Қарши туманидан депутатликка номзоди қўйилган, аммо кўп овоз тўпласа-да, депутат этиб сайланмаган Фароғат Мирзаева унга берилган овозлар сохталаштирилганидан шикоят қилмоқда. Маълум бўлишича, Қарши туманида овозларни санаш жараёнида кўзбўямачиликка йўл қўйилган. 22 декабрда ўтказилган сайлов якунлари бўйича баённома тузиш вақтида ручка билан тўлдирилиши керак бўлган баённомалар қалам билан тўлдирилиб, кейин эса овозлар сонини кўпайтириш ва камайтириш ҳолатлари кузатилган.

– Мен «Миллий тикланиш» демократик партиясидан номзодимни кўрсатган эдим,- дейди Фароғат Мирзаева.
– 22 декабрь куни 2 та сайлов участкасида мен ва партиялардан кўрсатилган бошқа номзодларга овоз бериш жараёнлари бўлиб ўтди. Кузатувчиларнинг айтишича, 184 - сайлов участкасида энг кўп 497 та овоз олиб биринчи бўлдим. Овозлар саналиб қайд этилди. 185-сайлов участкасида эса 157 та овоз берилди. Лекин овозларни санаш жараёнида бу кўрсаткичлар баённомага қалам билан ёзилиб, туман сайлов участкасига олиб борилганда ўзгартирилди. Бунга етарлича асосларим бор, ҳаттоки байёномалар қалам билан белгиланиб тасдиқланди. Бундай кўзбўямачиликнинг кимга кераги бор? Нега овозларни сохталаштириш билан боғлиқ ҳолатни ҳеч ким ўрганмайди?







