуслар, “Ўзбеккино” томонидан ўтказилган тадбир ва учрашувларда билдирилган фикрлар, таклиф ва ғояларни ўз ичига олади”. 

Шунингдек, “Йўл харитаси”да миллий кинони ривожлантиришга қаратилган қатор масалалар кўзда тутилган. Жумладан, “Ўзбекфильм” киностудияси ишлаб чиқариш биносини реконструкциялаш учун 40 млрд сўм, “Ўзбеккино” Миллий агентлиги буюртмасига асосан суратга олинаётган “Илҳақ”, “Ибрат” ва “101-рейс” фильмлари ва бошқа кино маҳсулотлари учун 17 млрд. сўм ёш кино ижодкорлар учун етарли шарт-шароит яратиш мақсадида тегишли моддий-техник базасини мустаҳкамлаш учун 600 млн. сўм ажратилиши белгиланган.

Бундан ташқари янги йилда  “Алишер Навоий номидаги кино саройи”,  “Республика кинопрокат маркази”,  “Дўрмон” киноижодкорлар уйи”,  “Қорақалпоқфильм” сингари иншоотларнинг реконструкция қилиниши ва фойдаланишга топширилиши, суратга олиш жараёнларида фойлананиш учун 77 та ретро автомомашина “Ўзбеккино”га берилиши ҳам маълум қилинди. 

 Шунингдек, жамоатчиликка, икки йилда бир маротаба “Тошкент” халқаро кинофестивали ўтказиш ва унинг тегишли дирекциясини ташкил қилиш, Ўзбекистон кино санъати музейи, миллий фильмларни сақлаш, рақамлаштириш билан шуғулланувчи давлат кино фондини очиш, хорижий мамлакатларда, архивларда сақланаётган миллий киноасарларимизни қайтариш масалалари ҳам тилга олинди. 

“Йирик шаҳарларимизда тадбиркорларимиз кучи билан   кинозалларга эга бўлган савдо-кўнгилочар комплекслари  очиш ҳам асосий вазифаларимиздан саналади.Ана шу мақсаддаер майдонлари ажратиш, имтиёзли кредитлар бериш назарда тутилмоқда, – дейди “Ўзбеккино” Миллий агентлиги Бош директори Фирдавс Абдухолиқов. –

Яқин келажакда Тошкент вилояти ҳудудида йирик кино шаҳарчаси қуриш лойиҳаси амалга оширилади. Ана шу мақсадда 120 гектарга яқин ер майдони ажратилади”. 

Бундан ташқари форумда “Киночилар уйи”ни қайта ташкил этиш билан боғлиқ яна бир хушхабар айтилди. Янги “киночилар уйи” “Ўзбеккино” Миллий агентлиги ҳудудидаги “Замин” ресторани негизисида бунёд этилади. Бундан ташқари “Ўзбеккино” тизимида меҳнат қилаётган истеъдодли ёшларни Тошкент шаҳрига прописка қилиш ва уларга ҳар томонлама имтиёзлар бериш масалаласи ҳам ҳукумат ҳужжатида кўзда тутилган. 

Ўзбек киносаноатининг ривожи бевосита кадрлар масаласига бориб тақалади. Шу боис “Эл-юрт умиди” жамғармаси билан ҳамкорликда Бутунроссия давлат кинематография институтида   10 нафар,  “Мосфильм” Киноконцернига 20 нафар ходим ва мутахассисларни юбориш режалаштирилган. 

Шарҳлар

Об-ҳаво: Тошкент
Валюта курси
1