Бугун, 8 январь куни ОАВда “Тошкентда ўлиш “қанчага тушади?” Ортиқхўжаев янги қарорни имзолаш арафасида” номли мақола эълон қилинди. Ушбу хабарга нисбатан Тошкент шаҳар ҳокимлиги Матбуот хизмати расмий тушунтириш берди.
Мақолада Тошкент шаҳар ҳокимининг regulation.gov.uz сайти орқали жамоатчилик муҳокамасига қўйилган “Тошкент шаҳри қабристонларида гўр қазиш ва маросим хизматлари учун пуллик хизматлар кўрсатиш тарифларини белгилаш тўғрисида”ги қарори лойиҳаси юзасидан фикрлар билдирилган.
Тошкент шаҳар ҳокимлиги Матбуот хизмати, qalampir.uz сайтидаги мақоланинг сарлавҳаси ва мазмуни жамоатчилик орасида келиб чиқиши мумкин бўлган турли тушунмовчиликларнинг олдини олиш мақсадида, юқоридаги шаҳар ҳокими қарори лойиҳаси, уни ишлаб чиқишнинг қонуний асослари ва қарордан кўзланган мақсадлар бўйича изоҳ беради.
Қарор “Маҳаллий давлат ҳокимияти тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 25-моддасига, “Дафн этиш ва дафн иши тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 15-моддасига, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2011 йил 4 апрелидаги 101-сон қарори билан тасдиқланган “Дафн этиш жойларини сақлаш, улардан фойдаланиш ва қабр усти ёдгорликларини ўрнатиш тартиби тўғрисида”ги Низомнинг 8-бандига асосан ишлаб чиқилган.
Бугунгача айнан шу мазмундаги Тошкент шаҳар ҳокимининг 2015 йил 27 октябрда 924-сонли, 2016 йил 28 январда 74-сонли ҳамда 2018 йил 3 майда 708-сонли қарорлари қабул қилинган.
Пуллик хизматлар кўрсатиш масаласи Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2011 йил 4 апрелидаги 101-сон қарори билан тасдиқланган “Дафн этиш жойларини сақлаш, улардан фойдаланиш ва қабр усти ёдгорликларини ўрнатиш тартиби тўғрисида”ги Низомнинг 8-бандида белгиланган.
Унда гўр қазиш ва маросим хизматлари бўйича ишчиларга эга бўлиш кўрсатилган пуллик хизматлар учун аҳолидан тушган маблағлар ҳисобидан, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари томонидан белгиланадиган тарифлар бўйича амалга оширилиши кўрсатиб ўтилган.
Шунингдек таъкидлаш жоиз, Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги фаолиятини янада такомиллаштиришга доир ташкилий чора-тадбирлар тўғрисида”ги ПҚ-3666-сонли қарорига асосан 2018 йил 1 майдан бошлаб барча норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари лойиҳани ишлаб чиқувчи ташкилотлар томонидан Ўзбекистон Республикаси Ягона интерактив давлат хизматлари порталига жамоатчилик муҳокамаси ўтказилиши учун жойлаштирилиши лозимлиги белгиланган.
Юқоридагилардан келиб чиқиб, ҳамда Тошкент шаҳар Ободонлаштириш бош бошқармаси ҳузуридаги Фуқароларга хизмат кўрсатиш бошқармасининг гўр қазиш ва маросим хизматлари учун ойлик иш ҳақи, тахта ва ёқилғи-мойлаш маҳсулотлари ҳамда бошқа ашёларнинг нархи сезиларли даражада ошиши муносабати билан янги таърифларни белгилаш тўғрисидаги мурожаатига кўра, Тошкент шаҳар ҳокимининг “Тошкент шаҳри қабристонларида гўр қазиш ва маросим хизматлари учун пуллик хизматлар кўрсатиш тарифларини белгилаш тўғрисида”ги қарори лойиҳаси тайёрланган ва regulation.gov.uz сайтига жойлаштирилган.
Тошкент шаҳар ҳокимлиги журналист ва блогерлардан, шунингдек ижтимоий тармоқларнинг фаол иштирокчиларидан давлат ва жамият аҳамиятига молик маълумотлар юзасидан фикр ва мулоҳаза билдиришда, билдирилаётган муносабатнинг ҳуқуқийлик, маданият ва этика нормалари доирасида бўлишига жиддий эътибор қаратишларини сўрайди.






