1

Табиатдаги ҳам қўрқинчли ҳам гўзал 35 илон (1-қисм)

ДУНЁ 11.02.2015, 16:09
Табиатдаги ҳам қўрқинчли ҳам гўзал 35 илон (1-қисм)

“Табиат мўжизаларга бой” деб бежизга айтилмайди. Ундаги ҳар бир жонзот ўз вазифасига, ўз кўриниши, ранги ва характерига эга. Баъзилари инсон ҳаёти учун ниҳоятда ҳавфли бироқ барибир уларни кўрганда, инсон Яратганнинг буюк қудратига тасаннолар айтмай илож йўқ. Табиатдаги ана шундай жонзотлардан бири илонлардир. Илонлар ичида заҳарли ва безарарлари мавжуд бўлиб, уларнинг аксарияти тоғлар, чакалакзорлар, ўрмонлар, саҳроларда истиқомат қилади. Айтиш лозимки, ҳар бир мамлакатда илонларнинг маълум бир тури тарқалган бўлиб, уларни бошқа ўлкаларда учратиш қийин. Чунки улар ҳам бошқа кўплаб жониворлар каби, ўзи яшайдиган жойнинг ҳавоси, иқлимига ўрганган бўлади. Бугун эътиборингизга бир қарашда инсонни дахшатга солувчи аммо табиатан гўзал бўлган бир қатор илонларни ҳавола этамиз ва улар билан сизни таништирамиз. Сизга қизиқ бўлади, деган умиддамиз. Фикрларингизни кутамиз.

1. Жеймсон Мамбаси. Чамаси 2 метр узунликкача катта бўладиган бу яшил илоннинг заҳри жуда кучли. У ўз ўлжасини заҳарлагач ўлжа секин аммо, бўғилган ҳолда жон таслим қила бошлайди. Нафас йўлларидада ҳаво етишмаслиги, танадаги қон айланиш системасининг бузилиши унинг муқаррар ўлимига олиб келади. Жеймсон Мамбаси асосан Африкада учрайди.

2. Камалак илон. Бу илон тури Жанубий Африкада яшайди. Амазонка атрофида бундай илонларни кўплаб учратиш мумин. Майда жониворларни ов қилади. Камалак илонлар заҳарли илонлар тоифасига кирмайди, аммо жаҳли чиққан маҳал тишлаши ва ташланиши мумкин.

3. Шоҳ илон. Шоҳ илон деб ном олган бу илон тури Мексика, Техас каби мамлакатларда учрайди.

4. Узум илон. Венесуэлада яшайди. Табиатан гўзаллиги ва зарарсизлиги сабабли кўпинча ҳайвонот боғлари ёки террариумларда сақланади. Албатта, агар чақса ўзингизни бироз ёмон ҳис қиласиз, аммо бу ўлимга олиб келмайди. Энг асосийси вақтида чора кўриш.

5. Узунбурун илон. Шимолий ва Жанубий Америка унинг ватани саналади. Айтиш керакки у ҳам инсон учун бутунлай безарар. Аксинча, у баланд овоздан ёки кутилмаган ҳолатлардан қўрқади. Шундай ҳолатда у оғзидан бадбўй суюқлик сачратади ва жуфтакни ростлаб қолади. 

6. Сариқ семиз илон. Уни яна икки рангли пеламида, деб ҳам аташади. У акваториялардаги шўр денгизда истиқомат қилади. Заҳри ўта ҳавфли. Бу айни турдаги ҳавони териси остига ғамлаб, сув остида ана шу ҳаво орқали ҳаво олувчи ягона илон тури саналади. Сув юзасига жуда камдан-кам чиқади. Асосан денгиз остидаги ўтлар орасида яшайди. 

7. Камалак қалқондум илон. Жанубий Америкада яшовчи жуда кам учрайдиган илон турларидан бири. Айтиш лозимки, шу кунгача бу тур вакилларидан 3 донагина тутиб олинган. Олимлар томонидан унинг ҳаёт тарзи яхши ўрганилмаган. Шу сабабли унинг заҳарли ёки заҳарсиз экани ҳақида бирор нарса дейиш қийин. Қуёш нурида унинг териси зангори кўк ёқут сингари товланади. 

8. Техас илони. Одатда унинг ранги оқ бўлади. Номидан ҳам билиш мумкин, у Техасда ва Мексикада яшайди. Зарарсиз, заҳарли эмас, шу билан бирга у ниҳоятда чиройли. Бу илон тури ҳам кўплаб террариумларда сақланади. 

9. Байдра, каламуш илони. Бу судралиб юрувчи жонивор худди буқаламун каби ўз рангини ўзгартириш хусусиятига эга. Қоялар, каньонларда ин қуради. Бир мартада 5 тадан 15 тагача тухум қўяди. 

10. Маржон ранг альбинос илони. Бу илон ҳам Техасда яшайди. Заҳарли. Унинг териси антиқа нақшлар билан “безатилган”.

11. Маржон ранг илон. Индостан яриморолида учрайди. Заҳарли илонлар турига киради. Калтакесаклар билан озиқланади. 

12. Қизилбош илон. Вьетнам, Малайзия ва Индонейзияда учрайдиган ниҳоятда заҳарли ва ниҳоятда чиройли илон тури. У бошқа илонлар билан озиқланади. Ҳаёти давомида узунлиги 2 метрдан ҳам ошади. 

13. Гилам илон. Замонавий мутахассислар уни Билайн компанияси услубидаги илон, деб ҳам аташар экан. Чунки унинг ранги айнан компания фойдаланадиган сариқ ва қора рангда. Австралия ва Индонейзияда учрайди. Ушбу илон заҳарли эмас, аммо инсонга ташланиши ва бўғиши мумкин. 

14. Меллендорф илони. Меллендорф деб номланувчи бу илон тури Жануби-шарқий Осиёда учрайди.

15. Бўйинбоғли шоҳ илон. Бу илон АҚШ ва Мексикада яшайди. Уларнинг бош қисмидаги ранги кулранг ва оч жигарранг тусда, танасининг охирига келиб эса бу ранглар аста секин қизил ва олов рангларига айланади. 

16. Оддий бўйинбоғли илон. Бу илон тирик туғади. 8-12 ойлик илонлар вояга етган саналади ва улар бир маротабада 8 тадан 62 тагача тирик илончаларни дунёга келтиради. Болаларининг узунлиги 130 дан 220 мм.гача бўлиб, оғирлиги 2 граммни ташкил этади. Ҳомиладорлик даври 67-78 кунни ўз ичига олади.

17. Тикнакли илон. Марказий Африкада яшайди. Ўта заҳарли илонлар синфига киради. У ҳам тирик туғади. 

18. Малай мовий крайт илони. Жануби-шарқий Осиё, Индонейзияда яшайди. Инсон учун ниҳоятда ҳавфли. Аксарият ҳолларда у тишлаган одамлар қилинган муолажалар, заҳарга қарши берилган дориларга қарамай, нобуд бўлган. У тунда ов қиладиган йиртқич илонлар сирасига киради. Шу сабабли уни фақат кечаси учратиш мумкин. 

19.Сут илон. Унинг фандаги номи Lampropeltis triangulum. Шоҳ илонлар туркумига киради. У дунёдаги энг чиройли илонлардан бири саналади. Танасида оқ, қора, қизил ранглар мавжуд. 

20. Зумрад дарахт илони. Бу илон тури дарахтларда яшайди. Шу сабабли ҳам уни Зумрад дарахт илони дейишади. Амазонка, Жанубий Америкада яшайди. Одатда ёш илонлар яшил-сариқ аралаш рангда бўлади. Вояга етган илонлар эса товланувчи яшил тусга киради. Жуда кам ҳаракат қилади. Бир мартада 26 тагача тухум қўяди. Тухумлари очиб чиқмагунча уларнинг атрофини ўраб кулча шаклида ётаверади. 

21. Аспид илони. Бугунги кунда бу илонларнинг 347 тури борлиги аниқланган. Шимолий Америкада кенг тарқалган. Узунлиги 1 метр атрофида. Агар у инсонни чақса, бу ўлим билан якун топади. Илон чақишидан сўнг, инсон танасида ақлга сиғмайдиган ҳодисалар юз беради ва у 7 дақиқа ичида нобуд бўлади. У дунёдаги энг заҳарли илонлардан бири саналади. Айтиш керакки, бундай илонлар дунёда бир нечта ҳолос.

22. Қум эфаси. Осиё ва Африкада учрайди. Ушбу илон ҳам ўта заҳарли. Айтиш керакки, Африкада четларда яшовчи аҳоли орасида айнан мана шу илоннинг заҳри туфайли кўплаб одамлар нобуд бўлади. Узунлиги 75 сантиметргача етади. Ушбу илон тури ҳам тирик туғади. Бир маротабада у 3 тадан 16 тагача узунлиги 10-16 сантиметр бўлган илончаларни дунёга келтириши мумкин.

23. Африка бумсланги. Африкада учрайди. Чиройли ва камёб рангларга эга бўлишига қарамай, ўта заҳарли илон. Узунлиги 2 метргача етади. Олимлар унинг чақишидан сўнг одам 15 дақиқа ичида ўлишини, 1 дақиқадан сўн эса инсонда фалажлик ҳолати юзага келишини аниқлашган. 

24. Зоғора илон. Олимларнинг таъкидлашларича илонлар орасида пушти рангдагилари жуда кам учрайдиган ҳолат саналади. Айнан зоғора илон ана шундай тери рангига эга. У заҳарли эмас, одам учун ҳавфсиз. Айтиш лозимки, унинг болаларининг ранги бироз бошқачароқ бўлиши ҳам мумкин. Масалан пушти-сариқ, пушти-оловранг ва ҳоказо. Бу илон тури ҳам террариумларда сақланади. 

25. Мадагаскар барг илони. Бундай ном уларга бош тузилишининг ғаройиблиги туфайли берилган. Унинг бош қисми баргни эслатади. Табиатда 75-80 тури учрайди.

26. Пайпаслагичли илон. Бу илоннинг бошидаги ўсимталар унга атрофдаги ҳаракатланаётган жонзотларни аниқлашга ёрдам беради. Асосан балиқлар билан озиқланади.

27. Жаннат учар илони. Жануби-ғарбий Осиёда учрайди. Бу илон дарахтдан дарахтга узоқ масофадан учиб сакрай олади. Учиш чоғида унинг танаси икки марта катталашади. 

28. Фил ҳартуми илони. Бошқача номи Яван соқолли илони. Бу илон балиқлар билан озиқланади. У устки қисми силлиқ бўлган балиқлар қийинчиликсиз тутиб ейди. Буришган териси айни ҳолатда унга жуда қўл келади. Аниқланишича, унинг заҳри ҳам жуда ҳавфли. Ушбу илон чаққан кишиларнинг барчаси нобуд бўлган. 

29. Ўргимчак дум илон. Илонларнинг бу тури яқиндагина, 2006 йили кашф этилган. Эроннинг икки провинцияси Илам ва Керманшахда яшаши аниқланган. Уни илк бор кўрган олимлар ҳайратдан ёқа ушлаб қолишганини айтишган. Сабаби, унинг думининг сўнгги қисми худди катта ўргимчакка ўхшайди. Айнан шу нарса унга шундай ном берилишига сабаб бўлган. Бу қушларни овлашда жуда қўл келади. Ўргимчакни ейиш истагидаги қуш ерга қўнади ва шу тобда ўтлар орасида ётган илон чиқиб ўз ўлжасини тутади. 

30. Денгиз япасқидум крайти. Одатда бу балиқлар одамларга улар балиқни овламасликлари учун ташланиши аниқланган. Чунки у фақат балиқ билан озиқланади. У Тинч океанининг Рюко ва Самоа оролларида учрайди. Узунлиги 2 метргача етади. Заҳри ўта ҳавфли. Бу илоннинг заҳрининг 1 томчиси 20 кишини бир неча дақиқада ўлдира олади. 

31. Кўзойнак илон. Бош қисмида икки томонга ўсган қалпоқлари устидаги икки доира шаклидаги кўзойнакни эслатувчи нақш унга шундай ном берилган. Шимоли-шарқий Осиёда учрайди. Ўта заҳарли илон.

32. Кўр илон. Мадагаскарда учрайди. Яқин йиллар ичида ўтказилган тадқиқаотлар уларнинг бутунлай кўр эмаслигини тасдиқлаган. Узунлиги 30 сантиметргача етади. 

33. Буланже узунбурун илони. Лотин тилида Rhynchophis boulengeri деб номланувчи бу илон Вьетнам ва Жанубий Хитойда яшайди. Каламуш ва сичқонлар билан озиқланади.

 

34. Киприкли илон. Лотин тилида у Bothriechis schlegelii деб номланади. Марказий ва ғарбий Американинг тропик ўрмонларида учрайди. Кўриш қобилияти жуда кучли. Бошқа илонлардан кўзлари устидаги қаттиқ ва мустаҳкам киприкларининг борлиги билан фарқ қилади. Киприклар унинг кўзларини ҳимоялаш учун хизмат қилади. 

35. Шоҳ кобраси. Бу илонларнинг чақишидан хатто фил ҳам бир зумда жон беради. Аммо инсонни чаққанда ўлим ҳолати 10 фоизнигина ташкил қилар экан. Бунга сабаб улар ҳавф сезган ҳолатларида чақишдан олдин бир қатор ҳаракатларни амалга оширишади. Масалан, йўлбарс каби бўлмасада, унинг овозига ўхшаш тарзда бақиради, у ёқдан бу ёққа ўтиб, қўрқитишга ҳаракат қилади. Одатда бу илонлар чаққанларида тишларидан заҳар чиқаришмайди, айнан шу сабабли ҳам ўлим ҳолати кам кузатилган. Агар тишлаш вақтида заҳар чиқса бу ўлим билан якун топиши аниқ. 

Шарҳлар

Об-ҳаво: Тошкент
Валюта курси
1