АсосийJamiyat

Деҳқонобод туман ҳокими дарёдан кечиб ўтаётган ўқувчилар учун кўприк қуриб беришни ваъда қилди

'Деҳқонобод туман ҳокими дарёдан кечиб ўтаётган ўқувчилар учун кўприк қуриб беришни ваъда қилди'ning rasmi

Деҳқонобод туман ҳокими ижтимоий тармоқлардаги танқиддан сўнг Шамоликамда бўлди ва аҳоли учун кўприк қуриб беришни ваъда қилди, дея хабар беради туман ҳокимлиги матбуот хизмати.

Телеграмдаги “Қўшни маҳалла” каналида эълон қилинган хабарга жавобан Деҳқонобод туман ҳокимлиги қуйидагиларни маълум қилади. 

6 январь куни ижтимоий тармоқларда Деҳқонобод туманидаги Шамоликам қишлоғида жойлашган мактабга сув кечиб ўтаётган ўқувчилар ҳолати тасвирланган хабар эълон қилинди. 

Бугун 7 январь куни туман ҳокими Зоир Алиқулов бошчилигида ишчи гуруҳ айтилган манзилга борди ва ҳолатни кўздан кечирди. 

Маълум бўлишича, Шамоликам қишлоғида 7-мактаб филиали жойлашган бўлиб, 60 нафар ўқувчи таҳсил олади. Филиалда 8 нафар ўқитувчи бошланғич синф ўқувчиларига таълим-тарбия беради.

Суратда ўқувчиларнинг сувдан ўтишига кўмаклашаётган ўқитувчи Сайфулла Худойқуловнинг айтишича, мазкур сурат 2019 йил 2 май куни олинган. 

— Одатда баҳор ойларида бу ердан сел келади, - дейди Сайфулла Худойқулов. – Ўша пайт филиалдаги 8 нафар ўқитувчи навбат-навбат ўқувчиларни сувдан ўтказамиз. Бошқа пайт бу ердан сел келмайди. 

Вазият билан танишган ҳоким нафақат ўқувчилар учун, дарёнинг нарига томонида истиқомат қилувчи 80 дан ортиқ хонадон вакиллари ҳам ўтиб-қайтувчи кўприк қуриб беришни ваъда қилди. 

— Иссиқ жоннинг иситмаси бор деганларидек, қишлоқ аҳолиси тез ёрдам машинасини чақириши мумкин ёки ўзлари машинада шифохонга боришга тўғри келиши мумкин. Шунинг учун ҳам аҳоли корига ҳам ярайдиган кўприк қурамиз, - деди ҳоким Зоир Алиқулов қишлоқ аҳолиси билан мулоқотда.

Таъкидланишича, ушбу ҳудуд учун кўприк қуриш таклифи илгари ҳам ўртага ташланган бўлиб, Қарши Минтақавий темир йўл узели билан ҳамкорликда ишлар ҳам бошлаб юборилган. Кўприк қурилиши учун қурилиш материаллари олинган. Йўл текисланган. Аммо бетонлаш ишларини бажариш учун ҳаво совуқ бўлгани боис, маълум муддатга тўхтаб қолган. Ҳоким ишларни давом эттириш учун мутасаддиларга топшириқ берди. 

Айтилишича, мазкур ҳудуддаги кўприк сел даври бошлангунга қадар қуриб битказилади. 

Филиал ўқитувчилари ва ходимлари билан суҳбат чоғида ҳоким бошқа муаммолар билан ҳам қизиқди. 

— Мактабимиз синфхоналари қизимайди, - дейди аҳоли вакилларидан бири Аҳмад Муҳаммадиев. – Боиси, мактаб қозонхонаси нотўғри монтаж қилинган. Қанча кўмир ёқсангиз ҳам исимайди. Ҳаш-паш дегунча ўқиш бошланади. Болаларимиз қийналади. 

Мазкур муаммодан хабар топган ҳоким туман ХТБ мудири Ўктам Тошбоевга 1 кун муҳлат бериб, филиалнинг иситиш тизимидаги муаммоларини ўрганиш ва бу ҳақда ҳокимликка ахборот бериш ҳақида топшириқ берди. Айтилишича, таътил тугаб ўқиш бошлангунга қадар филиалнинг иситиш тизимидаги муаммолар бартараф этилади. 

Аввалроқ Халқ таълими вазирлиги мазкур ҳолат бўйича қуйидагича изоҳ берганди.

    Бошқа янгиликлар