АсосийDunyo

Авиакомпания ходими ҳалокат юзасидан изоҳ берди

'Авиакомпания ходими ҳалокат юзасидан изоҳ берди'ning rasmi

Аввал хабар қилганимиздек, 27 декабрь куни маҳаллий вақт билан соат 07:22 да Олмаота – Нур-Султон йўналишида парвоз қилаётган, бортида 100 киши бўлган йўловчи самолёти ҳалокатга учради. Сўнгги маълумотларга кўра, 15 киши ҳалок бўлган. Шу муносабат билан Қозоғистонда мотам куни эълон қилинди. 

Bek Air авиакомпанияси вакили Олма-Ота яқинидаги самолёт ҳалокати билан боғлиқ воқеа юзасидан изоҳ берди. Бу ҳақда “Казинформ” халқаро ахборот агентлиги мухбири хабар берган.
- Воқеа билан боғлиқ техник сабаблар ҳақида ҳеч нима айта олмайман, чунки бу билан бошқа хизмат вакиллари шуғулланишади, дейди авиакомпания вакили Олма-Ота аэропортида журналистларнинг саволларига жавоб бераркан. – Бу мунтазам, ҳар куни амалга ошириладиган қатновлардан бири эди.
Унинг таъкидлашича, ҳозир авиакомпаниянинг Қозоғистон бўйича барча рейслари бекор қилинган, чипталар қайтиб олиняпти.
- Бизда илк бор бундай ҳолат рўй берди. Учувчимиз тажрибали эди, жамоада жуда қадрланарди, — дея қўшимча қилган Bek Air мутахассиси.
Олма-Отадан Нур-Султонга учиши лозим бўлган самолёт ўрнидан қўзғалиши билан радарлардан йўқолган. Салонда 95 йўловчи, 5 нафар экипаж аъзоси бўлган.
Қозоғистон Президенти Қасим-Жомарт Тоқаев фалокат натижасида ҳалок бўлганларнинг оила аъзолари ва яқинларига ҳамдардлик билдирди ва воқеанинг барча айбдорлари қаттиқ жазоланишини айтиб ўтди.

Эслатиб ўтамиз, фалокатда Ўзбекистон фуқаролари йўқлиги маълум қилинган.

 

    Бошқа янгиликлар