Яқин орада ижтимоий тармоқларда Қўқон шаҳар ФҲДЁ бўлимида содир бўлган ҳолат бўйича мурожаат эълон қилинган бўлиб, унда Халқ банки Қўқон бўлими кассирининг иш вақтида ўз ўрнида бўлмаслиги, “ксерокопия” хизматининг муаммо эканлиги каби ҳолатлар қайд этилган.
Ижтимоий тармоқлардаги мазкур мурожаатга Қўқон шаҳар ҳокимлиги Матбуот хизмати расмий жавоб тақдим этди.
Унга кўра, иш вақтида ўз ўрнида бўлмаган Халқ банки Қўқон бўлимининг чакана амалиётлар кассирига меҳнат қонунчилигига асосан хайфсан берилди.
Қўқон шаҳар ФҲДЁ бўлими замонавий ксерокс билан таъминланди, ксерокопия хизмати эндиликда бепул кўрсатилмоқда.
Қўқон шаҳар ФҲДЁ бўлими раҳбарияти томонидан барча ходимларга фуқароларга хушмуомала бўлиш юзасидан қатъий огоҳлантириш берилди.






