Бухоро вилоятига 2019 йил давомида ташриф буюрган сайёҳлар сони 3,6 млн нафардан ошди. Бу ҳақда Бухоро вилояти Туризмни ривожлантириш департаменти ахборот хизмати хабар берди. Бунда, хорижий сайёҳлар сони 601 минг нафарни ташкил этиб, бу кўрсатгич 2018 йилга нисбатан 2 баробарга кўпайганидан далолат беради.
Сайёҳларга янада қулай шароитлар яратиш ва хизматлар экспортини кўпайтириш мақсадида меҳмонхоналар, музейлар, кафе-ресторан, савдо шаҳобчалари ва бошқа объектларда хорижий валюта ҳамда халқаро пластик карталардан тўловларни ҳам миллий ҳам хорижий валютани қабул қилиш бўйича 67 та валюта айирбошлаш шахобчалари, 35 та автомотлаштирилган валюта айирбошлаш банкоматлари ўрнатилди.
Бундан ташқари вилоят миқёсида жами 100 дан ортиқ, жумладан Бухоро шаҳрида 72 та янги меҳмонхоналар қурилиш ишлари бошланиб давом этмоқда.
Хорижий ва маҳаллий сармоядорлар билан олиб борилган музокаралар натижасида Бухоро шаҳрида ўн йилдан ортиқ вақт давомида ишламай турган 3 та йирик 480 ўринли “Бухоро-палас”, 390 ўринли “Зарафшон” меҳмонхоналари инвесторларга берилиб, уларда реконструкция ишлари жадаллик билан олиб борилмоқда. Шундан, “Orient Star Hotels” МЧЖга қарашли “Варахша” меҳмонхонаси 2019 йилнинг май ойида ўз фаолиятини бошлади.
Шунингдек, Етти пир зиёратгоҳларига туташ ҳудудларда ҳам 7 та меҳмонхона қуриш учун 1,7 гектар ер участкалари ажратилиб, бу объектларнинг 5 тасида Шофиркон, Вобкент, Когон ва Ромитан туманларидаги Хўжа Али Ромитаний ва Хўжа Муҳаммад Бобои Самосий зиёратгоҳларида қурилиш ишлари якунланиб фойдаланишга топширилди.






