АсосийShou-biznes

9 февраль Алишер Навоий таваллуд топган кун

Ҳазрат Навоийни ром этган малак

Ҳазрат Мир Алишер Навоийдек беқиёс истеъдод, буюк ижод соҳиблари дунё адабиётида бармоқ билан санарли. Ул зотнинг бой ва бетакрор мероси беш ярим асрдан бери наинки туркий улуслар, балки жаҳон аҳлини эзгуликка, меҳр ва садоқатга, инсонийлик ва ватанпарварликка ундаб келади. Шу пайтга қадар ўзбек ва жаҳон олимлари ҳазратнинг ҳаёти ва ижодини тадқиқ этиб келишади. Ҳар гал унинг маънолар уммонидан янги ва бебаҳо жавоҳирлар топишади. Аммо, бир савол борки, асрлар давомида барча адабиёт муҳибларини ўйлантириб келади.

Навоий кимни севган эди?

Бу савол кимнидир энсасини қотирар, “ҳазрат Навоийнинг шахсий ҳаёти сенсация майдони эмас” қабилидаги эътирозларига сабаб бўлар балки. Аммо, тан олинган бир ҳақиқат бор: ҳар бир инсон ўзи буюк деб билган, интилган, талпинган бошқа бир инсон ҳақида кўпроқ нарса билишни истайди, уни тўлароқ, чуқурроқ кашф этишга тиришади. Ва барчанинг бунга ҳаққи бор.

Дарҳақиқат, ҳазрат Навоий буюк шоир ва мутафаккир, беназир олим, борингки, улуғ авлиё бўлганлари ҳам айни ҳақиқат. Аммо, ул зот биринчи навбатда ҳамма қатори оддий, самимий инсон бўлганлар. Самимият ва камтарлик буюк бобомизнинг энг гўзал фазилатларидан эди. Либосларига илашиб қолган чумолини ўз инига олиб бориб қўйишлари, чодир устида ин қурган ғурракнинг полапонлари нобуд бўлмаслиги учун алоҳида посбон қўйиб унга маош тайинлаганлари ул зотнинг наинки инсонларга ҳатто барча жонзотларга меҳри ва мрувватидан дарак беради.

Ҳазратнинг меҳри шу қадар буюк экан, муҳаббати ҳам шунчалар бепоён бўлгани аниқ. Буни шоирнинг гўзал, назокатли байтларида такрор ва такрор ҳис қилиш мумкин. Мана бу ўлмас мисраларга бир эътибор беринг-а?

Фурқатингдин заъфарон узра тўкармен лолалар,

Лолалар эрмаски ҳажрингдин эрур парголалар.

Ё раб! Бу қандай ишқки, ошиқнинг кўз ёшлари қонга қоришиб, худди заъфарон устига сочилган лоладек, сариқ, касалманд юзлар узра тўкилса. Бу қонли кўз ёшлар нафақат лола, балки қонли юракнинг парчаларига қиёсланса? Қалби муҳаббатдан ёнмаган, ишқ билан қовжирамаган инсон бундай байтлар бита оладими?

Айтинг ким у ҳазратни бу қадар дард тўла мисралар битишга ундаган малак?

                            Ҳамма байтларда тасааввуф зоҳирми?

Тасаввуф ҳазрат Навоий асарларида катта ўрин тутади. Ҳазратнинг ўзлари ҳам тасаввуфнинг Нақшбандия тариқати вакилларидан бўлганлари ҳақида асосли далиллар мавжуд. Шундай экан ҳазрат Навоийнинг кўпгина ғазалларида тилга олинган Ёрдан мурод Ҳақнинг ўзи эканига ҳам шубҳа йўқ. Ҳазрат навоий асарларида илоҳий ишқ ҳақида жуда кўп тўхталиб ўтилган.

Тасаввуф адабиётида ташқи тарафдан маъшуқанинг малоҳати мадҳ қилингандек кўринадиган, аслида мажозий тимоллар ёрдамида Ҳаққа бўлган илоҳий ишқ тараннум қилинган шеъру ғазаллар кўп. Айрим адабиётшунослар ҳазрат навоийнинг ҳар бир байтидан тасаввуфий маъно излайдилар. Аммо, бу қанчалик тўғри экан? Наҳотки, бу ғазалларда мадҳ этилган маъшуқа ҳар доим Ҳақнинг тимсоли бўлса?

Мана бу байтни ҳар биримиз биламиз:

Ўн сакиз минг олам ошуби агар бошиндадур,

Не ажабким сарвинозим ўн сакиз ёшиндадур.

         Эҳтимолнинг байтнинг биринчи мисраси тасаввуфий маъно касб этар. Аммо, иккинчи мисрани ошиқнинг Ҳаққа хитоби деб айтиш мумкинми? Ростдан ҳам шундай бўлганида, Яратганнинг азалий ва абадий эканлигини яхши англаган, бунга иймон келтирган ҳазрат Навоий учун бу шаккоклик бўлмасмиди?

Бу ғазални ўқиш асносида тасаввуфий ташбеҳлардан кўра, кўпроқ ошиқнинг навқирон маҳбубасига аталган ишқий номасини эслатмайдими?

Гули тарихий шахсми?

Кўпинча Навоийнинг муҳаббати ҳақида гап кетганла Гули номи тилга олинади. Кўпгина оддий одамларнинг ҳазрат Навоий ҳақидаги тасаввури бундан 70 йиллар бурун яратилган “Алишер Навоий” драмаси ва шу номли бадиий фильм асосида шаклланган. Унда Навоий тилидан ўқилган монолог ва диалогларни ҳам Навоийнинг шеърлари сифатида биладиганлар кўп.

Бу асарлардаги қаҳрамон, Навоийнинг севгилиси Гули ҳаётда чиндан яшаб ўтганми? Бу ҳақда аниқ жавоб бериш қийин. Гули исми фақат халқ оғзаки ижодида, Навоий ҳақидаги ривоят ва афсоналарда учрайди холос. Гули номи Навоийнинг ҳаёти ҳақида маълумот берувчи ёзма манбаларнинг ҳеч бирида учрамайди.

Гулининг Ҳусайн Бойқаро ҳарамига келтирилиши ва Маждиддин томонидан заҳарлаб ўлдирилиши ҳам асардаги зиддиятни кучайтириш мақсадида ўйлаб топилган бадиий тўқима холос. Навоийнинг барча асарларида унинг Ҳусайн Бойқарога бўлган дўстлиги ва садоқати яққол кўриниб туради. Агар шоҳ шоирнинг муҳаббатига тўғаноқ бўлганида Навоий унга бу қадар ихлос ва эҳтирос кўрсатмаган бўларди.

Хадичабегим ва Навоий

Ушбу мавзу ҳам Навоийшунослар орасида анча баҳсларга сабаб бўлгани рост. Баъзилар айрим далиллар билан бу икки тарихий шахс ўртасидаги нозик ришталар борлигини исботламоқчи бўлишади. Бошқалар эса, Хадичабегимдек золим, бадфеъл аёлни Навоийдек нозиктабъ ва олижаноб инсон сева олмаслигини айтишади.

Ҳар қачонким кемага ул ой сафар рахтин солур,

Мавжлуғ дарё кеби ошуфта кўнглум қўзғалур.

Йиғлама, эй кўз, недин соҳилға чиқмас кема деб

Ким, ёшинг дарёсидур ҳар сариким эл кўз солур.

Титрабон сиймобдек кўнглум, етар жон оғзима

Тунд ел таҳрикидин ҳар дамки, дарё чайқалур.

Сабр кўнглумда, кўнгул ул ойда, ул ой кемада,

Ваҳки, бориб телмуруб кўз, мунграйиб жоним қолур.

Дам тутулғандин ўлар элдек етибмен ўлгали

Сурмасун деб кемасин баским нафаслар асралур.

Кирма савдо баҳриға оламдин истаб судким,

Сийм нақди тушса, лекин умр нақди сийғалур.

Ғарқ этар баҳри фано ғам заврақин, эй пири дайр,

Илгига чунким Навоий бода каштийсин олур.

    Бошқа янгиликлар