Карим Мирҳодиев: "Энди мукофотни унутиш керак..."

МАДАНИЯТ 07.01.2020, 11:59
Карим Мирҳодиев: "Энди мукофотни унутиш керак..."

Ўтган йили Карим Мирҳодиев “Сабот” фильмидаги Саъдулла роли учун бирданига уч карра эътироф этилди: ўзимизнинг “Олтин Ҳумо” биринчи миллий кинотақдимоти, Қозоғистонда ўтказилган “Евроосиё” халқаро кинофестивали ҳамда Қирғизистонда бўлиб ўтган “Оқ Илбирс” халқаро киномукофотининг энг яхши эркак роли номинацияси ғолиби деб топилди.

Карим Мирҳодиев "Кино санъати" журналига берган суҳбатида "Кичкина табиб", "Назар"  ҳамда "Сабот" фильмларидаги ижроси, рол танлашда эътибор берадиган жиҳатлари ҳақида гапирган.

– Зулфиқор Мусоқовнинг “Кичкина табиб” фильмидаги ролингизни айтмаса, аксарият ижроларингиз мураккаб, оғир, вазмин, қайсидир маънода ёлғиз дейишади. Лекин ўша ролимда ҳам ортиқча ҳаракат, енгил қилиқ йўқ. Жиддий ўйнаганман. Катта француз актёрлари жиддий ижро билан ҳам одамларни кулдира олишган… Афсусланмайман, ҳар бир санъаткорнинг ўз йўналиши бўлади. Билмадим, пешонамга шунақа роллар ёзилган эканми. Эҳтимол, яна ўзгачаси насиб этар. Ўйнаган фильмларимдан қолса, тўрт-бештаси қолади. Кўп ролларимда – “Чархпалак”да ҳам, “Ота”да ҳам ўзаро боғлаб турувчи умумий ришталар бор. Қамоқдан чиқиб келган қаҳрамон. Ҳаётга ўзимнинг муносабатим, позициямни билдиришим керак. Эркак ҳар битта хатти-ҳаракатига жавоб бериши шарт! Болалар бизнинг ишларимиз учун айбдор эмас! Катталар ўртасида нима бўлишидан қатъи назар, бунинг жабрини фарзандлар кўрмасин. У отами, демак, оталигича қолсин! Қаҳрамоним Ота бўлиб кетди. 

“Сабот”да ҳам худди шундай. Ҳамма нарсани жой-жойига қўйишга улгурди. Ёшим ўтгани сари энг катта бахт ҳеч кимга озор бермай, босган йўлларингни тозалаб кетиш экан, деган хулосага келяпман. Тўғри, беайб Парвардигор. Лекин хатоларингни англаб, шуларни тузатишга уриниш – Бахт. 

Рол танлашда, аввало, ғояга эътибор қаратаман. Масалан, “Сабот” бир инсон тақдиридан ҳикоя қилади. Афғон уруши мавзуси мен учун ҳамиша долзарб. Қанча йўқотишлар бўлди. Театрда Анвар деган ўртоғим овоз оператори эди, бир йил жанг-жадалларда қатнашиб қайтди. Ўзгариб кетган, асаблари таранг... Сабабини сўрасам, “Кўз олдингга келтириб кўргин-а, қувнаб-ўйнаб юрган ёш болалар кутилмаганда парчаланиб, лахта-лахта этга айланса… Қаерга отаётганингни, кимга отаётганингни билмай ўқ узиш, қулоқ эшитмай, карахт ҳолатга тушиш...” дея надомат чеккан. Қўчқор Норқобилнинг ҳам Афғон мавзусидаги асарлари таъсирли чиққан. Яхши фильмлар яратса бўлади, деб ўйлайман. Хуллас, сценарийда инсон тақдири турсин. Қаҳрамоним қисматини ўрганиш асносида ўзига хосликларни қидираман. Масалан, у жим турганида нима қилади? Биографияси, шахсий ҳаётини тузамиз, оилада қанақа эди, қайтиб келгач қайси томонга ўзгарди, ичкиликка ружу қўйиб, таркидунё қилдими... Шу каби саволлар исканжасида персонаж қиёфасини чизаман.

Йил мен учун омадли келди. Мукофот, соврин, олқишлар кимга ёқмайди....

Аслида энг катта мукофот – томошабин қарсаги. Айниқса, спектаклдан кейин ҳақиқий, чин қарсак билан, қўл учида чалинган – сохта қарсакни фарқлаш мумкин. Юракка етиб борадигани ҳам шу. “Сабот”ни суратга олаётганимизда бунақа эътирофлар хаёлга ҳам келмаганди. Сценарий ёқди. Мазза қилиб ишладик. Тамом. Яхши жамоа йиғилди. Беҳзод Ҳамроев, Сейдулла Молдаханов, Нигора Каримбоева, Зулхумор Мўминова... Бу – ҳаммамизнинг мукофотимиз. 

Агар менга режиссёр Рашид Маликов Саъдулла ролини бермаганида, фильмдаги бошқа бир образни гавдалантиришга ҳам рози эдим. Чунки сценарий зўр ёзилган. Меваси ҳам ширин бўлди. Мукофотни олдик, ўтди-кетди. Энди унутиш керак...

Шарҳлар

Об-ҳаво: Тошкент
Валюта курси
1